Шота Арвеладзе Ўзбекистон ва Туркия президентлари билан учрашди
May 1, 2018, 10:52 a.m. 8789

Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлиб турган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе билан учрашди. Бу ҳақда тошкентликлар расмий сайти хабар тарқатди.

Манба берган маълумотга кўра, кеча, 30 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон - Туркия бизнес форумида иштирок этишган. Унда сўзга чиққан Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзбек ва турк халқлари ўзаро қардош эканлигини эътироф этиб, нутқи давомида саҳнага «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе ва унинг эгизаги Арчил Арвеладзени таклиф этиб, уларни ўзининг яқин инсонлари сифатида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга таништирди.

Маълумот учун, Шота Арвеладзе футболчи сифатида 1993-1997 йилларда Туркиянинг «Трабзонспор» клубида фаолият олиб борган. Кейинчалик мураббийлик фаолиятини бошлагач, 2010-2015 йилларда Туркиянинг турли клубларида бош мураббий сифатида ишлаган. Жумладан у «Қайсариспор» (2010-2012), «Қосимпошо» (2012-2015) ва «Трабзонспор» (2015) жамоаларида бош мураббий сифатида ишлаган. 2017 йилдан бошлаб эса Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи саналади.

Қайд этиб ўтиш жоиз, «Қосимпошо» клуби Ражаб Тоййиб Эрдуған туғилиб ўсган ҳудуд шарафини ҳимоя қилади. Жамоанинг уй стадиони «Ражаб Тоййиб Эрдўған» номи билан аталади ва у 13 500 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади.