Қизғалдоқзорга айланаётган тақвим. ПФЛ қачон ўзгаради?
March 22, 2018, 6:02 p.m. 6462

Мактабда ўқиган вақтларимизда она тилидан дарс берадиган домламиз иншо ёки шунга ўхшаш ёзма ишларни ғиж-ғиж хатолар билан ёзадиган «иккичилар»ни қойиганда доим ишлатадиган бир гапи бўларди. «Дафтаринг қизғалдоқзор бўлиб кетди-ку, барака топгур». Ёзилган иншолардаги, диктантлардаги хатолар қизил ручка билан тўғриланар, азбаройи тузатишларнинг кўплигидан дафтар қип-қизил бўп кетарди. Худди уятдан қизаргандек. Ўша вазиятни домламиз яхши ўхшатиш қиларди.

ПФЛ мусобақаларидаги тақвимда амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида ўқисам, доим ўша она тили дарси эсимга тушаверади. Ҳар сафар, бўлди, энди шу сафаргиси охиргиси бўлса керак, деб ўзимни ишонтиришга ҳаракат қиламан. Йўқ, тугамайди. Тўхтамайди. Одамлар ўзгаради, ходимлар ўзгаради, масъуллар ўзгаради. Лекин шу ПФЛ ҳеч ўзгармайди. Энди ўзгарса керак деб кутганингда янги томошалар, «қизил ручка кўтарган домлалар» чиқаверади.

Бироз муқаддам маълум бўлдики, Ўзбекистон суперлигасидан ўрин олган АГМК (айтганча, бу номни юқорида эслаган она тилимизга дахли йўқ) ва «Локомотив» жамоалари ўртасидаги учрашув Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўртоқлик ўйинлари сабаб бошқа муддатга қолдирилди. Албатта, буниси тушунарли. «Локомотив» ФИФА кунларида 7 нафар футболчиси банд бўлганида ўйинни қолдиришни сўраши табиий ҳолат ва регламент, қоидалар бўйича улар 100 фоизга ҳақ. Ўзини ҳурмат қилган жамоа бундай пайтда ҳақини талаб қилиб олади. Лекин нега энди ПФЛ буни олдинроқ ўйламаган. Тақвим тузилишидан олдин бу ҳолат олди олинмаган?

Келинг эслаймиз. 2017 йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон терма жамоаси Марокаш терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши маълум қилинганди. Ўша куниёқ ўйин 27 март куни, узоқ Шимолий Африкада бўлиб ўтиши расмий манбада айтилган. Бу дегани ҳали ҳозирги суперлигада ҳаттоки қайси жамоалар иштирок этиши ҳам маълум бўлмаган пайтлар эди. Суперлигида жамоалар сони қисқаришидан бошқа ҳеч нарса аниқ эмасди. На унинг формати, на унинг ўтказилиши тартиби (неча даврали, нечта турдан иборат бўлиши ва ҳоказо) маълум эмасди. Янги мавсум ҳақида тасаввурларимиз энг мавҳум ҳолатда бўлганида биз ЖЧ иштирокчиси бўлган терма жамоа билан ўйнашимиз ҳақида бонг уриб мақтангандик. ПФЛ бу орада суперлиганинг битта форматини танлаб, бошқасига ўзгартиришга ҳам улгурди. Жамоалар сонини эълон қилди. Қуръа ташланди ва тақвим белгиланди. Бу ишларнинг барчаси Марокаш билан ўйин аниқ бўлганидан 2 ойдан кўпроқ вақт ўтганидан кейин содир бўлди. Янги форматдаги суперлига тақвими чиқарилаётганда Сенегал билан, Марокаш билан ҳам ўйинларимиз муддати аниқ бўлиб улгурганди. Хўш, энди савол туғилади: бизга «ишлавоммиз-ку», дейдиганларнинг иши шуми? Икки ой олдин аниқ бўлиб улгурган ФИФА кунининг бандлигини билиб туриб ҳам ўша ўйин билан бир кун оралиқда ўйинларни қўйиш «ишлаш»ми?

Илгари биз бугунгидан ҳам кўп танқид қилганимиз ПФЛнинг эски раҳбарияти учун бу каби ўзгаришлар оддий ҳолат эди. Ўзгартираверишарди, ўзгартираверишарди. Лекин ўшалардаям битта «страховкаси» бўларди. Яъни захира кунлари. Турли сабаблар билан ўйинлар қолдирилса, тахминан ўша ўйиннинг қайси муддатда ўтказилишини билардик. ПФЛ бунинг учун тақвимда алоҳида захира кунлари эълон қиларди. Бу сафарги тақвим эса ҳаттоки, ўша захира кунлари ҳам йўқ. Чемпионлик учун курашиши керак бўлган «Локомотив»нинг ўйини тахминан қачон ўтишини ҳам билмаймиз... Осиё чемпионлар лигасида Ўзбекистон клубларига қулайроқ тақвим яратиб бериш мақсадида баъзи ўйинлар пайшанба куни ўтказилишига тўғри келяпти. Буниси тушунарли. Лекин «Локомотив»нинг бу сафарги ўйинини 29 мартга белгиланганини кўриб, балки «Локо» душанба куни ОЧЛда ўйнар деб қайта текшриб кўрдим. Йўқ. Жамоа халқаро майдондаги ўйинини 3 апрель, сешанба куни ўтказар экан. Демак, ҳеч бўлмаганда чемпионат тақвими тузилаётганда АГМК билан ўйинни 30 мартга белгилаш ҳам мумкин эди. Ёки бутунлай бошқа, лекин аниқ кўрсатилган муддатга ўша вақтдаёқ белгилаб қўйиш имконияти бор эди. Йўқ. Биз шунақа «қизил ручка» ишлатишни яхши кўрамиз.

Олдинги ўзгаришларга тўхталмоқчи эмасман. Ўтгани ўтиб бўлди. Лекин келгусида бу каби ҳолатларни такрорламаслик учун, шундоқ ҳам уятдан қизаргандек бўлиб бораётган тақвимни янада «қизартирмаслик» учун ҳали кўп ишлашимизга тўғри келади шекилли. Йўқ «ишлавоммиз-ку», деган даражада эмас, ҳақиқий маънода ишлашни назарда тутяпман. Бўлмаса, она тили ўқитувчимиз айтганидек, дафтарларимизни қизғалдоқзорга айлантиришда давом этаверамиз.

Азамат Муродов

P.S. Мақола чиққанидан кўп ўтмай, Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган яна иккита учрашув муддати ўзгаргани ҳақида хабар тарқалди. Бунисини энди изоҳсиз қолдирамиз...