«Бунёдкор» яна мағлубиятга учради
April 30, 2018, 8:04 p.m. 5491

Ўзбекистон суперлигасининг 9-туридан ўрин олган учрашувлардан бирида «Қўқон-1912» жамоаси «Бунёдкор»ни қабул қилди.

Ўйиндаги биринчи хавфли вазият меҳмонлар томонидан ташкил этилди. Лекин ундан Миржалол Қосимов шогирдлари унумли фойдалана олишмади. Учрашувнинг 8-дақиқасида эса вакилларимизда яхши имконият вужудга келди. Игорь Тараннинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Тайм ўрталарига келиб устунлик қўқонликлар томонига ўтди. Мезбонлар кетма-кет ҳужум уюштиришди. Бироқ улардан самара келтира олмади. 33-дақиқада бурчак зарбасидан сўнг, ҳисобни очилиши мумкин эди. «Бунёдкор» ҳимоячилари хавфни бартараф этиб қолишди. 

35-дақиқада Собирхўжаев-Тошматов-Ғиёсов комбинациясидан сўнг Хуршиднинг боши билан йўллаган зарбаси дарвоза устунига тегиб майдонни тарк этди. Бу вазиятда ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни ҳам қайд этди. 41-дақиқада Милан Спремода жуда қулай имконият юзага келганди. Бироқ сербиялик ўйинчининг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Легионер ҳужумчи бу ҳолатда дарвозабон билан деярли бирга-бир вазиятга чиқиб борганди.

50-дақиқада рақиб дарвозаси олдида навбатдаги хавфли вазият вужудга келди. Суҳроб Бердиевнинг кучли зарбасини Мурод Зуҳуров катта қийинчилик билан қайтариб қолди. 56-дақиқада жарима майдончаси ичига оширилган тўпни Дарко Гожкович боши билан рақиб дарвозаси томон йўллади. Бироқ зарбага бироз аниқлик етишмади. 72-дақиқада меҳмонлар ҳисобни очишлари мумкин эди. Ўткир Юсуповнинг маҳорати жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди. 76-дақиқада қарши ҳужумдан сўнг Филип Раевац яқин масофадан боши билан аниқ зарба йўллаганди дарвозабонимиз яна ўзини кўрсатди. 80-дақиқада Носир Отақўзиевнинг боши билан берган зарбасини Зуҳуров қайтариб қолганди. Кейинги ҳужумда эса ҳисобни очилди. Айнан Носир Отақўзиев ҳимоядаги пала-партишликдан унумли фойдаланди. Ўйин сўнггига қадар ҳисоб ўзгармади ва мезбонлар муҳим ғалабани қўлга киритди. 

Ушбу ғалабадан «Қўқон» ҳисобидаги очколар сони 13тага етди ва жамоа 5-ўринга кўтарилиб олди. «Бунёдкор» эса 16 очко билан 3-поғонада қолди.

Ўзбекистон Суперлигаси
9-тур

«Қўқон-1912» – «Бунёдкор» 1:0 (0:0)
Гол: Носирбек Отақўзиев (80).
«Қўқон-1912»: 1. Ўткир Юсупов, 7. Жамшид Ҳасанов, 10. Жавоҳир Сидиқов (5. Ғиёс Комилов, 90), 15. Ойбек Рустамов, 17. Қувондиқ Рўзиев, 19. Суҳроб Бердиев (9. Носирбек Отақўзиев, 75), 23. Александр Мерзляков, 29. Игорь Таран (96. Муҳаммаданас Ҳасанов, 56), 55. Дарко Гожкович, 65. Марко Милич, 95. Милан Спремо.
«Бунёдкор»: 25. Муроджон Зуҳуров, 2. Рустамжон Ашурматов, 4. Акрамжон Комилов (9. Шаҳзодбек Нурматов, 45), 3. Исломжон Қобилов, 28. Давронбек Умиров, 11. Муроджон Тошматов, 18. Сардор Собирхўжаев, 20. Мирғиёс Сулаймонов, 30. Хуршид Ғиёсов (21. Расул Юлдошев, 88), 44. Миржамол Қосимов, 99. Филип Раевац (62. Жаҳонгирбек Абдусаломов, 90+1).
Огоҳлантиришлар: Филип Раевац (34), Ислом Қобилов (62).