Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши кутилган Карлуш Кейрушга Эрон шартномани узайтириш таклифи билан чиқди
March 14, 2018, 7:21 p.m. 4588

Эрон футбол иттифоқи терма жамоа бош мураббийи Карлуш Кейруш билан шартномани узайтириш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, эронликлар ёзда, ЖЧ-2018дан сўнг шартномаси ниҳоясига етадиган мураббийни яна 6 ой давомида ушлаб қолишни истамоқда ва унга 2019 йилнинг январига қадар мўлжалланган битим таклиф қилган.

«Эрон футбол федерацияси Карлос Кейрушга 2019 йилнинг январ ойи сўнгига қадар мўлжалланган шартнома таклиф қилди. Кейруш бунга муносиб. У Эрондаги 7 йиллик фаолияти давомида нафақат сезиларли ўзгаришларни амалга оширди, балки келажакка ҳам яхши умидлар пайдо қила олди.

Карлушнинг ҳам Эрон футболига муҳаббати кучли ва шу боисдан ҳам у мазкур битим таклифини диққа билан, чуқур ўрганиб чиқади ҳамда терма жамоа учун муҳим бўлган техник ва структуравий жиҳатдан тўғри деб белган қарорига келади», дея гапириб ўтган мураббийнинг вакили.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 2018 йилги ЖЧ ўйинларидан сўнг Кейруш Ўзбекистон терма жамоасини бошқариш бўйича шартнома имзолаши ҳақида хабарлар тарқалганди.