Усэйн Болт ўзини Мессидан устун қўйди
March 23, 2018, 1:08 p.m. 6426

Енгил атлетика бўйича саккиз карра олимпиада чемпиони Усэйн Болт «Барселона» футболчиси Лионель Месси борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Месси иқтидорли. Криштиануда эса вазият бошқачароқ. Эшитишим бўйича эса, Роналду ҳозирги даражага эришиши ва шу жойга етиб келиши учун тинимсиз меҳнат қилган.

Аммо мен шу тезлик билан туғилганман ва Мессидан кўра иқтидорлироқман», — дея Болтнинг сўзларини келтиради Goal.com.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Болт Дортмунднинг «Боруссия» клуби машғулотларида иштирок этаётгани ва тез орада футболчи сифатида фаолиятини бошлаши ҳақида хабарлар тарқалганди.