«Илтимос, ўша лаънатланган хонангдан чиқиб кел!» «Фиорентина» футболчиси вафот этган Асторига ўта таъсирли хат ёзди
March 6, 2018, 4:45 p.m. 19052

«Фиорентина» клуби яримҳимоячиси Риккардо Сапонара ўзининг «Инстаграм»даги шахсий саҳифасида 4 март куни вафот этган жамоадоши Давиде Асторига мактуб ёзиб қолдирди.

«Сардор, менинг сардорим! Нега биз билан бирга нонушта қилишга келмадинг? Нима учун бутсаларингни [дарвозабон] Марконинг хонасидан олиб кетишга келмадинг? Нима учун одатдагидек ўзинг севган апельсин сокини ичиш учун келмадинг?

Бизга бошқалар «Ҳаёт давом этади» дейишмоқда. Биз ўзимизни қўлга олишимиз ва олға боришимиз кераклигини айтишмоқда. Лекин қандай қилиб сенсиз бу ишни бажара оламиз?

Энди ким эрта тонгда нонушта пайти ошхонага ўзининг табассуми билан кириб келиб, бизга илиқлик улашади? Энди ким биздан тунда нима иш қилганимизни сўраб, бизни кулдиради? Ким хато қилган ёш футболчини койиб, уларнинг маҳоратли бўлиши учун жон куйдиради? Энди ким айлана бўлиб икки тепар ўйини ўйнашни ташкил этади-ю, ким унда Марконинг жиғига тегади? Биз MasterChefнинг шоусидаги эпизодларни, Флоренциядаги ресторанларни, сериалларни ва ўзимиз ўйнаган ўйинларни ким билан муҳокама қиламиз? Мен қийин ўтган машғулотлардан чарчаганимда кимга суяниб тураман энди?

Илтимос, қандай қилиб бўлсада, қайт! Ахир биз биргаликда «La La Land» фильмини кўришимиз ва уни муҳокама қилишимиз керак. Илтимос, Флоренцияга қайт, улар сен билан шартномани узайтириш учун офисда кутишмоқда. Улар сендаги бор меҳрибончилигу, бизга ҳар куни кўрсатган ижобий хислатларингни соғинишмоқда. Илтимос, ўша лаънатланган хонадан чиқиб кел. Эртага ҳаммамиз машғулотга қайтамиз ва сени ҳаммамиз кутамиз.

Ҳаётда сиз билан кўришган-у, лекин сиз билан ҳеч қачон мулоқот қилмаганлар бўлади. Ва шу билан бирга шундай одамлар бўлади-ки, сиз билан ҳеч қачон кўришмаган лекин, илк кўришдаёқ «Флоренцияга хуш келибсан , Рики» деб кутиб олади. У шундай эди.

Қаерда бўлсанг ҳам, бизнинг дарвозаларни ҳимоя қилишда ва бизга тўғри йўл кўрсатишда давом эт!

Сардор, менинг сардорим! Алвидо, сардор!», деб ёзган Сапонара.

Эслатиб ўтамиз, Астори 4 март тонги арафасида «Удинезе»га қарши учрашув олдидан Удинедаги меҳмонхоналарнинг бирида ўлик ҳолида топилганди. Унинг ўлимига уйқу вақтида юрак уришининг тўхтаб қолиши ташхиси қўйилган.