«Арсенал» антирекорд ўрнатди
Feb. 26, 2018, 9:58 a.m. 2327

Англия Лигаси кубоги финалида «Манчестер Сити»га ютқазган Лондоннинг «Арсенал» клуби турнир тарихида антирекорд ўрнатди.

Лондонликлар клуби кубокда 8 марта финалга чиқиб, 6 марта ютқазмоқда (1968, 1969, 1988, 2007, 2011, 2018). Бу эса турнир антирекорди ҳисобланади.

«Арсенал» фақат икки марта, 1987 ва 1993 йилларда совринга эга чиққан. Венгер даврида жамоа 2007 йили «Челси»га, 2011 йили «Бирмингем»га ютқазганди. 

Лондон клуби бош мураббийи Арсен Венгер Англия Лигаси кубоги финалида учинчи марта ютқазди ва «МЮ» бош мураббийи Алекс Фергюсон билан бу борада тенглашиб олди. Шу билан биргаликда, шотландиялик мутахассис 4 марта турнирда ғолиб чиққан, француз эса бир марта ҳам бу кубокни боши узра кўтармаган.

«Манчестер Сити» 25 февраль куни «Уэмбли»да кечган финал ўйинида «Арсенал» дарвозасига 3 гол йўллаб, ғолиб бўлди ва совринга эга чиқди. Бу Хосеп Гвардиола учун Англиядаги илк совринга айланди.