Узбек O'zbek
Қирол ва масхарабоз. «ПСЖ» яна плей-оффда ютқазди
Чоршанба, 07 Март
11636

«Трибуна» Европа Чемпионлар лигасининг нимчорак финали жавоб учрашувлари доирасида кечган «ПСЖ» - «Реал» ўйинини таҳлил қилади.

6 март оқшомида «ПСЖ» «Реал»га ўз майдонида ҳам ютқазди ва Чемпионлар лигасининг плей-оффида биринчи босқичданоқ чиқиб кетди. Трансферлар учун миллионлаб евро сарфлаган жамоа Зидан бошчилигидаги юлдузларга қарши чора топа олмади. Криштиану турнирда қаторасига тўққизинчи ўйинда гол урди ва ван Нистелройнинг рекордини такрорлади.

«ПСЖ» - «Реал» - 1:2 (0:0)
Голлар: Криштиану Роналду, 51 (0:1). Кавани, 71 (1:1). Каземиру, 80 (1:2).  
«ПСЖ» (Париж): Ареола, Дани Алвес, Маркиньюс, Тиагу Силва, Берчиче, Верратти, Тиагу Мотта (Пасторе, 59), Рабьо, Ди Мария (Дракслер, 76), Кавани, Мбаппе (Диарра, 85).
«Реал» (Мадрид): Навас, Карвахаль, Серхио Рамос, Варан, Марселу, Васкес, Каземиро, Ковачич (Кроос, 71), Асенсио (Иско, 82), Бензема (Бэйл, 76), Криштиану Роналду.
Огоҳлантиришлар: Верратти, 20. Ковачич, 32. Серхио Рамос, 78. Кавани, 84.  
Четлатиш: Верратти, 66 (иккинчи сариқ карточка).  
Ҳакам: Брих (Германия).
6 март. Париж. «Парк де Пренс» стадиони.
Биринчи ўйин - 1:3.

Бебаҳо орзу
Ёзда шарқдан эсган иссиқ шамол «Барселона»нинг трансфер режаларини барбод қилди ва бу шамол ортга Неймар билан қайтди. 222 миллион евро эвазига харид қилинган бразилиялик футболчи парижликлар тожининг энг тепасида порлаши керак эди, қатарлик шайхлар бир неча йилдан буён Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишни орзу қилмоқда. Улар қимматбаҳо тошлар учун пулларни аямаяпти, Неймардан ташқари бошқа футболчилар ҳам сотиб олинди, ёзги трансферларга жами 418 миллион евро сарфланди (Мбаппе учун 180 млн шу йил ёзида тўланади). Сайқаллаш ишлари аъло даражада олиб борилди, энди тож кийдириш маросимини ўтказиш қолганди.

Олмоснинг йўқолиши


Жамоа Чемпионлар лигаси нимчорак финалига етиб келди. Лекин «Қироллик клуби» турганида «Шаҳзодалар хиёбони» («ПСЖ» стадиони) мезбонларига ким тож кийдирарди? Парижликларнинг гуруҳ босқичидаги ўйинлари ҳисобмас. «Реал» билан ўйингача бўлган босқич - тайёрланиш эди, бу ўйинлар симулятордаги ўйинларга ўхшарди. Агар Мадриддаги ўйинда ғалаба сақлаб қолинганида парижликлар орзу сари яна бир қадам ташлаган бўларди, агар Парижда керакли ҳисобда ғалаба қозонилганида бу қадам барибир ташланган бўларди. Аммо энг керакли вақтда «Шоҳ» олмос тождан сирғалиб тушди - бир ҳафта муқаддам Неймар товонини жароҳатлаб олди ва 2 ойга сафдан чиқди.

Неймарнинг сафдан чиқиши «ПСЖ»да деярли имконият қолдирмади. Мадридда кечган ўйинда фақат унинг индивидуал ҳаракатлари ёдда қолганди, жавоб учрашувида эса шу ҳам бўлмади. 1:3 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин жавоб учрашувида керакли натижага эришиш учун мукаммал жамоавий ўйин кўрсатиш талаб этиларди. Ўйиндан аввал парижлик мухлислар жамоасига ёрдам бериш мақсадида «Реал» футболчилари жойлашган меҳмонхона олдида тўполон уюштиришди. Парижда уруш кайфияти ҳосил қилинди, аммо футболчиларга бу ёрдам бера олмади.

116-йиллик тарих
Агар жамоа сафардан дуранг билан қайтганида «ПСЖ» Неймарсиз ҳам натижага эришиши, Неймар ўрнини захира футболчиларидан бири босиб, «Реал»ни қарши ҳужумларда «тутиши» мумкин эди. Аммо «ПСЖ» ютқазганди ва ҳимояга кўпроқ эътибор қаратаётган, бўш зоналар қолдирмаган жамоага ҳужум қилишга мажбур бўлди. 

«Реал» барча муҳим ўйинларда бўлгани каби юқори прессинг уюштирди, жамоанинг хато трансфери деб қаралган Матео Ковачич рақибдан тўпни олиб қўяр, олдинга ҳаракатланар ва тўпни жамоадошларига тўғри узатиб берарди. Каземиро ҳам ҳужумларни тўсишда хато қилмади, Лукас Васкес қора ишларни аъло даражада бажарди, қанотларда ҳаракатланган Марсело ва Асенсио ўзларига эътироз учун ўрин қолдиришмади.

Бундай прессингда «ПСЖ» ўйини сочилиб кетди. Мезбонлар тўп билан жуда кам вақт муомала қилишди, 14-дақиқада Марко Верратти қарши ҳужум уюштириш учун ажойиб имкониятни йўққа чиқаргач, жамоа фақат узун паслардан фойдаланишга ўтиб олди, «ПСЖ»нинг биринчи зарбаси жарима нуқтасидан Анхель Ди Мария томонидан берилди.

Бир йил муқаддам Барселонада фаолиятидаги энг ёмон ўйинлардан бирини бошдан кечирган Эмеридан бу сафар жамоаси билан ўшанда «Барселона» кўрсатган иродани намойиш этиши талаб этиларди. Франция чемпионатида яккапешқадам бўлган, барча турнирлар доирасида қаторасига 19 ўйинда ғалаба қозониб келаётган «ПСЖ»дан кучли ўйин кутилганди. Аммо 6 март куни 116 йиллик туғилган кунини нишонлаган «Реал» кучлироқ ўйин намойиш этди. Ареола биринчи бўлимда жамоасини иккита муқаррар голдан сақлаб қолди, Рамос ва Бензема гол уришга жуда яқин келишди. Жамоа ҳимояси ҳам яхши ҳаракат қилди, аммо ҳужумда Мбаппе ва Каванининг ўйини очилмади. Иккинчи бўлим бошидаёқ Роналду ҳисобни очди ва вазифани янада қийинлаштирди.

«ПСЖ» умидни йўқота бошлагач, жамоанинг тактик жиҳатдан кучсизлиги аён бўла бошлагач, футболчиларда психоз ҳолати юзага кела бошлади. Марко Верратти биринчи бўлимда Ковачичга қўполлик қилганида сариқ карточка олганди, иккинчи бўлимда ўзига ишлатилган кичик фолдан кейин ўйин ҳаками Феликс Брихга рақибни жазоламагани учун бақира бошлади ва ҳакам дарҳол унга иккинчи сариқ карточкани кўрсатди.

Шундан кейин майдон марказида Адриен Рабьо ёлғиз қолди, жамоа баъзи вазиятларда 6 киши бўлиб ҳимояланишга мажбур бўлди, Каванининг голи ўйинга интрига қайтара олмади, «ПСЖ» ҳимояси нақадар аянчли аҳволда бўлмасин, бечора Бензема вазиятларни кўкка совуриб, ватандошларига ёрдам бериб турди, кўп ўтмай Каземиронинг голидан кейин трибуналар файерларнинг тутунига тўлиб кетди.

Энди «ПСЖ» Зиданни Парижга олиб келиш устида иш бошлаши мумкин.

Эмерининг вақти тугади


Ҳужум чизиғи учун қарийб ярим миллиард евро сарфлаш етарли бўлмади. Тож чарақлаши учун уни олмослар билан безатиш етарли бўлмади. Тожни қўлда тутиб туриш учун кучли рақиб қаршисида қалтирамаслик керак эди. Эмерида ғолиблик руҳияти бор, лекин бу ғалабалар Европа Лигасида бўлган ва бу даража ўзини кўрсатиб қўйди. У иккинчи мавсумдирки ишончни оқламаяпти, кўриниб турибдики, жамоа психологик муаммолар туфайли ютқазмоқда, кўриниб турибдики, уни истеъфога чиқариш вақти келган. Унинг бошқарувидаги «ПСЖ» Қатар саҳросидаги сароб бўлиб чиқди. Бу сароб «Парк де Пренс» ўйингоҳидаги тутунлар орасида йўқолди.

Сарфланган пуллар - шамолга учган пуллар бўлиб чиқди. Энди янги довул туриши керак бўлади. Энди жамоага Анчелотти даражасидаги тажрибали ва руҳшунос ёки Симеоне даражасидаги қаттиққўл мураббийни олиб келиш керак бўлади. «ПСЖ»даги вазият шундагина ўзгариши мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз