Саудияни менсимаган ЎФА вақтни ҳам писанд қилмайдими? Олимпия термасида аслида кимлар ўйнайди?
March 9, 2018, 6:43 p.m. 12213

Ўзбекистон футбол ассоциацияси тахминан 4 ойдан бери Равшан Ҳайдаров бошчилик қиладиган терма жамоани олимпия терма жамоаси деб атаб келади. Расмий сайтда бу жамоа доимий равишда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси деб юритилади.

Бугун худди шу ташкилот расмий манбасида Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Саудия Арабистони терма жамоасига қарши водийда бўлиб ўтиши лозим бўлган учрашувлари бекор қилингани хабар қилинди:

«Ўзбекистон олимпия терма жамоаси шу йилнинг март ойида Саудия Арабистонига қарши иккита ўртоқлик ўйини ўтказиши ҳақида аввалроқ маълум қилган эдик. Аммо Ўзбекистон ОТЖ март ойида Саудия Арабистонига қарши эмас, Кения U-23 терма жамоасига қарши баҳс олиб борадиган бўлди», дейилади расмий маълумотда.

Қўшимча сифатида ЎФА 1-вице президенти Умид Аҳмаджоновнинг қисқача изоҳи келтирилган. Аҳмаджоновнинг фикрича, Саудия Арабистони биз учун кучли рақиб эмас экан:

«Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоа олдига Токиода бўладиган Олимпиадага йўлланма олиш вазифаси қўйилган. Шу сабабли улар Олимпия ўйинлари саралашига жиддий тайёргарлик кўриши учун кучлироқ рақиб билан ўртоқлик ўйини ўтказиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Саудия Арабистонига ҳурмат сақлаган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, ушбу терма жамоа Осиё вакили. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эса Осиёда тенгсиз эканини Хитойдаги мусобақада исботлаб бўлди.

Африка терма жамоалари жисмоний жиҳатдан анча бақувват ва кучли рақиб ҳисобланишади, қолаверса, ўз олдига Токио Олимпиадасига йўлланма олиш вазифасини қўйган Ўзбекистон ОТЖ учун ҳам бу терма жамоа билан ўйин ўтказиш анча қизиқарли ва фойдали бўлади».

Хўп, буниси тушунарли. Демак Кения терма жамоаси кучли деб ҳисоблашган. Бунга мен ҳам осонгина ишониб кетишим мумкин эди. Йўқ. Ўзимдаги саволларга жавоб бериш учун интернетни титкиладим ва жавоб топдим. Бугун Кения U-23 терма жамоасининг ўзагини ташкил қилиши лозим бўлган, Токио олимпиадаси саралашида қатнашадиган терма жамоа ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2017да иштирок этмаган. Иштирок этиш тугул ЖЧ йўлланмаси ўйналадиган 20 ёшгача Африка чемпионатига чиқа олмаган жамоа экан. Таққослаш учун айтаман. Бугунги Саудия Арабистони U-23 терма жамоаси бир йил олдин ўша жаҳон чемпионатида иштирок этган. Нафақат иштирок этган, балки нимчорак финалга қадар етиб борган ва у ерда кейинчалик ярим финалгача етиб борган Уругвай терма жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйган. Биз кучли деб қараётган Кения терма жамоаси эса мундиалга чиқиш тугул, саралаш вазифасини ўтайдиган қитъа чемпионатига ҳам чиқа олмаган. Тасаввур қилиб кўрдингизми қандай кучли терма жамоа билан ўйнаётганимизни?

Майли, келинг Кениянинг мақсади олимпиадага йўлланма олиш эмас деб ҳисоблаб турамиз. Шу маънода U-23 терма жамоаси ҳозиргача 1995 йилда туғилган футболчиларни ҳам ўйнатади, деб ҳисобладим ва 2015 йилдаги мусобақаларни ҳам кузатдим. Ўша-ўша гап. Кения терма жамоаси икки йил олдинги мусобақада ҳам ҳаттоки ЖЧ саралаши бўлган Африка чемпионатига чиқа олмаган. Қани бизга ваъда қилинган кучли жамоа бу ерда? Бу биринчидан.

Иккинчидан, юқоридаги мавзуга қайтамиз. Айтганимиздек анчадан бери Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги терма жамоани расмий манбамиз олимпия терма жамоаси сифатида таништириб келмоқда. Менинг тушунчам бўйича олимпия терма жамоаси бу 4 йилда бир марта ўтказиладиган Олимпиада ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган, ўша мусобақа вақтида 23 ёшдан ошмаган футболчилардир. Лекин Равшан Ҳайдаровнинг олимпия терма жамоаси сифатида таништирилаётган жамоасининг ўзаги 1995-96 йилларда туғилган, яъни Токио олимпиадаси вақтида 23 ёшдан ошадиган, қоида бўйича мусобақа ёш чегарасидан ўтиб кетадиган футболчиларку? Хўш... Осиё чемпионлиги қўлга киритилганидан кейин кўп жойларда интервью берган жамоа бош мураббийи ҳам, расмий вакиллар ҳам келгусидаги режалари ҳақида айтганда Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш, Токио йўлланмаси ҳақида гапиришди. Ҳеч қаерда бу жамоанинг 1995-96 йилларда туғилган футболчилари бошқа ўйнамаслиги ёки шунга ўхшаш гаплар ишлатилмади. Демак ЎФА расмий сайти ёзган ва ёзаётган олимпия терма жамоаси ҳамон ўша жамоа. Ўша йигитлар. 23 ёшга кириб бўлган Ўринбоевдан тортиб, асосий терма жамоага чақирилмаган бошқа футболчиларгача. Ҳа айтганча, яхши ҳам бу ўртада миллий терма жамоа ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказадиган бўлди ва Кападзе Осиё чемпионати қаҳрамонларидан 8 нафарини асосий жамоанинг кенгайтирилган таркибига жалб қилди. Катта эҳтимол билан сўнгги 23талик рўйхатдан уларнинг 2-3 нафари тушиб қолса керак. Шартли равишда 5 нафари миллий терма жамоада қолди дейлик. Март ойидаги ўртоқлик учрашувида балки ҳақиқий олимпия терма жамоаси ёшидаги 5 футболчини синаб олиш имконияти яратилади, дегани. Лекин ҳозирча бу ҳам шунчаки тахмин. Ўша 5 футболчи ҳам 95-96 йилда туғилганлар билан тўлдирилиши мумкин-ку, масалан.

Энди Аҳмаджоновнинг изоҳига қайтамиз.

«Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоа олдига Токиода бўладиган Олимпиадага йўлланма олиш вазифаси қўйилган. Шу сабабли улар Олимпия ўйинлари саралашига жиддий тайёргарлик кўриши учун кучлироқ рақиб билан ўртоқлик ўйини ўтказиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Саудия Арабистонига ҳурмат сақлаган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, ушбу терма жамоа Осиё вакили. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эса Осиёда тенгсиз эканини Хитойдаги мусобақада исботлаб бўлди».

Келинг энди аниқлаштириб олайлик. Равшан Ҳайдаров терма жамоаси олдига олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилибди. Энди саволга жавоб беринг, олимпиада саралашида кимлар қатнашади? Олимпия терма жамоаси қатнашади албатта. Лекин Аҳмаджонов айтганидек, Осиёда тенгсиз эканини исботлаб бўлган жамоанинг асосий ўйинчиларидан фақатгина Яхшибоев ва Ғаниев икки йилдан сўнг бўладиган саралашда иштирок этадиган ёшда бўлишини ЎФАдагилар билармикан? Ёки олимпия терма жамоаси деб ёзишларига қараганда улар ҳам худди шу таркиб билан иштирок этади деб ҳисоблаб юришибдимикан? Ўзи ростан ҳам ҳозирги жамоа олимпия терма жамоасими, ёки U-23? Аниқлаштириб олайлик.

Токиода бўлиб ўтадиган олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини уддалашга уринадиган терма жамоада энг ёши каттаси 1997 йилда туғилган футболчилар бўлишади. Йўлланма учун курашадиган ҳақиқий олимпия терма жамоаси бу 2 йил олдин ёшлар ўртасида ЖЧ йўлланмасини қўлга кирита олмаган Яхшибоев-у, Ғаниевлар бўлади. Ўша биз писанд қилмаётган Саудия Арабистони 1/8 финалга қадар етиб борган мусобақада иштирок этишни ҳам уддалай олмаган жамоа аслида курашади. Бу ерда тенгсиз бўлишимизга катта ҳисса қўшган Ҳамробеков ёки Сиддиқов, ёки Ашурматовлар бизга ёрдам бера олишмайди. Бугун «Металлург» асосий таркибига ҳам кира олмаётган, январдаги мусобақада захира ўриндиғини иситиб ўтирган, уч йилдан бери энг умидли футболчимиз сифатида порлашини кутиб яшаётганимиз, лекин умидларимизни писанд қилмаётган Сухроб Нуриллоевлар ўйнайди.

Осиёда тенгсиз бўлдик. Гап йўқ. Ҳаммадан ҳам кўп хурсанд бўлганлар ичида мен ҳам бор эдим. Лекин биласизми, хурсандчилик ортида ҳалиям сақланиб қолаётган хавотирим бор эди. 23 ёшгача Осиё чемпионатларининг энг асосийси бу олимпиадага саралаш мусобақаси саналади. Агар, худо кўрсатмасин, икки йилдан кейинги мусобақада ҳақиқий Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Токио йўлланмасини қўлга кирита олмаса, бир-икки ой олдин байрам қилган ғалабамизнинг қиймати нолга тенг бўлади. Ҳа, айнан нолга! Бу Осиё чемпионатидаги тенгсиз бўлганимизни ҳеч ким эсламайди. Ўша мусобақада муваффақиятсиз қатнашсада, лекин ҳақиқий олимпия терма жамоаси билан иштирок этиб, кейинги асосий мусобақага тайёргарлик кўрган жамоа, йўлланмани қўлга киритса, айнан ўша жамоа ҳақиқий қаҳрамон бўлади.

Ҳа, яна бир масала. Ўзбекистон терма жамоаси Олимпиада йўлланмаси учун Осиё терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Асосан араб терма жамоаларига қарши. Одатда терма жамоалар мусобақаларга тайёргарлик кўришаётганда бўлажак рақибларига ўхшаш спарринг рақиблар топишга ҳаракат қилишади. Марокаш ЖЧда Эрон билан дуч келишини ҳисобга олиб, услуби ўхшашроқ Ўзбекистонга қарши ўйнайди ва ҳоказо. Лекин ҳаттоки қитъа чемпионатида ҳам иштирок эта олмаётган Кения терма жамоаси билан ўйин бизга қайси жамоага қарши тайёргарлик кўришимиз мумкин? Бунисини ақлимга сиғдира олмадим.

Ўзбек мухлиси футболнинг собиқ раҳбариятидаги кишиларнинг шарофати билан ўртоқлик учрашувларининг белгиланиши ва кўп ўтмасдан бекор бўлишига ўрганиб қолганди. Бекор қилинмаган учрашувдан кўра, бекор қилингани кўпроқ бўлган. Тармоқларга кириб изласангиз,  юзлаб латифалар ҳам тўқилган бу мавзуда. Лекин ўша бекор бўлган учрашувларнинг ҳеч бирида сабаб сифатида рақибни кучсиз деб ҳисоблаб биз воз кечганимиз кўрсатилмаган. Айтмоқчиманки, бу мухлисларга ўйиннинг бекор қилиниши сабабларини ноодатий йўл билан тушунтириш шарт эмас. Сабабда ҳам мантиқ бўлиши керак. Кения терма жамоасини эса Саудия Арабистони терма жамоасидан кучли деб баҳолаш учун эса шу пайтгача ҳеч қаерда кўрсатилмаган асос бўлиши керак. Биз топган реал асосларда эса бу йўқ эди...

Агар ростан ҳам ЎФА Кенияни Саудиядан кучли деб ҳисоблагани учунгина ўзлари хоҳлаб рақибга рад жавоби берилиб, Кения варианти танланган бўлса (олдинроқ қаерда эди? Нега учрашув белгиланишидан олдин Саудия кучсиз экани айтилмади ва бугун бирданига Саудия Осиёда биз тенгсиз бўлган қитъанинг муносиб жамоаси бўлмай қолди? Саволлар бундан ҳам кўп) очиғи билмадим...

P.S. Бу терма жамоанинг асл мақсади нима деб ўзимга кўп савол бераман. Индонезияда ўтадиган Осиё ўйинларига қандай таркиб билан борамиз, бу мусобақа бизга нима беради, деб кўп ўйлайман. Бундан бир ойча олдин Равшан Ҳайдаров билан қисқача интервью қилганимда бу саволга қайсидир маънода жавоб олгандим. Ўшанда нега чемпионатга тўлиқ таркиб олиб кетилмагани, «Насаф»да асосий таркибда ўйнаётган Ислом Кенжабоевни мисол қилиб келтирганимда Ҳайдаров Отабек Шукуровнинг хизматидан охиригача умид қилгандик, деб жавоб берганди. (УШБУ ҲАВОЛАда интервью билан тўлиқ танишиб олишингиз мумкин) Ўшанда тушунгандимки, бу терма жамоа учун бугунги натижалар муҳим. Бугун қўлга киритиладиган натижа асосийси. Токиогача бир гап бўлар, дегандек эди.

Азамат Муродов