Спортчиларни қандай саралаш керак? Олимпия қўмитаси ва вазирликка таклифлар
March 14, 2018, 11:06 a.m. 3599

13 март куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Олимпия захиралари коллежлари раҳбарияти, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари, республика спорт федерация ва ассоциациялар раҳбарлари иштирок этишди. Унда кўтарилган асосий масала бу олимпия захира коллежининг келгусидаги фаолияти ҳақида бўлди.

Олдиндан айтиб қўяй, МОҚнинг бу ишини маъқуллайман. Номидан ҳам кўриниб турган олимпиячиларга доимий захира етказиб бериш учун мўлжалланган коллежларнинг бугунги даражасини талаб даражасида деб бўлмайди. Биргина спортдаги натижаларимиз орқали буни билиб олиш қийин эмас. Икки-уч спорт тури билан соҳадаги туйнукларни ёпиб, бошқаларни айблаймиз. Шу маънода, МОҚ ва Жисмоний тарбия ва Спорт вазирлигининг олимпия захиралари коллежи, уларнинг қабул квоталарини қайта кўриб чиқиш, ортиқча ўринларни йўқ қилиш каби масалаларни кўтариб чиқаётгани яхши. Лекин танганинг бошқа томони бор.

Умид Аҳмаджонов ҳудудлардаги коллежларда ажратилган квоталар сони кўплиги, ҳеч қандай натижа бермаётган турларга, аслида бошқа спорт тури билан шуғулланаётганларни ҳам мажбурлаб ўқитиш ҳолатлари кузатилаётганини гапирди. Хўп яхши. Лекин ечимга келганда яна ўша йўлнинг бошқачароқ, яъни қисқартирилган варианти танланди. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Айтайлик, Андижон олимпия захиралари коллежида шу кунгача тахминан 15 нафардан битта спорт тури вакиллари бўлган бўлса, уларнинг кутилган натижани бермаётгани сабаб квоталар 10тага қисқартирилди (ёки 5тага, фарқи йўқ). Лекин савол туғиладики ўша қолган 10та квотага ҳам муносиблар кирадими? МОҚ ва спорт бўйича масъул раҳбарлар муаммони кўтаришга кўтариб чиқишдию, ечимига келганда ўша эски йўналишдан, фақат бироз ўзгартирилган йўлдан боришди. Ҳар бир ҳудуд коллеж раҳбарлари ва масъулларидан «фалон спортдан нечта жой кераклиги» сўраб чиқилди. Кимдадир оммавийлиги инобатга олиниб, бокс учун ўринлар кўпайтирилди, бошқа спортларда қисқартирилди.

Менга энг ғалати туюлган жойи барибир аниқ сонларда қолгани бўлди. Ғалатида, спортга масъул раҳбарлар коллежлардан мисол учун «сузишга нечта жой керак», деб сўрашяпти? Бу аслида «ҳудудингдан қанча сузувчи чиқади?», дегандек гапда аслида. Энди коллеж раҳбарини тасаввур қилиб кўринг. Биринчидан, у бугун коллежда ўқиётган бугунги спортчини таниши мумкин, имкониятларини ҳам билар дейлик. Лекин эртага қандай спортчилар етишиб чиқиш мумкинлигини қаердан билсин? Ўша спортга масъул федерация ҳам кафолат бера олмайдику, эртага қанча потенциали юқори бўлган спортчи чиқиш мумкинлигини? Балки 5тагача қисқартирилган ўрин камлик қилар, балки кейинчалик ҳам ҳатто ўша 5та ўринга ҳам муносиб бола чиқмаслиги мумкинку? 

Профессионал спортчиларни тарбиялаб чиқаришда уларни ҳеч қачон маълум рақамлар билан чеклаб бўлмайди. 11 нафар яхши футболчини чиқариш учун 15 ёки 50 нафар футболчининг ичидан саралаб олиниши мумкинми, буниси номаълум. Яъни қайсидир футбол мактабига 15 бола оламан, шуларнинг ичидан 11 нафар яхшиси чиқади, дея олмайсизку? Балки 50 нафарининг ичидан ҳам чиқмас.

Хитой ёзги олимпиада ўйинларида мунтазам равишда иштирок этиб келаётганига энди 34 йил бўлди. Солиштириш учун, улар Ўзбекистондан кўп эмас, 10 йил олдин тўлиқ олимпиада иштирокчиси сифатида иштирок этмоқда. Лекин мана шу даврда, ёки 10 йил олдин Пекинда ўтган олимпиадада (мунтазам иштирокдан бор-йўғи 24 йил ўтиб) мамлакат 51та олтин медални қўлга кирита оладиган даражада катта спорт державасига айлана олди. Албатта бугун спортимиз бирданига Хитой даражасига чиқиб қолиш керак демоқчи эмасман, улар билан таққослаш ниятим ҳам йўқ. Шунчаки, улар нисбатан қисқа муддатда бу даражага қандай қилиб чиқиб олганини суриштирсангиз, кўп нарса топишингиз мумкин.

Айнан бугун бутун дунёда етакчилар қаторига кириб олган Хитой бу даражага чиқишида энг асосий иккита жиҳат бор эди. Биринчи навбатда, ҳукуматнинг спортга эътибори. Давлат раҳбарияти спорт учун жуда катта маблағлар ажратди. Ривожланишга ҳисса қўшадиган қандай моддий ёрдам керак бўлса, барчасини қилди. Бу борада Хитойга ўхшашмиз. Ўзбекистонда ҳам давлат раҳбарининг шахсан ўзи спортга қанчалик эътибор бераётганини, шароитлар яратилаётганини кўриб турибмиз. 

Хитойликларнинг шу даражага чиқишдаги икккинчи аҳамиятга молик жиҳат, бу спортчиларнинг саралаб олинишида эди. Мамлакат спорти раҳбарлари ўша вақтдаёқ энг биринчи навбатда спорт мактабларига қабул қилиш талабларини кескин қийинлаштиради. Қатъий талаблар қўйилади. Маълум критериялар ишлаб чиқилади. Ўтгани йўлда давом этади ва шуғулланишда давом этади. Демоқчи бўлганим, улар фалон спорт турида фалонча одам қабул қилиниши керак демаган, аниқ, олимпиадага мослаб талаблар ишлаб чиқилган. Ўша талабларни ким бажарса, марҳамат. У 5та бўладими, ёки 1000тами фарқи йўқ. Энг асосийси, спорт принципларига асосланган спортча норматив бўйича талабни бажарган бўлиши керак.

Шу маънода МОҚ ва вазирликка ўз таклифимни бермоқчи эдим. Катта ислоҳотлар бошида турибсиз. Демак, катта ўзгаришлар қилишга кучингиз ҳам, хоҳишингиз ҳам етарли. 

1. Барча ҳудудлар бўйича ҳар бир спорт турида ягона талабларни ишлаб чиқиш керак. Оддий мисол, олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун, сузувчи маълум натижани қайд этиши керак. Аниқ бўлган вақт нормаси бор. Олимпия захиралари коллежига қабулда ҳам худди шу тизимни жорий қилиш керак. Сузиш бўйича РОЗКда ўқимоқчи бўлган талабгор, мисол учун 50 метр масофани қанчадир сонияда босиб ўтиши керак, 100 метрда бунча, оғир атлетикачи вазнига қараб маълум кг вазнни кўтарсин (албатта бунда ҳам олимпиадада иштирок эта оладиган потенциал ўлчов олиниши керак) ва ҳоказо. Албатта балки олимпиада талаби коллеж учун юқорироқ деб ҳисобланса, нормативлар бироз пасайтирилиши мумкин. Аслида пасайтирилмагани ҳам маъқул, сабаби олимпиада талабини бажара олмайдиган спортчиларни ўқитишдан наф йўқ. Коллежга кириш ёшида олимпиада талабини бажара олса, ўқиши давомида янада ўсиб медаллар учун кураша оладиган даражага чиқа олиши мумкин. Юқорида айтганимиз Хитойда сузиш бўйича ёшлар жамоасига саралаб олинадиганлардан айнан катталар олимпиадасига йўлланма берувчи нормативлар талаб қилинар экан. Ўша нормативни ёшлигидаёқ бажара олган спортчидан келгусида медал кутиш ва бу медални қўлга киритиши ҳам табиий ҳолат.

Ўз олдимизга юксак мақсадларни қўяр эканмиз, бошида қийинчиликлар бўлсада, талабларни оширишимиз шарт. Оддий мисол, футболда клублар футболчилари учун ҳам алоҳида нормативлар жорий қилиниб, бошида қанчадан-қанча футболчилар кўрикдан ўта олишмади. Лекин қайта кўриклардан ўтишгандирки, кўпчилиги суперлигада тўп сурмоқда. Аслида бу клублар ишига аралашиш бўлсада, қайсидир маънода терма жамоани ўйлаб қилингани ҳам тўғри. Бошқа спорт турларида эса ҳеч қандай клуб фаолиятига аралашиш ҳам бўлмаяпти. Потенциал Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиши керак бўлган спортчи, юртнинг эртанги байроқдори танлаб олиняпти. Талаб ҳам шунга яраша бўлиши керак.

Ўзи шундоқ ҳам нормативларимиз борку, осонгина кириб қолмайди, дерсиз. Лекин мен айтмоқчи бўлган талаблар қатъийлиги билан бирга чекловлардан ҳам холи. Спортчи югуриш, турникка тортиниш шу каби бошқа турлар бўйича одатий имтиҳонларни топшираверсин. Бу ҳам зарур албатта. Аммо асосий ўзининг спорт турига келганда қаттиқроқ талабни бажарсин. Бажарса марҳамат, имтиҳондан ўтсин. Омад.

2. Юқоридаги талабларнинг барчаси республикада ягона тизимга бирлаштириб чиқилиши керак. Яъни, «Андижонга 3 нафар академик эшкак эшишчи, Термизга 5 сузувчи» эмас. Ҳамма қатъий талабларни бажарганлар ўтсин. Квоталар сони эмас, потенциал спортчилар, олимпиада талабига жавоб берадиган спортчилар ўтсин. Мисол учун, бутун Ўзбекистон бўйича 50та байдаркачи талабни бажарди. Қолгани бажара олмади. Айнан ўша 50 спортчи энди қайси ҳудудда эканига қараб, ўша коллежда ўқисин. Савол туғилиши мумкин. Фарғонадан биттагина ўтса, унинг учун ҳам алоҳида очиладими, деб. Йўқ. Андижондан синовни бажаргани, Намангандан синовни бажарганлари қўшилиб мисол учун 5 спортчи ўтган бўлса, ҳудуднинг имкониятига қараб улар учун водийдаги битта ҳудудда ўқисин. Навоийдан 10та сузувчи талабни бажара олдими, марҳамат Навоийга 10та квота берилсин. Буни ҳамма спорт турига мослаб олишингиз мумкин.

Демоқчи бўганим, бугун коллеж талабга жавоб бермай қолди, дея уни қисқартириш учун, уни қанчага қисқартириш мумкинлигини билиб олишимиз муҳим. Ҳудуд масъулини саволга тутиб, «сенда 10та эди, натижа бермади, 5тага қисқартирамиз», деган билан ўша бешта спортчи зўр бўлиб қолмайди. Ёки келгуси йили ўша 10 спортчи натижа бермаган турдан ўша ҳудудда янги 15 нафар зўр, иқтидорли бола чиқиб қолиши мумкинлигиниям ҳеч ким инкор эта олмайди. Яъни, квоталарни ҳар қандай ҳолатдаям ўзаро келишиб тақсимлаган билан, биз айтмоқчи бўлган ўзгаришларни қила олмаймиз. 

Бир пайтлари Жиззахдан ажойиб бокс мактаби етишиб чиққанди. Республикада улар Андижондан ҳам ўтиб кетган. Лекин бугун терма жамоага қарасангиз, бошқа ҳудуд вакиллари кўпроқ эканини кўрасиз. Авлодлар алмашинуви деган нарса бор. Бугун 70 нафар боксчи бераётган Андижон эртага улоқни бошқа ҳудудга бериб қўйиши, қанчадир муддатда буни қайтариб олиши ёки олмаслиги мумкин. 

Квоталар эса биринчи навбатда натижасига қараб ажратилса, натижалардан сўнг ҳудудларга бўлинса, аслида спортча принциплар учун ҳам бу энг тўғриси. Ўша йиғилишда айтилганидек, барчаси битта ватан — Ўзбекистон учун. Спортчининг қаерга бориб ўқиши, қаерда мусобақага тайёргарлик кўришининг аҳамияти йўқ. Энг асосийси, биринчи навбатда у шу юртни номини кўтара оладиган даражадаги талабни бажариши ва кейинчалик бу номни оқлаши керак бўлади. Қаршига сузишдан 5та йўлланма бериб, 5 йилда ҳам бешта олимпиадага муносиб спортчи чиқмаслиги, ёки аксинча ҳам бўлиши мумкин. Лекин барчаси фақат Ўзбекистон учун экан, ундаги талаблар ҳам битта бўлиши керак. Тақсимлаш эса барчаси ҳал бўлганидан кейин амалга оширилиши керак.

Россияга олимпиада олтин медалини олиб келган фигурали учувчи Алина Загитова ҳали коллеж ёшида ҳам эмас. Ҳали коллежга бормайдиган бу каби мисоллар кўп. «Коллежга кирадиган болага бундай катта талабларни қўйсак, ҳеч ким ўта олмайдику», дейишингиз мумкин. Майли бир йил ҳаммаси бўлиб 100 спортчи ҳам ўта олмасин. Муҳими, ўша ўта олганлар, эртага бизни уялтириб қўймайдиган спортчилар бўлишади. Давлатнинг пулини бекорга сарфламаган бўламиз. Олдимизга юқори мақсадларни қўяр эканмиз, бошлаётган ишимиздаги талаблар ҳам шунга мос бўлиши керак. Шундай эмасми?

Азамат Муродов