«Майнц» - «Фрайбург» учрашувида футбол тарихида кузатилмаган ҳолат рўй берди
April 17, 2018, 8:48 a.m. 5784

Германия чемпионатининг 30-туридан ўрин олган “Майнц” ва “Фрайбург” жамоалари ўртасидаги учрашув бош ҳаками Гвидо Винкман ҳакамларга видеоёрдам тизими (VAR) эвазига 1-бўлим якунлангандан 5 дақиқа ўтгач пенальти белгилади.

Ўйинчилар ечиниш хоналарига йўл олганларидан кейин, ҳакам 1-бўлим охирида амалга оширилган ҳужум видеоёзувини кўздан кечириб, “Фрайбург” жарима майдонида қоида бузилганини кўрган. Шундан кейин у трибуна ости хоналарига кетган жамоаларни майдонга қайтариб, пенальтини амалга оширишни буюрган. 11 метрлик жарима тўпини Пабло де Бласис бехато амалга оширган.  Учрашув “Майнц”нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. 2-бўлимнинг 79-дақиқасида де Бласис ўз ҳисобига яна битта голни ёзиб қўйган.
 

Аввалроқ ФИФА VAR тизимининг 2018 йилги жаҳон чемпионатида қўлланишини расман тасдиқлаганди. Тизим синов режимида етакчи бўлмаган чемпионатларда, мисол учун, Италия чемпионатининг 2-дивизионида 2 йиллик синов муддатига жорий қилинганди. Тизим, шунингдек, Японияда ўтган 2016 йилги клублараро жаҳон чемпионати ва Россияда ўтган Конфедерациялар кубогида синовдан ўтказилган. Ушбу тизим Германия бундеслигасида жорий мавсумдан қўллана бошланган.