Греция чемпионати тўхтатилди. Терма жамоа ва грек клублари халқаро турнирлардан четлатилиши мумкин
March 12, 2018, 7:03 p.m. 3743

Греция Спорт вазири ўринбосари Георгиос Василиадис футбол бўйича мамлакат чемпионатини тўхтатиш қарори қабул қилингани ҳақида маълум қилди. Бунга чемпионатнинг 25-тури доирасида ПАОК ва АЕК жамоалари ўртасида кечган учрашувда рўй берган ҳодиса сабаб бўлди.

Ўйин охирида мезбонларнинг голи ҳакам томонидан ҳисобга олинмагач, ПАОК раҳбари Иван Саввиди майдонга тушиб келганди. Унинг ёнида тўппончаси бўлгани эътиборни қаратди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Саввиди рақиб жамоа вакилларига ҳамда ўйин ҳакамига таҳдид қилган.

«Биз чемпионатни тўхтатишга қарор қилдик. Ўйинлар барча томонлар иштирокида янги тартиб-қоидалар ишлаб чиқилганидан кейин давом эттирилиши мумкин», дея Василиадиснинг сўзларини келтирган AFP.

Бундан аввалроқ УЕФА ва ФИФА Греция чемпионатида рўй берган ушбу ҳодисани қаттиқ қоралаганди. ert.gr нашри маълумотига кўра, ушбу ҳодиса туфайли Греция жамоалари ва терма жамоа УЕФА ҳамда ФИФА турнирларидан четлатилиши мумкин.

FP портали айни вақтда Греция полицияси Саввиди ва унинг қўриқчиларини қидираётгани, улар ҳибсга олиниши учун ордер берилгани маълум бўлганди.