Тугади! «Арсенал» энди Венгерсиз давом этади
April 20, 2018, 2:06 p.m. 16641

«Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер мавсум якунида жамоадан кетишини маълум қилди.

«Узоқ ўйланишлар ва клуб раҳбарияти билан олиб борилган музокаралардан сўнг ушбу мавсум якунланганидан кейин жамоадан кетиш вақтим келганини ҳис қилдим.

Узоқ йиллар давомида шундай буюк клубни бошқарганимдан миннатдорман. Клубга садоқат ва ҳалоллик билан ишладим. Мухлисларимга, футболчиларга, катта раҳмат айтмоқчиман. Жамоанинг ашаддий фанатларига эса фаолиятимни юқори даражада тугатишимга замин яратиб беришларини сўраб қоламан», - дея Венгернинг сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.

Франциялик ушбу мутахассис «Арсенал»ни 1996 йилдан буён бошқариб келади. У ўтган вақт давомида клуб билан жами 17 соврин ютди, шундан 3таси Англия чемпионлиги (1998, 2002, 2004), 7та Англия Кубоги (1998, 2002, 2003, 2005, 2014, 2015, 2017) ва 7та Англия Суперкубоги (1998, 1999, 2002, 2004, 2014, 2015, 2017). У Англия премьер-лигасида ўйин ўтказиш бўйича рекорд ўрнатди - у жамоасини АПЛнинг 823 ўйинида майдонга бошлаб тушди. У бу борада «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ устози Алекс Фергюсонни (810) ортда қолдирган.

22 йиллик фаолияти давомида у «Арсенал» билан барча мусобақалар доирасида жами 1228 ўйин ўтказди, шундан 704тасида ғалаба қозонилди. Жамоа 20 марта Чемпионлар лигасида иштирок этди, фақат бир марта, 2005-2006 йилги мавсумда финалда ўйнади ва «Барселона»га мағлуб бўлди.