Анонс: Бугун Англияда «ҳаёт-мамот тўқнашуви»
May 8, 2018, 12:45 p.m. 15842

Англия премьер-лигасида чемпион номи аллақачон аниқ бўлса-да, лигада жон сақлаб қолиш ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш давом этмоқда. 

Бугун Уэльсда, «Либерти Стэдиум»да бир неча жамоа тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган қизиқарли учрашув бўлиб ўтади. 
Турнир жадвалида 17-ўринда бораётган «Саутҳемптон» «Суонси» меҳмони бўлади. Уэльсликлар «Саутҳемптон» билан бир хил очко тўплаган ҳолда, 18-ўринда бормоқда. 

Демак, бу ўйин тўғридан-тўғри АПЛда келаси мавсумга ҳам қоладиган жамоа номини аниқлашда энг марказий ўйиндир.

Агар «Саутҳемптон» бугун ғалаба қозонадиган бўлса, амалда лигада қолиш вазифасини бажарди, дейиш ҳам мумкин. Зеро, жамоада тўплар нисбати -19, «Суонси»да эса -26.  Сўнгги турда уэльсликлар «Саутҳемптон»ни қувиб ўтиш учун камида 9 тўп фарқи билан ютишлари керак бўлади. Бу албатта, имконсиз.

Агар «Суонси» ғалаба қозонадиган бўлса, улар ҳам жуда яхши имконият ҳосил қилишади. У ҳолда жамоа охирги турда бир очко олса кифоя қилади. Сўнгги тур ҳам «Либерти»да, лигани аллақачон тарк этиб улгурган «Сток Сити»га қарши кечишини ҳисобга олсак, вазифа у қадар қийин бўлмайди.

Таъкидлаш лозимки, бу ўйин фақат мана шу икки жамоагагина дахл қилмайди. «Вест Бромвич Албион» атиги бир ой олдин умуман имконсиз вазиятда қолган, қаторасига 9 учрашувда мағлуб бўлиб, март ойи охиридаёқ расман АПЛ билан хайрлашиш арафасида турганди. Лекин жамоа «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» каби пешқадамларга қарши ўйинда 7 очко олди, шунингдек, сафарда «Ньюкасл» устидан ғалаба қозонишга эришди. Натижада, назарий томондан бўлса-да, ҳали ҳам лигада қолиш имкониятини сақлаб турибди.

«Суонси» – «Саутҳемптон» ўйинида томонлардан бири ғалаба қозонса, «Вест Бромвич» шу бугуноқ АПЛ билан расман хайрлашади. Ғарбликлар фақат бу ўйинда дуранг қайд этилганда имкониятга эга бўлишади. Агар бугун дуранг бўлиб, сўнгги турда «Суонси» ҳам, «Саутҳемптон» ҳам мағлубиятга учраса, «Вест Бромвич»да уларга етиб олиш имкони туғилади. Шу ўринда, «Вест Бромвич» «Саутҳемптон»нинг сўнгги турда йирик ҳисобда мағлубиятга учрашини кутиши лозим. «Саутҳемптон»нинг 38-турдаги рақиби «Манчестер Сити» экани қайсидир маънода «Вест Бромвич»га умид бағишлар, аммо бошқа тарафдан, «шаҳарликлар» чемпионликни нишонлаб, масалан ўз уйида «Ҳаддерсфилд»га очко тақдим этганини ҳисобга олсак, йирик ҳисоб эҳтимоли жуда кам бўлиши мумкин.

Дарвоқе, «Ҳаддерсфилд» ҳақида. Жамоа ҳозирда 36 очко билан 16-ўринда турибди. Лекин улар ҳам лигада ўрнини сақлаб қолиш учун ҳали тер тўкишларига тўғри келади. Аслида, бугун майдонга тушадиган «Суонси» ҳам, «Саутҳемптон» ҳам якунда лигада ўз ўрниларини сақлаб қолиш имкониятларига эга. Бугунги ўйин қандай натижа билан тугашидан қатъи назар, сўнгги турда ғалаба қозониб, «Ҳаддерсфилд»ни қувиб ўтиш имконияти ҳар икки жамоада ҳам мавжуддир. 

Бунинг учун «Ҳаддерсфилд» кейинги икки ўйинида умуман очко олмаслиги лозим бўлади. Рақиблар – Чемпионлар Лигаси учун курашаётган «Челси» ва Арсен Венгернинг сўнгги ўйинда муносиб кузатиб қўйиш ҳаммасидан ҳам муҳим бўлган «Арсенал». Осон эмас, тўғрими?

Бу ҳақида кейинроқ. Аниқ биламизки, бугун «Либерти»да саф тортадиган «Суонси» ҳам, «Саутҳемптон» ҳам «Ҳаддерсфилд» ҳақида ўйлашгани йўқ. Уларнинг тақдирлари ҳозирча ўз қўлларида ва майдонга тушиб, ғалаба қозониб, сўнгги тур олдидан ушбу кичик турнирнинг фаворитига айланишларини яхши биладилар.

СЎНГГИ ТУРЛАРДАГИ МУҲИМ ЎЙИНЛАР:
8 май. 23:45. «Суонси» – «Саутҳемптон»
9 май. 23:45. «Челси» – «Ҳаддерсфилд»
13 май. 19:00. «Ҳаддерсфилд» – «Арсенал»
13 май. 19:00. «Суонси» – «Сток Сити»
13 май. 19:00. «Саутҳемптон» – «Манчестер Сити»
13 май. 19:00. «Кристал Пэлас» – «Вест Бромвич»