«Реал»дек ўйнаш керак эдими? Хайрулла Ҳамидовдан жавоб
April 12, 2018, 4:36 p.m. 28971

Қаҳрамон Аслановнинг «Адолат ва кайфият» деган мақоласи ёқди. Доимгидек илғаш мушкул бўлган кўп жиҳатларни очиб берган. Мен мақолада эсланмаган бошқа бир ҳолат ҳақида қўшимча қилмоқчиман.

«Ювентус»га шляпалар ечилмоқда, қўшиламан, унинг ўз уйида йирик ҳисобда ютқазиб, Мадридда ўша ҳисобни йўққа чиқара олгани-да таҳсинга лойиқ. Бу ишни ҳеч ким қилмагани ҳам айтиб ўтилди. Лекин бу вазиятда «Ювентус» бор кучини ва қувватини фақат 3:0 қила олишга сарфлагани маълум бўлиб қолди. «Реал» бир кун аввал Римда йирик ҳисобдаги устунликни мағлубиятга айлантириб олган «Барселона»нинг ҳолатига тушиб қолишини тахминан сезган бўлса-да, воқеъликда Турин клубидан ўйин аввалидаги шиддатни кутмаганди. Бунақа очиқ ҳужум билан бошлашига ишонмаган «Юве»нинг.

Қараса, шундай бошлади. Буёғига мадридликлар худди «Барса» сингари тақдир измидан истамайгина юришни бошлашди. Характерини кўрсатишга кеч эди энди. Бу кўп кузатиладиган ҳолат. Ҳисоб 0:3 кўриниш олгунча кутилган ишни қилди: зарбалари ноаниқ бўлди, аниқларини Буффон қайтараверди.

Эътиборимни тортган жиҳат, тақдир измида кетаётган икки жамоа 0:3 деган чизиққа келгач, тўхтаб қолишгани бўлди. Чунки, бу ҳудуддан нарисини «Ювентус» ўйлаб кўрмагани билиниб қолди. «Реал» эса, ана энди ўзининг ҳудудига кирганди.

Мадрид жамоаси пенальтидан гол ургани бошқа масала, асосий нуқта «Реал»нинг сўнгги дақиқаларда ўзига бўлган ишончида. У ўша ҳудудда ҳеч кимдан қўрқмаслигида. Ўша манзилга етиб олса бўлгани, буёғига ўзига бўлган ишончни қайтара олишида. Рақиб ҳам худди келишилгандек, ўша чизиқдан ўтгач буткул ўзгаришида.

Кеча «Ювентус» учинчи голини ургунича важоҳатли бўлгани ва шундан сўнг нима қилишни ўйлаб кўрмагани сўнгги дақиқаларда яққол сезилиб қолди. Ваҳоланки, 4-гол «Ювентус» учун учта голдан кўра муҳимроқ эди, мадридликлар бу голга икки гол билан жавоб беришлари шарт бўлиб қоларди. Бу масалада Аллегри жамоа билан иш олиб бормаганига, менимча, учта голни уришнинг ўзи буюк қаҳрамонлик саналиши сабаб бўлган. Аввал шуни эплаб олайлик-чи, уёғига кўрармиз, дейишган чоғи.

«Реал» овертаймга рози бўлмай, тинмасдан ҳужум қилишни бошлаганида, мен ўйлайманки, ювечилар чўчишни, реалчилар ғалабага ишонишни бошлашди. «Юве» учинчи голини охирги дақиқаларда урганида, «Реал» нисбатан ҳеч нарсага улгура олмасди, аммо шунда ҳам овертаймда рақибни қийнаган бўларди, деб ўйладим ўзим. Аммо туринликлар ҳисоб тенглаштирувчи голни сал барвақт уриб қўйишди ва ўша сониядан бошлаб «тўртинчи голга ўтишимиз керакми ё шу ҳисобни ушлашимиз?» деган аросат майдонида қолиб кетишди. Шу голгача ўзига кела олмаётган «Реал»га эса, айнан шу гол керак эди. Улар ўзига келишди ва ҳисобдаги устунлигу, рақибнинг шижоатини унутди. Ўз ишини, ҳар доимги ишини бажаришга тушди.

Тўғри, ғалаба тўпининг пенальтидан, сўнгги сонияларда, бунинг устига Буффоннинг қизил карточка олиб майдонни тарк этишидан сўнг киритилгани яхши бўлмади. Аммо бу голнинг туғилишига ҳакамнинг таъсиридан кўра, мен кўпроқ «Реал»нинг сўнгги дақиқалардаги штурмлари таъсир қилди, деган бўлардим.

Ўз уйида 0:3 ҳисобида енгилган клубнинг рақиб уйига бориб худди шунча гол уриб ҳисобни тенглаштира олгани катта матонат, тан оламан, бироқ, «Ювентус» мана шу «ўзига келиб олиши» учун бир ҳафта олганини, «Реал» эса, ҳисоб тенглашгач ҳужумлар ёмғирини бошлаши учун қандайдир дақиқалар олганини унутмаслигимиз керак. Менимча, «Реал»га қийинроқ эди. Чунки бир кун олдин камбэклар қаҳрамони Каталония жамоаси ҳам худди шу ҳудудда нима қиларини билмай қолганини кўрдик, яъни ўйин бошидан охирига қадар ўзгара олмади.

Қаҳрамон Аслановнинг мақоласи «Реал»га ўхшаб ўйнаманг, деб тугаган бўлса, мен бошқача тугатаман: Учинчи голга қадар «Реал»га ўхшаб ўйнаманг, аммо бу ҳодиса бошингизга тушиб қолгудек бўлса, қолган дақиқаларда фақат «Реал»дан ўрнак олинг! 

Хайрулла Ҳамидов