Мундиални кутиб. Таништирув: Исландия
March 30, 2018, 3:29 p.m. 4520

«Tribuna.Uz» сайти 2018 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиларини таништиришда давом этади. Бугун эътиборингизни Исландияга қаратамиз.

ИСЛАНДИЯ:
Мустақиллиги: 1 декабрь 1918 йил
Расмий тили: исланд тили
Пойтахти: Рейкявик
Бошқарув тизими: Парламент республикаси
Аҳолиси: 322 минг (дунёда 172-ўрин)
Валюта: исланд кронаси

ТЕРМА ЖАМОА:

Лақаби: «Бизнинг йигитлар»
Конфедерация: УЕФА
Бош мураббий: Хаймир Хадлгримссон
Жамоа сардори: Арон Гуннарсон
Энг кўп ўйин ўтказган: Рунар Кристинсон (104)
Энг кўп гол урган: Эйдур Гудйонсен (26)
ФИФА рейтингидаги ўрни: 18 (15 март ҳолатига)
Энг йирик ғалабаси: Мальта - 5:0 (2000)
Энг йирик мағлубияти: Дания - 2:14 (1967)
Европа чемпионати: Чорак финал (2016)
Жаҳон чемпионати: Илк марта қатнашади

Сўнгги икки йилда Исландия ҳақида гапирмаган одам қолмаган бўлса керак. Футболдаги муваффақиятларни мамлакат салоҳияти, аҳолиси ва бошқа устунликлари билан боғлайдиган таҳлилчиларнинг тиллари кишанланди, аҳоли сони бўйича Ўзбекистоннинг ўртача туманига яқин бўлган Исландия Европанинг энг кучли саккиз жамоасидан бирига айланди, дунё терма жамоалар рейтингизда 18-ўринга кўтарилди. Бундай натижаларга қандай эришилгани ҳақида қуйида ўқийсиз.

ТАРИХИ
Исландия 2016 йилги Европа чемпионатигача ҳеч қачон бирор йирик турнирнинг финал босқичига чиқа олмаганди. Нисбатан олганда улар учун энг муваффақиятли саралаш босқичи Евро-2004 да содир бўлганди. Ўшанда Асгейр Сигурвинссон шогирдлари сўнгги турда ҳатто гуруҳ ғолиблиги учун имкониятни сақлаб туришганди. Аммо бунинг учун Исландия немисларни ютиши лозим ва ўз навбатида Шотландия терма жамоаси ғалаба қозона олмаслиги шарт эди. Германия қаҳрамонларимиз устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, гуруҳ ғолиби бўлди, параллел ўйинда эса, Шотландиянинг Литва устидан ғалабаси Исландияни гуруҳда учинчи ўринга тушириб юборди. Ўша циклда ЖЧ финалчиси Германия билан Рейкявикдаги 0:0 ҳисоби бутун Исландия учун ҳақиқий байрам бўлиб кетганди.

Аммо Исландия тарихида бундан ҳам қадрлироқ 0:0 бор. Тўғри, рақиб Қозоғистон эди, лекин 2015 йилнинг 6 сентябридаги бу дуранг Исландияни саралаш гуруҳи ғолибига айлантирган ва тарихида илк бор Европа чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини берганди.

Бундай катта муваффақиятнинг сабабини турнирдаги иштирокчилар сонини ошиши билан боғлаган кўпчилик ўтган мана шу икки йил ичида икки марта тилларини тишлашди. Биринчиси, исландлар Франция майдонларида ҳам юришни давом эттириб, ҳатто Англия устидан ғалаба қозонганларида содир бўлганди, иккинчиси эса, худди шу исландларнинг энди бу сафар Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини ҳам муваффақиятли босиб ўтганларида рўй берди - Хорватия, Украина, Туркия каби кучли терма жамоалардан иборат гуруҳда Исландия 10 учрашувнинг 7тасида ғалаба қозонди ва яна гуруҳ ғолиби бўлди.   

Аслида, тўрт йил олдин ҳам Исландия йўлланмага яқин келганди. Эсингизда бўлса, ўшанда Ларс Лагербек қўл остида ҳаракат қилган жамоа саралашнинг плей-офф босқичигача борган ва у ерда хорватлардан икки ўйин натижасига кўра мағлуб бўлишганди.

СПОРТДАГИ МУВАФФАҚИЯТНИНГ ГАРОВИ - СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ. ЁКИ ТЕСКАРИСИ

Йигирма йил олдин Исландияда футболни ривожлантириш лойиҳаси ишга туширилди. Бу лойиҳа профессионал клубларга пул тикиш ёки турли баландпарвоз харидлар билан эмас, болалар футболига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш орқали йўлга тушишни кўзда тутарди (Исландия лигасидаги аҳвол ўша-ўша ўзгармаган, камтарона, масалан, терма жамоа мураббийи Хадльримсон ярим ставка стоматолог бўлиш ишлайди).

Бир қараганда бу дастурда ҳайратланарли ҳеч нарса йўқ:

1) Турли футбол манежлари ва сунъий қопламали очиқ ва ёпиқ майдонлар қуриш. Эндиликда кичкинагина Исландияда 10дан ортиқ ўзига хос «Футбол уйлари» мавжуд бўлиб, турли мавсумларда ҳам ўйнаш мумкин бўлган 30та ёпиқ майдонлар ва 150та сунъий қопламали стадионлар бор. Сон жиҳатдан мажмуалар сони беш баробардан кўпроқ миқдорда ошган. 

2) Мураббийларни тайёрлаш учун инвестициялар. 2000-йиллар бошида футболчиларни асосан оталари шуғуллантирар эди, энди эса, 10 ёшли болага мураббийлик қилиш учун А ва В лицензиялари талаб қилинади. Ҳозирда мамлакатда 848 нафар мана шундай малакадаги мураббийлар бор. Яъни ҳар 389 нафар исландияликка бир нафар юқори тоифали футбол мураббийи тўғри келади. Таққослаш учун, Англияда ҳар 5 минг кишига бир нафар УЕФА лицензиясидаги мураббий тўғри келади.

Шу даврда мамлакатнинг умумий ижтимоий ҳолати ҳам, спортга бўлган муносабати ҳам кескин ўзгарган. Оддий мисол, 2016 йилда Исландиядаги спиртли ичимлик ичувчи ўсмирлар нисбати 42 фоиздан 5 фоизга, чекувчилар 23 фоиздан 3 фоизга тушган. Ҳафтада камида тўрт маҳал спорт билан мунтазам шуғулланадиган ёшлар сони 24 фоиздан 42 фоизгача кўтарилди. Бу рақамлар мамлакатда спорт соҳасидаги муваффақиятлар соғлом турмуш тарзининг ўсишига қай даражада таъсир эта олишини ҳам исботлайди.

БУГУНГИ ИСЛАНДИЯ

Терма жамоа мураббийи Хаймир Хадлгримссон ҳисобланади. У 2011 йилдан буён жамоа билан бирга. Шерик билан ишлашни ёқтирадиган Ларс Лагербекнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Хаймирнинг Евро-2016 даги муваффақиятларда ҳам ҳиссаси катта. Ўтган йилнинг бошларида Лагербекка Норвегия терма жамоасидан таклиф тушди ва швециялик мутахассис Исландияни тарк этди. Бошқарувни ўз қўлига олган Хадлгримссон эса, белгиланган йўлдан оғишмай, терма жамоанинг саралаш гуруҳидаги муваффақиятини давом эттирди.

Исландиянинг кичик мамлакат экани ва яна турли статистик рақамлар интернетда кўп айланиб юради, аммо терма жамоа футболчиларини Андорра ёки Люксембург каби ярим профессионаллардан иборат деб тушунмаслик керак, албатта. Терма жамоанинг 5 футболчиси Франция, Нидерландия, Россия каби ўзига яраша кучли чемпионатларда, яна тўрт вакили эса, Чемпионшипда тўп суради.

Албатта, бу ўринда ҳатто АПЛ даражасида ҳам таниқли юлдуз бўлган Гулфи Сигурдссонни эслаш лозим, афсуски, унинг чемпионатда қатнашиши сўроқ остида қолган. Сигурдссон тизза мушакларидан оғир жароҳат олди ва ҳатто суяк синган бўлиши тахминлари ҳам бор. Ярим ҳимоячи мавсумнинг сўнгги қисмида майдонга туша олмайди ва катта эҳтимол билан мундиалга ҳам тайёр бўла олмаслиги мумкин. Шундай бўлсада, бутун Исландия етакчи футболчининг тикланишига, юксак спорт формасида бўлмаса-да. руҳан жамоа билан бирга бўлишига умид билдирмоқда.

ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК: КОЛБЕЙН СИГТОРССОН

Сигурдссон йўқлигида терма жамоанинг асосий голеадор ҳужумчиси бўлган Колбейн Сигторссоннинг зиммасига каттароқ масъулият тушади. Ўз вақтида «Реал» ва «Арсенал» каби топ клубларнинг назарига тушган 28 ёшли футболчи ҳозирда Франциянинг «Нант» клуби ҳужумчиси ҳисобланади. Терма жамоа сафида 2010 йилдан бери ўйнаб келмоқда ва у Эйдур Гудйонсендан сўнг, Исландия терма жамоаси сафида 20дан ортиқ гол ура олган иккинчи футболчи ҳисобланади.

Айнан Колбейн Европа чемпионатида Англия терма жамоаси дарвозасига ҳал қилувчи иккинчи голни урганди ва исландияликлар ўша гол ҳужумчининг сўнгги муҳим голи бўлиб қолмаслигига ишонади.

Шунингдек, Алферед Финнбогасон, Европа футболини яқиндан кузатадиган мухлислар учун яқинроқ таниш, аммо у сўнгги йилда ўз формасини йўқотиб қўйди ва терма жамоага кам жалб этилмоқда. Айтиш мумкинки, Исландия жаҳон чемпионатига ўз даражасида яхши, сифатли ҳужумчилар билан ташриф буюради.

ЖЧ-2018

Исландия мусобақада анчагина кучли гуруҳга тушиб қолди. Аргентина, Нигериядан ташқари, Хорватия ҳам бор. Тўғри, саралаш гуруҳида исландлар айнан хорватларни ортда қолдиришди, аммо бундай турнирлар учун болқонликларда тажриба каттароқ экани шубҳасиз.

Исландия илк ўйинини 16 июнь куни Месси жамоадошларига қарши ўтказади. Учрашув Москвада бўлади. Иккинчи ўйин Волгоградда Нигерия билан 22 июнь куни, тўрт кун ўтиб эса, Ростовда икки Европа вакили плей-офф йўлланмаси тақдирини ҳал қилади. Қизиғи, сўнгги тур ўйини бўлиб ўтадиган Ростов шаҳри жамоасида исландиялик уч футболчи - Рагнар Сигурдсон, Инги Ингасон ва Бегман Сигурдарсон тўп суради. Демак, ҳал қилувчи ўйинда стадион айнан қайси жамоага ён босишини тахмин қилиш осон.

Қ.Асланов тайёрлади