«Бу зарбаларни жонли кўролмадик». МТРК боксга қаршими?
April 9, 2018, 4:22 p.m. 3976

Ўзбекистонда спорт ҳақида гап кетганда мухлислар қамрови бўйича иккита турни кўрсатиш мумкин. Биринчиси футбол бўлса, иккинчиси бокс. Учинчи спорт турини ишонч билан айта олмайсиз. Чунки бу икки спорт турининг оммавийлиги олдида бошқалари яқин кела олмаслиги кундек равшан.

Лекин буни МТРКдагилар билмайдиган кўринади. Ёки билишса ҳам, билмасликка олишар, униси қоронғу. Нега бирдан телевидениега ташланиб қолдинг, деманг. Мухлисларнинг ичида алами қолиб кетган...

7 апрель куни WSB йўналишида мусобақада иштирок этаётган Uzbek Tigers гуруҳдаги ҳал қилувчи сўнгги икки учрашувини ўтказди. Термизда бўлиб ўтган жангларни кўплаб мухлислар орзиқиб кутганди. Аксар мухлислар жангни телевидение орқали жонли томоша қилишни исташганди. Йўқ. МТРК мухлисларнинг қизиқишларини ҳисобга олиб ўтиргани йўқ. Жанглар жонли трансляция қилинмади.

Афсуски, бу биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас, Uzbek Tigers‘нинг Колумбия жамоасига қарши жанглари ҳам тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмаганди. Тўғри айтишингиз мумкин, ўша вақтлари футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ўйинлари бўлиб ўтаётганди, футбол исталган спорт туридан оммавий туради, деб. Мен ҳам футбол қўйилишига қарши эмасман. Футболни боксдан кам яхши кўрмайман. Лекин МТРК трансляциялар бир вақтга тўғри келганда, қанча каналлари бор, ўшалардан фойдаланган-ку, неча марта кўрганмиз UzHD каналида футбол ёки бошқа спорт трансляциялари кетганини. Дастурни ўзгартириб бўлмайди, дейишар балки. Лекин жанглар, футболлар муддати анча олдиндан маълум эди-ку? Бу баҳона бўла олмайди, демак. Лекин баҳона бўлганида бир мисолни эслатиб қўяйлик. Бир вақтлари Константин Генич Ўзбекистон терма жамоаси ўйинини шарҳлагани келганида канал тополмай қолган МТРК ўйинни «Оилавий» каналидан кўрсатганди. Ўша куннинг ўзидаёқ. Лекин ўшанда ҳеч ким ўзгартириб бўлмас дастурлар ҳақида айтмаган.

Кечирасизу, ўша ўзгартириб бўлмас дастурларингизни деярли ҳеч ким кўрмай ҳам қўйган. Ҳўв бирда сўровнома ўтказишганда кўрганмиз. МТРК каналларининг бирортаси тайинли овоз тўплай олмаганди. Чунки, бугунги шароитда томошабинга ўзини қаноатлантирадиган маҳсулотни излаб топиш учун таклиф кўп. Рақобат кўп. Қарийб ҳеч ким бир-бирига эгизакдек ўхшаш кўрсатувларни кўриб ўтирмайди. Кўрса, Спорт каналини кўради. Футбол кўради, бокс кўради. Қолганини хусусий каналдан топиб олади. Шундай паллада телеканал мавзусидан вақтинчалик (бокс ҳар куни, ёки ҳар ҳафта бўлаётгани йўқ-ку) бўлса-да, четлаб истисно қилиб турса фақат ва фақат ютган бўларди.

Майли, тўғридан-тўғри олиб беришмаганига ҳам кўнгандик. Интернет тармоқларидан натижани билиб олган бўлсак-да, кўз билан кўрган яхши деб бокс вақтини суриштирдим. Ишонинг, томирларим тортишиб қолди. Нима эмиш, жанглар 9 апрелга ўтар кечаси соат 01:55да намойиш этилармиш. Эртасига душанба оғир иш куни кутиб турган қайси нормал одам бу вақтда телевизор кўриши мумкин? Тасаввур қилиб кўринг. Соат иккида боксни такрор бўлса ҳам беришини кутиб ўтиришингиз керак. Эртага қанақа ҳолатда ишга боришингиз тасаввур қилаверинг. Бунда ҳали чироқ барқарор ёниб турадиган жойларни назарда тутдик...

Бугунги рақобат ўта жиддий бўлган вазиятда илдамроқ, тезроқ ҳаракат қилмасанг, луқмани бошқаси илиб кетиши мумкин. Футбол бўйича жаҳон чемпионати трансляциясини сотиб олиш бўйича ҳам нималар бўлаётгани ўқидик. Бутун бошли Спорт канали бор МТРКни футболга мутлақо алоқаси бўлмаган хусусий канал рақобатда ютиб кетиши мумкин. Чунки улар ҳам бу мусобақанинг қанчалик оммавийлигини, бизнес учун ҳам яхши лойиҳа эканини яхши билишади. МТРК эса эса ўзида бор имкониятлардан ҳам фойдаланмай ўтирибди. Бу билан ЖЧ-2018ни WSB жангларига тенглаштирмоқчи эмасман. Шунчаки яна бир оммавий қизиқиш уйғотадиган тадбирни ёритиш имконияти бўлиб турганда, бунга совуққонлик билан қараш, ҳозир майдадек кўринган бу масала, кейинчалик катта бўлиб кетиши мумкинлигини айтмоқчиман холос.

Оддий ўзбек мухлиси футбол билан бирга Бектемирнинг нокаутини, Баҳодирнинг даҳшатли зарбасини жонли кўргиси келади. Уларни ТВ қаршисида бўлсада, қўллаб-қувватлашни истайди. Мухлисни, томошабинни имконият бўла туриб, бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш уят аслида.

Азим Абдусаломов