Чемпионлар Лигаси тарихидаги инфаркт қиладиган 8та якун
April 12, 2018, 12:56 p.m. 15053

Чемпионлар Лигаси чоракфиналидан ўрин олган «Реал» - «Ювентус» қарама-қаршилиги тақдирини сўнгги дақиқада белгиланган пенальти ҳал қилди.

Россиянинг «Чемпионат» нашри мусобақа тарихида юз берган шунга ўхшаш ва юрак хуружи билан якун топиши мумкин бўлган ўйинларни санаб ўтди.

1998/99 мавсуми. Финал. «Манчестер Юнайтед» – «Бавария» – 2:1
Голлар:
Шерингем, 90+1, Сульшер, 90+3 – Баслер, 6

Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг асосий драма. Франц Беккенбауэр 90-дақиқада VIP ложани тарк этиб, лифтда пастга тушгани, майдонга чиқиб келганида эса таблода 1:0 ўрнига 1:2 ҳисоби порлаб турганини кўриб, уни бузилиб қолган деб ўйлаганини гапириб берган эди.

Аслида, мюнхенлик олифталар ўйинда кўплаб вазиятлардан қўлдан чиқаришди, «Юнайтед» эса сўнгги дақиқаларда бурчак зарбасидан сўнг 2та имкониятдан фойдаланиб қолди. Шерингем жарима майдонидаги пала-партишликдан сўнг, тўпни дарвозага тўғрилаб қўйган, Уле-Гуннар Сульшер эса кейинги дақиқада ғалаба келтирувчи голни урган эди.

1999/2000 мавсуми. 1/4 финал. «Бавария» – «Порту» 2:1
Голлар:
Пауло Сержио, 15, Линке, 90+2 – Жардел, 90

Чемпионлар Лигасининг кейинги мавсуми чоракфиналида «Бавария» ўз майдонида «Порту»ни (дастлабки ўйин – 1:1) қабул қилиб, Марио Жардел зарбасидан сўнг, 90-дақиқада гол ўтказиб юборганди. Бироқ, шу заҳотиёқ 
Томас Линке голи эвазига ғалабани қўлга киритди. Яримфиналда эса «Реал» тўсиғидан ўтолмади.

2004/05 мавсуми. Финал. «Ливерпуль» – «Милан» – 3:3, пен. 3:2 
Голлар:
Жеррард, 54, Шмицер, 56, Алонсо, 60 – Мальдини, 1, Креспо, 39, 44

Чемпионлар Лигасининг яна бир афсонавий финали. Биринчи бўлимдан сўнг, 0:3 ҳисобида орқада бораётган «Ливерпуль» 15 дақиқа ичида вазиятни ўзгартириб юборди. Қўшимча вақтларда ҳар иккала жамоа ҳам ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Бироқ, пенальтилар сериясида «Ливерпуль» дарвозабон Ежи Дудек қаҳрамонлиги туфайли зафар қучди.

2008/09 мавсуми. 1/2 финал. «Челси» – «Барселона» – 1:1
Голлар:
Эссьен, 9 – Иньеста, 90+3

«Стэмфорд Бриж»даги драма, унда ҳар кимнинг ўз қаҳрамони бор. «Челси» фанатлари учун ўйиннинг асосий фигураси - бош ҳакам Том Ҳеннинг Эвребе. У «Барселона» дарвозасига иккита ёки учта пенальти қўйиб бермаган. Умуман олганда, шу қадар ёмон ишлаганки, ҳозиргача уйига ўқ солинган конвертлар келмоқда. Шундай ҳакамлик қилинса-да, «Челси» 93-дақиқагача 1:0 ҳисобида олдинда эди. Бироқ, Андрес Иньеста узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди ва жамоасини финалга олиб чиқди. Унда каталонияликлар «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритишди.

2012/13 мавсуми. 1/4 финал. «Боруссия» Д – «Малага» – 3:2
Голлар:
Левандовски, 40, Ройс, 90+1, Сантана, 90+3 – Хоакин, 25, Элизеу, 82

Мануэль Пеллегрини қўл остидаги «Малага» 90-дақиқада 2:1 ҳисобида олдинда бораётган ва яримфиналдан бир қадам масофада эди. Бироқ, Юрген Клопп шогирдлари жуда катта куч билан ҳужумга отланиб, сўнгги 2 дақиқада 2та гол урдилар. Натижада, «Боруссия» Д кейинги босқич йўлланмасини илиб кетди.

2013/14 мавсуми. Финал. «Реал» – «Атлетико» – 4:1 (қўшимча вақтдан сўнг)
Голлар:
Рамос, 90+3, Бэйл, 110, Марсело, 118, Роналду, 120 – Годин, 36

«Атлетико» Чемпионлар Лигаси финалида номдор рақибини ўз услубида ўлдираётган эди. 93-дақиқада «Реал» сўнгги бурчак зарбасини амалга оширди ва Рамос уни голга айлантириб, ҳисобни тенглаштира олди. Натижада «Реал» ўйинни қўшимча вақтларга кўчирди ва чарчаб қолган «Атлетико»ни яна уч марта хафа қилди.

2016/17 мавсуми. 1/8 финал. «Барселона» – «Пари Сен-Жермен» – 6:1
Голлар:
Суарес, 3, Курзава (автогол), 40, Месси, 50, Неймар, 88, 90+1, Роберто, 90+5 – Кавани, 62

Бу ўйиннинг қаҳрамони ким бўлгани ҳақида чексиз баҳслашиш мумкин. Балки у «ПСЖ» клубига ўтишдан 6 ой олдин ажойиб ўйин намойиш қилган Неймардир? Балки 95-дақиқада керакли жойга етиб борган Сержи Робертодир? Балки «ПСЖ»ни шахсан кўмиб юборган бош ҳакам Дениз Айтекиндир? Хуллас, барча омиллар бирлашиб, Чемпионлар Лигаси тарихидаги энг зўр камбэкка айланди.

«Барселона» Парижда 0:4 ҳисобида ютқазган эди. Ўз майдонида, 88-дақиқада 3:1 ҳисобида олдинда, бироқ, кейинги босқичга чиқишга лойиқ ўйин намойиш этмаётганди... Аммо, қолган дақиқаларда яна учта гол уриб, ғалабани илиб кетди.

2017/18 мавсуми. «Реал» – «Ювентус» – 1:3
Голлар:
Роналду, 90+7 пен – Манжукич, 2, 37, Матюиди, 60

Бу ўйин ҳам Чемпионлар Лигаси олтин коллекциясидан жой олди. «Ювентус» ўз майдонида 0:3 ҳисобида ютқазганидан сўнг, имкониятлари жуда паст баҳоланаётганди. Аммо, Мадридда жамоа учта гол уришга муваффақ бўлди ва қарама-қаршиликдаги ҳисобни тенглаштирди.

Ўйин овертаймга яқинлашаётганида, тўп жарима майдонига оширилди. Криштиану Роналду уни Васкесга етказди. Бенатия эса тўпни қайтараман деб, уни туртиб юборди. Натижада, бош ҳакам пенальти белгилади, ўзи билан қаттиқ тортишиб қолган Буффонни эса майдондан четлатди. Криштиану Роналду пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасини яримфиналга олиб чиқди.