Видео: «Вест Ҳэм» сардори майдонга тушиб келган мухлисни урди
March 11, 2018, 9:59 a.m. 6793

«Вест Ҳэм» сардори Марк Нобл Англия чемпионатининг 30-турида «Бёрнли»га қарши ўйин вақтида юзага келган тартибсизликлар фонида майдонга тушиб келган мухлислардан бирини уриб йиқитди.

У мухлисни калтаклашни бошлаганида бошқа футболчилар уни ажратиб олиб кетишди.

Ўйиндан кейин Нобл бу воқеа борасида изоҳ берди.

«Бу анчадан буён давом этмоқда. Буни фақат ғалаба қозонсак тўхтатишимиз мумкин. Аммо биз юта олмаяпмиз. Фақат ғалаба мухлисларни тинчлантириши мумкин. Биз уларнинг хафагарчиликларини тўғри тушунамиз. Лекин агар улар бизни қўллаб-қувватлашмаса, яна ютқазиб қўяверамиз. Бундай муҳит ҳукм сурар экан, биз ўйнай олмаймиз.

Одамлар биз футболчилар эканимизни тушуниши керак. Биз ўзимизни ҳимоя қила олишимиз керак. Майдонга кўп мухлислар тушиб кетишди. Улар бу ҳаракатлари орқали раҳбариятга бўлган ғазабларини билдиришди. Мен эса ўзимга ташланишганида ўзимни ҳимоя қилишим керак.

Футболда фақат ғалабаларни қадрлашади. Лекин «Вест Ҳэм» ҳам бошқа исталган жамоа қатори, «Манчестер Сити»ни ҳисобга олмаганда, ютқазиши мумкин бўлган жамоадир. Бизга ҳозир қийин, мухлислар раҳбариятдан қаттиқ норози. Жамоадаги кўп футболчилар аввал бундай ҳолатга тушишмаган», деган Нобл.