Грецияда майдонга қурол билан чопиб чиққан клуб президенти қидирилмоқда. Чемпионат тўхтатилиши мумкин
March 12, 2018, 6:37 p.m. 4477

Грециянинг ПАОК клуби президенти Иван Саввидининг АЕК клубига қарши ўйин вақтида амалга оширилган хатти-ҳаракатлари ортидан мамлакат чемпионати тўхтатилиши мумкин.

Греция бош вазири Алексис Ципрас ва Спорт вазири ўринбосари Георгис Вассилиадис кейинги тур ўйинлари ўтказилмаслигини исташмоқда.

Бундан ташқари, полицияга Саввидини ва у билан бирга майдонга югуриб чиққан унинг тансоқчиларини ҳибсга олиш учун ордер берилган.

11 март куни ПАОК ва АЕК жамоалари учрашуви охирида ҳакам мезбонлар жамоасининг голини ҳисобга олмаганидан кейин майдонда катта жанжал келиб чиққанди. Бу тартибсизлик фонида ПАОКнинг хўжайини, россиялик бизнесмен Иван Саввиди қурол кўтариб майдонга тушиши ва бошқаларга таҳдид қилиши катта резонанс келтириб чиқарди. 

Қайд этилишича, Греция футбол федерацияси УЕФА билан бу масалада ҳамкорлик қилади.

Ert.gr нашрининг ёзишича, бу воқеа туфайли Греция клублари ва мамлакат терма жамоаси УЕФА ва ФИФА доирасидаги барча турнирлардан четлатилиши ҳам мумкин.