Давид де Хеа ниҳоят шахсий соврин эгасига айланади
May 10, 2018, 10:29 a.m. 6248

«Манчестер Юнайтед» дарвозабони Давид Де Хеа ўз фаолиятида илк марта АПЛда дарвозабонлар учун таъсис этилган «Олтин Қўлқоп» совринини қўлга киритадиган бўлди. Испаниялик посбон сўнгги тўрт йилда энг яхши дарвозабон сифатида рамзий таркибдан жой олиб келган бўлса-да, «Олтин қўлқоп» соврини бироз бошқача кўрсаткичлар ёрдамида ҳисобланади. 

Ушбу соврин мавсум давомида энг кўп ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган дарвозабонга топширилади. «МЮ» дарвозабони шу пайтгача 36 ўйинда майдонга тушиб, 17 учрашувда дарвозасини «қуруқ» сақлади. Унинг энг яқин таъқибчиси, «Манчестер Сити» посбони Эдерсон ҳисобида 16та шундай ўйин бор. Эдерсон кеча «Брайтон»га қарши ўйинда майдонга тушмади ва Де Хеани қувиб ўтиш имкониятини қўлдан чиқарди. Эдерсон яна бир маротаба майдонга тушиши мумкинлигини эътиборга олсак, у Давид Де Хеани қувиб ўта олмайди.

Шу ўринда, Эдерсонда ҳам бу совринни қўлга киритиш имкони борлигини таъкидлаш керак. Мабодо, икки дарвозабон бир хил кўрсаткич қайд этса, ҳар иккисига ҳам «Олтин қўлқоп» топширилиши кўзда тутилган. Аммо қолган икки ўйинидан бирида Де Хеа майдонни гол ўтказмай тарк этса, у совриннинг ягона эгасига айланади. 

«Олтин қўлқоп» соврини  2004/05 йилги мавсумидан бошлаб таъсис этиб келинган ва илк ғолиб «Челси» дарвозабони Петр Чех бўлганди. Чехиялик посбон шунингдек, ушбу совринни икки жамоа таркибида қўлга киритган ягона дарвозабондир. Кейинги йилларда қаторасига уч маротаба соврин «Ливерпуль» дарвозабони Хосе Рейнага насиб этган:

2004/05 – Петр ЧЕХ (Челси)
2005/06 – Хосе РЕЙНА (Ливерпуль)
2006/07 – Хосе РЕЙНА (Ливерпуль)
2007/08 – Хосе РЕЙНА (Ливерпуль)
2008/09 – Эдвин ван дер САР (МЮ)
2009/10 –Петр ЧЕХ (Челси)
2010/11 – Жо ҲАРТ (Манчестер Сити)
2011/12 – Жо ҲАРТ (Манчестер Сити)
2012/13 – Жо ҲАРТ (Манчестер Сити) 
2013/14 – Петр ЧЕХ (Челси), Войцех ШЧЕСНИ (Арсенал)
2014/15 – Жо ҲАРТ (Манчестер Сити)
2015/16 – Петр ЧЕХ (Арсенал)
2016/17 – Тибо КУРТУА (Челси)
2017/18 – Давид Де ХЕА (МЮ), ...