"Сен бўлмасанг бошқаси". "Барселона" учун чемпионлик йўлаги қилинди
May 7, 2018, 4:19 a.m. 7304

"Барселона" ҳамда "Реал Мадрид" ўртасида кечган Ла Лиганинг 36-тур ўйинидан (2:2) сўнг "Камп Ноу"дан каталонияликларнинг мураббийлар штаби ва бошқа ходимлари Примерадаги ғалаба муносабати билан жамоага чемпионлик йўлагини уюштирди. Ушбу чемпионлик йўлаги "Барселона" ҳимоячиси Жерар Пике илтимосига кўра қилинган. Бу ҳақда Marca хабар берди. 

"Барселона" футболчилари кийим алмаштириш хонасига кирмоқчи бўлган вақтда Пике микрофонни олди ва "Улар биз учун чемпионлик йўлакчаси қилишдан бош тортишган бўлса, биз эса бир оила бўлсак, ходимлардан биз майдонни тарк этгунимизча бу ишни биз учун қилишларини сўрайман", – дея илтимос қилган. Шундан сўнг клуб ходимлари икки қатор бўлиб, жамоа футболчиларини қарсаклар билан кийим алмаштириш хонасига кузатиб қўйишган.

Аввалроқ, "Реал Мадрид" бош мураббийи Зинедин Зидан ўз жамоаси "Барселона" учун чемпионлик йўлагини қилмаслигини маълум қилган эди.