Суперлига ҳақида дастлабки 4 таассурот
March 12, 2018, 12:17 p.m. 6419

1-март куни янги форматдаги Ўзбекистон чемпионати — Суперлига старт олди. Айни вақтга келиб 2-тур ўйинлари ҳам ўтказиб бўлинди. Бу мавсумда Ўзбекистон чемпионатида қандай ўзгаришлар кузатилмоқда. Қуйидаги мақолада шу ҳақда.

ТРАНСЛЯЦИЯЛАР

Бу катта воқеа. Ўзбек футболи тарихида биринчи марта турнинг ҳамма учрашуви тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмоқда. Ўзбекистон чемпионати мухлисларини кўпайтириш ва тарғиб қилишнинг бундан самаралироқ йўлини билмайман.

Ҳар бир ўйиннинг жонли эфирда олиб кўрсатилиши мухлислар орасида у ёки бу ўйин ёки вазият ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Айниқса, ОАВ учун ўйинларни кенг ёритиб бориш ва таҳлил қилиш, энг яхши футболчиларни аниқлаш, ҳакамлар билан боғлиқ вазиятларга объектив баҳо бериш имконини беради.

Бу томондан «Спорт ТВ» ҳам жуда катта қадам ташлаганини эътироф этиш керак. Трансляцияларни амалга ошириш ва бу ишда қанчалаб одамлар қаттиқ меҳнат қилаётганини эшитяпмиз, шу билан бирга масалан тур ўйинлари ҳақида таҳлилий кўрсатувларга ҳаракат қилинаётгани таҳсинга сазовор.

Мисол учун «Рефери тайм» менга ёқди. Ҳар бир ўйинда содир бўлган баҳсли вазиятлар профессионал нуқтаи назар билан таҳлил қилиб борилади. Фақат битта эътирозим бор. Билишимча, бу кўрсатув ЎФА билан ҳамкорликда тайёрланган ва ассоциация ушбу кўрсатувга масъул ходимини жўнатишни зиммасига олган. Бу бир томондан яхши, чунки бундай кўрсатувларга мутахассиларни ҳар сафар топиш ва уларни гапиртириш осон эмас. Аммо иккинчи томондан, таҳлил учун мустақил экспертнинг бўлгани дуруст эди. Собиқ ҳакам ёки мутахассис вазиятларни таҳлил қилса ва керак бўлганда, ҳакамнинг хатоларини ҳам очиқ айта олса... Ана шунда кўрсатувнинг қизиқарлилиги ва холислиги ортарди, назаримда.  

«РЕАЛ» ЁКИ «ПАХТАКОР»?

Айтилишича, Суперлигадаги учрашувлар вақти «Спорт ТВ» канали ва Лига ўртасидаги келишувлар асосида белгиланиб борилади. Ҳатто агар Спорт каналида қандайдир муҳим трансляция (масалан, А Сериянинг марказий ўйини ёки бошқа спорт ўйинлари) кўзда тутилган пайтларда, Суперлига учрашув вақтини телевидениега мослаши ҳам мумкин экан. Бу яхши ва халқаро маркетингда кузатиладиган ҳолат.

Аммо, ўтган икки турнинг энг марказий учрашуви «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўртасидаги ўйин «Манчестер Юнайтед» - «Ливерпуль», «Эйбар» – «Реал» учрашувлари билан бир пайтда бўлиб ўтди. Тўғри, бу ўйинлар «Спорт ТВ»да трансляция қилинмайди, умуман, футбол учрашувининг ҳеч қаерда футбол бўлмаётган пайтда ўтказилишини талаб қилиш ноўрин. Лекин, ҳеч эътибор берганмисиз, «Эл Классико» ҳеч қачон Англиядаги бирор марказий ўйин билан бир пайтга қўйилмайди. Бу ерда мухлис қизиғини кўрсин деб рақобат қилиш эмас, мухлисларга танлов имкониятини бериш, иложи борича ўйин аудиториясини кенгайтириш муҳим даражага чиқади.

Айтайлик, «Олмалиқ» – «Навбаҳор» ўйинини ўша пайтга қўйиш у қадар хато эмас. Наманганлик мухлислар барибир «Навбаҳор» танлашади ва ўз жамоаларининг сафардаги ўйинини кўради. Параллел ўйинлар бу ўйин аудиториясига у қадар катта таъсир қилмаслиги мумкин. Лекин Тошкент дербиси турнирнинг марказий ўйинларидан бири, асосийси, нейтрал мухлисларни жалб қилиш мумкин ва керак бўлган учрашувлардан бири. Нейтрал мухлис эса, бир пайтда бўлаётган уч ўйиндан бирини танлайди. «Реал» ва «Манчестер Юнайтед» мухлисларини ҳам шу қаторга қўшинг. Яъни, ҳозирча Лигамиз юқоридаги ўйинлар билан ҳатто ўзимизда ҳам рақобатлаша олмас экан, ўйин вақтини белгилашда эътиборлироқ бўлишларини сўраб қолардим.   

НОҚУЛАЙ МАЙДОНЛАР

Мартнинг боши мамлакатимизда футбол ўйнаш учун ноқулай экани сезилди. Баъзида оғир операциялар пайтида касалхоналардаям свет ўчиб қолиш ҳолатлари бўлиб туришини эътиборга олиб, прожекторларнинг ўчиб қолганини ваҳима қилмаймиз, хўп. Лекин баъзи стадионлардаги чимнинг ҳолати талабга жавоб бермаслиги учрашув картинасига салбий таъсир қилди. Қўқонни-ку, гапирмасаям бўлади, жамоа 2-тургача майдонини тайёрлай олмагани сабабли, энди у ерда мавсум очилиши 4-турда бўлиб ўтади.

Табиий йўл билан майдон чимини сифатли қилиш имконияти ҳамма ҳам йўқ эканини эътиборга олинадиган бўлса, менимча, мавсум бошланишини бироз кечроқдан бошлаш мақсадга мувофиқ эди. Наврўз арафасида ёки мартнинг охирларида ҳамма жойда стадионлар сифатли футбол учун мос бўлиб қолиши шубҳасиз. Ўйинларнинг кечки пайтларга ҳам мўлжалланилаётганидан келиб чиқсак, ёзни танаффусни бироз қисқартирган ҳолда, тақвим муаммосини бемалол ечиш мумкин.

ЧЕМПИОНЛИК ИНТРИГАСИ

Негадир, мавсум бошиданоқ, «Локомотив», «Пахтакор» ёки «Насаф»ни қўя турайлик, «Навбаҳор», «Қўқон», «Металлург», «Нефтчи» ва менимча, бошқа жамоалар ҳам, ўзларининг чемпионлик учун курашишларини маълум қилишди. Тўғриси, ҳайрон қолдим, кўпинча, молиявий имкониятлардаги фарқларни баҳона қилиб, ўртамиёналикни оқлашга уринадиган жамоаларнинг амбициялари бу қадар ошиб кетганининг сабаби нима экан? Таркиблар ўша-ўша, билишимча, Клаудио Раньери ҳали ҳам «Нант»да ишлаб юрибди, чет эллик инвесторлардан дарак йўқ, қандай қилиб, кечагина аранг лигада ўз ўрнини сақлаб қолган ёки «Цементчи» таркибини кўчириб келган жамоалар чемпионлик ҳақида оғиз очади? Наҳотки гап фақат форматда бўлса, ахир, Суперлигадаги ҳар бир жамоа ҳали бирорта очко тўпламасдан туриб, кучли 12таликдаги ўрнини нақд қилиб қўйишди, нима дедингиз? Энди уларда фақат бир мақсад – чемпионлик учун кураш қолади-да, албатта.

Гапни айлантириш шарт эмас, ростини айтганда, кимдур жамоаларга айнан мана шундай баёнотлар билан чиқишни тавсия қилгандек туюлди менга, тағин билмадим. Услубга қарасак, ҳали ариқдан сакраб ўтмасдан туриб, мақтаниш футболимизнинг характерига жуда ёпишиб бормоқда. Формат ўзгарди, жуда баҳсли тарзда ўзгарди, баъзи эътирозларга жавобан, айнан жамоалар сонининг камайиши чемпионатимизни қизитиб юбориши ҳақида бонг урилди. Шундай экан, камтаргина жамоаларимизни жанг арафасидаги боксёрлар ёки торедо қафасларидаги буқаларга монанд таништириш зарар қилмайди.

Таваккалчининг ишини худо ўнглабди, деганларидек, ҳозир ҳеч қандай эътироз қила олмаймиз ҳам, қизиғи. Ана, Англия ёки Германияда чемпион аллақачон аниқ бўлиб турган пайтда, бизда биринчи ва охирги ўринлар ўртасидаги фарқ атиги 4 очкони ташкил қилмоқда. Даҳшат! Ҳаммада чемпионликка имконият бор, олға!

Қаҳрамон Асланов