«Насаф» «Ас-Саддга қарши очиқ футбол ўйнамоқчи эмас
March 13, 2018, 3:52 p.m. 3806

ОЧЛ 4-тур доирасидаги «Ас-Садд» – «Насаф» учрашуви олдидан «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бўлажак ўйинга тайёрмиз. Рақибни янада яқинроқ ўргандик. Эртага нафақат яхши натижа учун, балки чиройли ўйин кўрсатишга ҳам ҳаракат қиламиз.

Биз гуруҳда кучли рақибларга дуч келдик, аммо орқада қолишни истамаймиз. Эртага бўладиган ўйинда иккала жамоага ҳам уч очко зарур. Ғалаба қозонишимиз учун ҳужум қилишимизга тўғри келади. Лекин ҳимояни унутмаслигимиз керак. Чунки рақибимизнинг ҳужум чизиғи жуда кучли шаклланган. Агар очиқ ўйин намойиш қиладиган бўлсак, уларга осон бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб бўлажак ўйинга режа тузганмиз.

Такрор айтаман гуруҳимизда кучли жамоалар йиғилишган. Ҳозир учта жамоа бир хил, яъни олти очкога эга. «Ал-Васл» жамоаси учта мағлубиятдан сўнг, имкониятини пасайтириб юборди. Ўйлайманки, гуруҳдан чиқиш учун кураш мана шу уч жамоа ўртасида кечади. Буям тахмин, аслида бўлажак ўйинлар натижаси бунга аниқлик киритади.

Драган Черан? Драган Черан эртага бўладиган ўйинга тайёр, у бизга албатта ёрдам беради.

Албатта биз Хавига қарши ўйнашни узоқ кутдик (кулади). Уни мухлисларимиз Қаршида ҳам кутишди. Футболчиларимиз ҳам унга қарши ўйнашни иштиёқ билан кутишяпти. Таркибимиздаги ёш футболчилар учун бу қувончли воқеа бўларди», дея Бердиевнинг сўзларини келтиради «Насаф» расмий сайти.

Эслатиб ўтамиз, «Ас-Садд» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан 20:15да бошланади.