Испания ва Англия тўқнашуви: 2-раунд
Feb. 21, 2018, 5:45 p.m. 6676

Бугун Европа Чемпионлар Лигасида нимчорак финалнинг сўнгги жуфтликлари дастлабки баҳсда майдонга тушишади. «Шахтёр» ўз майдонида «Рома»ни қабул қилса, «Севилья» «Рамон Санчес Песхуан»да «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилади. 
Эътиборингизга кўпчилик томонидан қизиқиш бўладиган иккинчи жуфтлик ҳақида билганларимизни ҳавола қиламиз.

УЧРАШУВЛАР ТАРИХИ
Бу икки жамоа ҳеч қачон расмий ўйинларда куч синашишмаган. «Севилья» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасидаги ягона учрашув ўртоқлик мақомида бўлиб, 2013 йилнинг ёзида бўлиб ўтган ва ўша ўйинда испанлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Умуман «Манчестер Юнайтед»нинг испан жамоаларига қарши  у қадар яхши статистикага эга эмаслигини қайд этиш мумкин. Хусусан, Манчестер клуби испан жамоаларига қарши ўтказган сўнгги 14 учрашувда атиги 7 гол урган холос. Бу ўйинларнинг бирортасида ҳам «Манчестер Юнайтед» 1 дан ортиқ гол уришни уддалай олмаган.

Шу билан биргаликда, инглизларни хурсанд қиладиган факт ҳам бор – «Севилья» Европа Чемпионлар Лигасида доирасидаги плей-оффларда ўз майдонидаги ўйинларда дарвозасини қуруқ сақлай олмаган. Меҳмонлар доим гол уришга муваффақ бўлишган.

«Севилья» гуруҳ босқичида бошқа бир инглиз жамоаси – «Ливерпуль» билан бир гуруҳда тўп сурди. «Энфилд»даги ўйинда томонлар 2:2 га «рози бўлишди», Севильядаги ўйинда эса, мезбонлар 0:3 ҳисобида орқада бораётиб, вазиятни тенглаштиришнинг уддасидан чиқишганди. 

ЖАМОАЛАРНИНГ БУГУНГИ ҲОЛАТИ
«Севилья» шу ойнинг бошида кутилмаганда, «Эйбар»да 1:5 ҳисобида мағлубиятга учраганди.  Аммо кейинги уч ўйинда қаторасига ғалаба қозонди ва бешинчи ўринга кўтарилиб олиш билан бирга, йўл-йўлакай Испания кубоги финалига ҳам чиқди. Январь ойида андалусияликларнинг кубок чорак финалида «Атлетико» каби кучли рақиб устидан икки марта ғалаба қозонганини таъкидлаш жоиз.

«Манчестер Юнайтед» ҳам сўнгги ўйинини мамлакат кубоги доирасида ўтказди ва «Ҳаддерсфилд» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Умуман, янги йилда Моуриньо жамоаси ҳимояда анча ишончли ўйнаб, прагматик натижалар қайд этаётганини айтиш керак. Жамоа сўнгги 10 учрашувнинг 8 тасида ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олди. Шу билан бирга, АПЛдаги сўнгги икки сафар ўйинида «Манчестер Юнайтед» мағлубиятга учрагани эътиборга молик.

Мана шу икки муваффақиятсиз натижа оқибатида жамоа атрофида салбий муҳит юзага келди ва ҳатто Жозе Моуриньо ва жамоа етакчиси Пол Погба ўртасида зиддият юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Ньюкасл»даги ўйинда муддатидан олдин алмаштирилган ва «Ҳаддерсфилд»да бетоб бўлиб қолгани айтилиб, майдонга тушмаган Погбанинг машғулотларга қайтгани айтилмоқда ва катта эҳтимол билан у бугун майдонга тушади.

Жамоаларнинг спорт формаси ҳақида тўхталаётганда, яна бир жиҳатни айтиб ўтиш керак. Январь-февраль ойларида Ла Лига ва Қироллик кубоги тақвими жуда зич кўриниш олади, бу ойларда испан клублари жуда кўп ўйинларда майдонга тушадилар. Юқорида айтилганидек, «Севилья» Испания кубоги ярим финалида ҳам ўйнаганини эътиборга олсак, Монтелла шогирдлари сўнгги 45 кунда 14-ўйинда майдонга тушмоқдалар. Бу деярли ҳар уч кунда биттадан ўйин деганидир. «Боксинг дэй»даги зич тақвимдан қутулган инглизлар эса, аксинча, тур ўйинларида бир қатор танаффусга эга бўлишади. Натижада, худди шу 45 кунда «Манчестер Юнайтед» 8 ўйинда майдонга тушди холос. Яъни бу тарафдан «Севилья»да муаммолар юзага келиши турган гап.

ТАРКИБЛАР
Ўша муаммолар асосан оптимал таркибни йиғишда юзага келади.  «Севилья»нинг етакчи футболчилари Муриэл, Нолито, Банега ва Корреа каби футболчилар жароҳатланганди. Бу номлар ичида айниқса Эвер Банеганинг ўрни мезбонларга жуда билиниши мумкин. Аргентиналик футболчининг тикланиб, машғулотларга қайтгани айтилмоқда, балки, Монтелла уни бугун асосий таркибда тушириши мумкин. Шунингдек, ҳимоячи Коршьянинг ҳам майдонга тушмаслиги аниқ.

Жозе Моуриньо Испанияга 21 футболчини олиб келди. Ўтган ўйинда кичик жароҳатлар туфайли қатнаша олмаган Валенсия ва Рэшфорд ҳам таркибга қайтган, Златан Ибраҳимович ҳам тикланган бўлса-да, Англияда қолди. Феллайни, Жонс, Рохо ва Блинд бу ўйинда аниқ майдонга тушишмайди.

Пол Погба таркибга қайтса керак, аммо Моуриньо ниҳоят 4-3-3 га қайтиб, Матичга шерик сифатида ёш МакТомминейни туширадими ёки Погба яна 4-2-3-1 да таянч ярим ҳимоячилардан бири бўладими, ҳозирдан айтиш қийин. Катта эҳтимол билан, учрашувнинг муҳим эканини эътиборга олиб, Моуриньо анча эҳтиёткор ёндошиши ва уч ярим ҳимоячи билан ҳаракат қилишини кутса бўлади.

Таҳминий таркиблар:
Севилья:
Рико – Меркадо, Кьяер, Ленгле, Эскудеро – Нзонзи, Писарро – Навас, Васкес, Сарабия — Бен Йеддер
Манчестер Юнайтед: Де Хеа – Валенсия, Байи, Смоллинг, Янг – Мактомминей, Погба, Матич – Мата, Лукаку, Санчес

ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР
•  «Севилья» ЕЧЛ да ўз майдонидаги  18 ўйиннинг 13 тасида ғалаба қозонган. Яъни 72 фоиз ўйинларда. Бу кўрсаткич бўйича у фақат «Реал» ва «Барселона»да орқада.
•  ЕЧЛ нинг ушбу мавсумида «Севилья» томонидан урилган голларнинг ярми Бен Йеддерга тегишлидир. 
•  Моуриньо мураббий сифатида «Севилья»га қарши ўтказган 8 ўйиннинг 7 тасида ғалаба қозонган. Бир мағлубият. Тўплар нисбати – 23-6
•  «Манчес тер Юнайтед» сўнгги бор 1/8 финалда испан жамоасига дуч келганида мағлубиятга учраган. 2012/13 мавсумида «Реал» икки ўйин натижасига кўра инглизларни курашдан чиқариб юборганди. 
•  Бу икки клуб Европа Лигасининг сўнгги икки мавсуми ғолиблари ҳисобланишади. 

ЎЙИН ОЛДИДАН

Винченцо Монтелла: Мен мураббий сифатида Жозе Моуриньонинг қаршисига рақиб ўлароқ чиқаётганимдан бахтиёрман. Мен уни ўз ишининг устаси ва тактика ва схемалар борасида ўз қарашларини яратган инсон сифатида ҳурмат қиламан. Мен унинг ёзганларини, у ҳақида ёзилганларни ҳаммасини ўқиганман ва унинг жамоалари кўрсатган ўйинлардан кўп нарса ўрганганман. Айнан ниманинг ҳисобига уни мағлуб этишим мумкинлигини айтишим қийин, кўпроқ шогирдларим ҳақиқий маънода қаҳрамонлик кўрсатишларидан умид қиламан. 

Жозе Моуриньо: Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш ҳақида чорак финаллар босқичида ўйлай бошлаш мумкин. Ҳозир бунга ҳали узоқ. Ҳозирча биз олдимизда кутиб турган қийин тўқнашув ҳақида ўйлаш мумкин. Осон бўлмаслиги аниқ. Монтелла – италиялик, ҳар қандай италиялик мураббий сингари у ҳам жамоасини тартибли ҳимояланишини таъминлаши шубҳасиз. Биз ғалаба қозониш учун энг яхши ўйинимизни кўрсатишимиз керак бўлади.


Қаҳрамон Асланов тайёрлади