Жозе ва ғамгинлик. «МЮ» ЕЧЛни тарк этди
March 14, 2018, 12:08 p.m. 6036

«Манчестер Юнайтед» Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финали жавоб учрашувида сенсацион равишда «Севилья»га ютқазди ва турнирни тарк этди.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – СЕВИЛЬЯ – 1:2 (0:0)
Голлар: Бен Йеддер, 74 (0:1). Бен Йеддер, 78 (0:2). Лукаку, 84 (1:2).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Валенсия (Мата, 77), Байи, Смоллинг, Янг, Рэшфорд, Матич, Феллайни (Погба, 60), Лингард (Марсьяль, 77), Санчес, Лукаку.
«Севилья»: Рико, Меркадо, Кьер, Лангле, Эскудеро, Сарабия, Н`Зонзи, Банега, Васкес (Писарро, 88), Корреа (Гайс, 89), Муриэль (Бен Йеддер, 72).
Огоҳлантиришлар: Банега, 5. Бен Йеддер, 80. Корреа, 88. Сарабия, 90.
Ҳакам: Маккели (Голландия).
13 март. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.
Биринчи ўйин – 0:0.

Севильядаги ўйинда «Манчестер Юнайтед»ни де Хеа қутқариб қолганди. Шу сабабли Манчестердаги жавоб ўйинидан олдин барча испаниялик «саккизоёқ» ҳақида гапира бошлади.

Масалан, «Ливерпуль»нинг собиқ сардори Стивен Жеррард BT Sport эфирида шундай деди: «Мендан Давид учун энг яхши комплимент шундай: ундан нафратланаман». «Севилья»нинг инглиз тилида юритиладиган твиттерида эса дарвозабонга ҳазил қилинди: «Эй, де Хеа! Ўзингни жаҳон чемпионати учун асраганинг яхши! Раҳмат».

Биринчи бўлимда испаниялик дарвозабон ўзини кўрсатишига ҳожат бўлмади - «Севилья» тўпга эгалик қилишни истамади, тўп «Манчестер Юнайтед»га ҳам керак эмасди. Ўтган ҳафтада «Ливерпуль»га қарши ўйинда «Манчестер Юнайтед» майдонда иккинчи рақам остида ҳаракат қилган ҳолда муваффақиятга эришганди. Бу ўйинда ҳам шундай бўлиши кутилган иш эди.

Аммо Феллайнининг ўйин учун соч турмаги кутилмаган ҳол бўлди. Шу куни журналлардан бири бельгиялик футболчи иштирокидаги фотосессияни эълон қилди, унда футболчи Микки Маус кўринишида эди.

Футболчи андалусияликларга қарши ўйинга одатдаги кўринишда қайтди. Биринчи бўлимда у жамоасининг энг яхшиларидан бири бўлди, Санчес билан комбинация уюштириб, зарба бериш нуқтасига чиқиб борди, аммо унинг зарбасини Рико бартараф этди.

«Севилья» биринчи бўлимда ўнлаб зарбалар берди, аммо барчаси хато кетарди. Танаффусдан кейин эса Винченцо Монтелла жамоаси ўйинни кучайтирди, чунки футболчилар бунақа «МЮ»ни «босиб ташлаш» мумкинлигини ҳис қилишганди. Иккинчи бўлим бошида Каррера ажойиб имкониятга эга бўлганди, аммо Байи ўзини кўрсатиб, аргентиналик футболчининг оёқлари остидаги тўпни олиб кетди.

60-дақиқадан кейин «Юнайтед»да Погба Феллайни ўрнини эгаллади. Аммо жамоа ўйинида кучайиш бўлмади. Аксинча, франциялик футболчи бир неча хато паслари билан жамоа ҳужумини тўхтатиб қўйди. «Севилья»нинг жокери Виссам Бен Йеддер яна ўзини кўрсатди. У захирадан ўйинга қўшилиши билан ҳужумлар сони ортди ва у ўйин якунига 25 дақиқа қолганида «Манчестер Юнайтед»нинг чорак финалга чиқиш ҳақидаги орзуларини кўмиб ташлади. Бу сафар де Хеа ҳам қутқариб қола олмади.

«Манчестер Юнайтед»га бир гол ҳам турнирни тарк этиши учун кифоя қиларди (1:1 ҳисобидаги мағлубият ҳам испанларни кейинги босқичга олиб чиқарди). Буни билсада, Моуриньо 0:0 ҳисобини ушлаб туришга ҳаракат қилди ва бу қарори учун афсусланди.