Ўзбекистон телеканаллари учун Жаҳон чемпионати трансляцияси нархи қанчага тушади?
April 6, 2018, 5:27 p.m. 16402

Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати ўйинларини трансляцияси ҳуқуқини Марказий Осиё давлатларида трансляция қилиш нархи 800 минг долларни ташкил қилади. Бу ҳақда Tribuna.Uz манбаси маълумот берди.

Гап шундаки, ЖЧ трансляцияси ҳуқуқига эгалик қилувчи ФИФА ташкилоти уни сотишда давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи, футболга бўлган қизиқиши, аҳоли сони, мусобақанинг оммавийлиги ва ҳаттоки телеканалларнинг рекламадан кўриши мумкин бўлган фойдаси, умуман барча деталларни ҳисобга олган ҳолда махсус минтақаларни аниқлаб олади ва уларга нарх белгилайди. ФИФА шу мақсадда юқоридаги барча критерияларни ҳисобга олган ва Жаҳон чемпионати ўйинларини трансляциясини Марказий Осиёга алоҳида пакет кўринишида сотади. Ана шу тўлиқ пакет 800 минг долларни ташкил қилади.

Қизиқ томони бунда битта мамлакатдан бутун бошли пакетни бир компания сотиб олиши мумкин. Маълумотларга кўра, ҳозиргача ЖЧ-2018 ўйинларини сотиб олиш таклифини Марказий Осиё мамлакатларидан фақатгина Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари билдиришган. Бунда икки давлат 800 минг долларни ўртада бўлиб тўлаши мумкин бўлади. Яъни 400 минг доллардан тушади. Агар Тожикистон, қирғизистон ва Туркманистон телекомпаниялари ҳам мусобақани сотиб олиш учун таклиф юборадиган бўлса, бу нарх янада арзонлашади. Яъни 800 минг доллар умумий сумма, таклиф тушган мамлакатлар ўртасида тенг тақсимланади. Агар 5та давлат ҳам ўйинларни сотиб олиш бўйича таклиф берса, Ўзбекистонда ЖЧ трансляциясини сотиб оладиган компания учун бу пакет 160 минг долларгача (энг минимал нарх) тушиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Zo'r TV ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ЖЧ-2018 трансляциясини сотиб олиш бўйича ҳаракатларни бошлагани ҳақида хабар берилганди.