«ЧэЛ Классико»: Нимчорак финалнинг энг қизиқарли тўқнашуви олдидан
Feb. 20, 2018, 3:56 p.m. 9987

«Реал» ҳам, «ПСЖ» ҳам хафа бўлмасин-у, ушбу мавсум нимчорак финал ўйинларининг марказий ўйини айнан бугун бўлиб ўтади. Албатта, тилга олинган жуфтлик ҳам таркиб ва салоҳият, турнирда ғалаба қозониш амбициялари бўйича бугунгиларни ортда қолдирар, бўлиши мумкин, аммо «Челси» ва «Барселона» ЕЧЛнинг классикаси ҳисобланади.

Бу ерда шунчаки, топ-юлдузларнинг икки томонга бўлиниб баҳслашишини эмас, фарқли услуб, фарқли ғоя ва йўналишларнинг ўзаро тўқнашувига гувоҳ бўлишимиз, учрашувларни қисқа бўлса-да, футбол оламини иккига бўла олган тарихий ўйинларнинг давоми ўлароқ қабул қилишимиз мумкин. 

ЎЙИНЛАР ТАРИХИ
Кўпчилик эслай олмаслиги мумкин, жамоаларнинг Европадаги энг муҳим турнирдаги дастлабки тўқнашувлари 1999/2000 мавсумининг чорак финалида рўй берганди. У пайтлар Абрамович ҳали «Челси»ни сотиб олмаган, шундай бўлса-да, Десайи, Дешам, Дзола, Флу, Ди Маттео, Петреску каби футболчилар билан «Челси» чорак финалгача етиб боради ва дастлабки ўйинда «Барселона»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлади.

Жавоб ўйини жуда қизиқарли ўтган. Каталонияликлар ўйин тугашига атиги 7 дақиқа қолганда умумий ҳисобни тенглаштиришади, 87-дақиқада эса, Ривалдо пенальтини бажара олмайди. Бразилиялик юлдуз қўшимча таймларнинг биринчисида айбини ювиб, тўртинчи голни уради. Клюйвертнинг 104-дақиқадаги голи барча масалага нуқта қўяди.

Кейинги ўйинларни эслаймиз: Абрамович ва Моуриньонинг янги «Челси»си, Роналдиньонинг суперголи, Мессига ишлатилган қўполлик, Эврёбенинг хатолари, Иньестанинг «олтин голи», Дель Орно, Терри ёки Абидалнинг четлатилишлари, Мессининг ноаниқ пенальтиси, Торреснинг сўнгги дақиқадаги голи – ҳар бири алоҳида ҳикояларга асос бўладиган бу воқеалардан хулоса битта: «Барселона» ва «Челси»нинг тўқнашувлари доим драматик кечган.

Умумий ҳисобда 12 ўйиндан 6 тасида «Челси»нинг қўли баланд келган, «Барселона» 3 ўйинда ғалаба қозонган холос. Тўплар нисбати – 20-20.

Қизиғи, «Барселона» атиги уч ўйинда ғалаба қозонган бўлса-да, уч марта плей-оффда «Челси»ни доғда қолдириб кетганини айтишимиз мумкин. Икки мавсумда «Челси» кейинги босқичга йўлланма олган.

Қизиғи, «Барселона» ва «Челси» плей-оффда 5 маротаба тўқнаш келишган бўлса, уч мартасида бу ўйин ғолиби якунда ЕЧЛ бош совринини қўлга киритган экан.  

Барча ўйинлар. 
ЕЧЛ 1999/2000. Чорак финал. «Челси» – «Барселона» - 3:1, «Барселона» – «Челси» – 5:1
ЕЧЛ 2004/2005. 1/8 финал. «Барселона» – «Челси» – 2:1, «Челси» – «Барселона» - 4:2.
ЕЧЛ 2005/2006. 1/8 финал. «Челси» – «Барселона» – 1:2, «Барселона» – «Челси» – 1:1
ЕЧЛ 2008/2009. Ярим финал. «Барселона» – «Челси» – 0:0, «Челси» – «Барселона» – 1:1.
ЕЧЛ 2006/2007. гуруҳ босқичи. «Челси» – «Барселона» – 1:0, «Барселона» – «Челси» – 2:2.
ЕЧЛ 2011/2012. Ярим финал. «Челси» – «Барселона» – 1:0, «Барселона» – «Челси» – 2:2

ЖАМОАЛАРНИНГ БУГУНГИ ҲОЛАТИ
Антонио Конте жамоаси сўнгги икки учрашувни йирик ҳисобдаги ғалаба билан якунлаган бўлса-да, барқарор натижа кўрсатмоқда, деб айтиш мушкул. Ундан олдин «Челси» аутсайдер клубларга қаторасига икки ўйинда мағлубиятга учради ва 4-ўринга тушиб кетди. Ҳатто Антонио Контенинг истеъфоси ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўла бошлади. Лекин «Челси»нинг еврокубоклардаги муваффақияти кўпинча, ички чемпионатдаги омадсизликлар даврида рўй берганини унутмаслик керак. Бу томондан, сўнгги икки ғалаба «Челси» осмонидаги қора булутларни бироз тарқатгандек бўлди ва жамоа яна жипслашиб олгандек туюлмоқда.

Бунинг устига, бугундан бошлаб жамоа учун мавсумнинг энг муҳим ойи бошланмоқда – «Барселона»га қарши икки ўйин оралиғида «Челси» икки марта Манчестерга сафар қилади ва аввал «Олд Траффорд», кейин «Этиҳад» мезбонларига қарши муҳим ўйинларда майдонга тушади. 17-март куни эса, «Лестер» майдонида Англия кубоги ярим финалига чиқиш учун баҳс ҳам кутиб турибди. Демак, «Челси» қатнашаётган уччала турнирнинг кейинги тақдири мана шу ойга тикилган.

«Барселона» эса, Валверде бошчилигида ўзининг энг барқарор мавсумларидан бирини ўтказмоқда ва мағлубият аламини тотмаган Европадаги ягона жамоа бўлиб турибди. Шунай бўлса-да, сўнгги ўйинларда каталонияликлар муаммоларга дуч келаётганини таъкидлаш керак. «Барселона» охирги 5 ўйинда атиги 6 гол уришга эришди, холос. «Хетафе» ва «Эспаньол»га қарши ўйинларда дуранг натижалар қайд этди. Шунингдек, Испания кубогидаги «Сельта» ва «Эспаньол»га қарши омадсиз ўйинларни ҳам эсга олсак, 2018 йилда «Барселона» , айниқса, гол уриш борасида бироз пасайиш даврини бошдан кечираётганини тан олиш керак.

Айниқса, «Эйбар»га қарши ўйинда жамоа 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, рақибга жуда кўп имконият бериб юборди. Валверде бу ўйиннинг ЕЧЛдаги муҳим ўйинга тайёргарлик сифатида баҳолагани, ички чемпионатдаги таъқибчиларнинг анча ортда эканини инобатга олсак, балки ҳаммаси назорат остидадир, аммо «Челси» каби рақибга қарши ўйин олдидан «Барселона» ўзининг энг оптимал ҳолатида эмаслигини айтган бўлардик.

ТАХМИНИЙ ТАРКИБЛАР
Мезбонлар таркибида Маркус Алонсо, Тиемуэ Бакойоко ва Давид Луизларнинг майдонга тушишлари сўроқ остида. Шунингдек, жамоанинг янги хариди Росс Баркли ҳақида ҳам маълумот йўқ. Меҳмонлар таркибида эса, дисквалификация туфайли ўнг қанот ҳимоячиси Нелсон Семеду ўйнай олмайди. Томас Вермален ҳам ҳали жароҳатидан тўлиқ тикланмаган бўлиши мумкин. Январнинг энг йирик транферларидан бўлган Филипе Коутиньо эса, гуруҳ босқичида «Ливерпуль» таркибида майдонга тушгани боис, «Барселона»га ёрдам бера олмайди. 

Тахминий таркиблар:
ЧЕЛСИ:
Куртуа - Кэйҳилл, Кристиансен, Аспиликуэта – Мозес, Алонсо – Канте, Фабрегас, Дринкуотер – Азар, Мората
БАРСЕЛОНА: Тер Штеген – Роберто, Пике, Умтити, Алба – Бускетс, Ракитич, Иньеста – Дембеле, Месси, Суарес.   

СТАТИСТИК ФАКТЛАР
•  «Челси» иштирок этган сўнгги 4 ўйинда камида 3 гол урилган. 
•  «Барселона» сўнгги 11 ўйиннинг 9 тасида ғалаба қозонди.
•  «Барселона» сафардаги сўнгги 19 ўйиннинг 14 тасида ғалаба қозонган. 
•  «Барселона» қаторасига 7 ўйиндан бери сафар ўйинида майдонни голсиз тарк этмаяпти
•  «Челси» ўз майдонидаги сўнгги 33 ўйиннинг 25 тасида ғалаба қозонган. 
•  Лео Месси «Челси» дарвозасига ҳали бирор марта ҳам гол ура олмаган. 

ҲАКАМ


Учрашувни Жунайт Чақир бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқаради. Бу ном бизга беихтиёр 2011/12 ЕЧЛ ярим финали доирасида «Камп Ноу»да бўлиб ўтган жавоб ўйинини ёдга солиши шубҳасиз. Ўшанда дастлабки ўйинда минимал ҳисобда ғалаба қозонган «Челси» 35-дақиқада гол ўтказиб юборади. Орадан икки дақиқа ўтиб эса, Чақир меҳмонлар сардори Жон Террига қизил карточка кўрсатади. «Барселона» керакли 2-голни ҳам уриб олгач, «Челси» тайм охирида ҳисобни қисқартирганди.

2-тайм бошларида эса, ҳакам «Челси» дарвозасига пенальти белгилайди. Ушбу пенальти ҳам, айниқса, инглиз клублари орасида катта норозиликларга сабаб бўлганди. Лео Месси ушбу пенальтини аниқ амалга ошира олмаган, бир киши кам ўйнаб, жонбозлик кўрсатган «Челси» эса, охирги дақиқада Торреснинг голидан сўнг, барча масалага нуқта қўйганди.

Чақирнинг испан клубларига хайрихоҳлиги кўп бор айтилиб келинса-да, аслини олганда, Туркия футболи яккакурашлар ва услуб борасида инглиз футболига яқин эканини айтиш лозим. Бу томондан айнан турк футболида шаклланган Чақирнинг услуби кўпроқ лондонликларга қўл келиши табиий. Жунайт Чақир Ла-Лигадаги ҳакамлар каби юлдузларга ишлатилган кичик қўполликларга ҳам ҳуштак чалмайди, қаттиқроқ курашларга етарлича «кўз юмади». Бу томондан «Барселона» учун, айнан инглиз клубига қарши ўйинда ноқулай ҳакам танланганини тахмин қилиш мумкин.

ПРОГНОЗ
Аслини олганда, «Челси» таркибидаги испанлар «Барселона»дагидан кам эмас ва мезбонлар сафида собиқ «барсачи»лар Фабрегас ва Педро тўп сурса-да, инглиз клуби ўйин услуби рақиби учун анчагина терсдир. Антонио Конте юқори прессингдан воз кечган ҳолда, ўз жарима майдони яқинида таъқибни кучайтириш ва зичликни ошириш орқали, кўпроқ қарши ҳужумларга урғу беради. 3-5-2 даги икки қанот футболчиларига ҳам кўпроқ ҳимояни мустаҳкамлаш талаб этилади. Бу жиҳатдан Контенинг 3-5-2 схемаси бошқа ҳужумкор жамоаларникидан фарқ қилади. Рақибнинг кучли эканини инобатга олиб, Кантега шерик сифатида Дринкуотернинг майдонга тушиши эса, ҳужумкор футболчиларнинг сонини биттага камайтириши турган гап. Аммо айнан Дринкуотернинг керакли вазиятларда Азар билан бир чизиқда пайдо бўлишини кутиш мумкин. «Челси» шунга яқин схемада охирги марта «Ливерпуль»га қарши сафар ўйинида майдонга тушган ва айтиш керакки, муваффақиятли амалга ошган.

Антонио Конте бу ўйинда рақибнинг тўпни назорат қилиш устунлигини тан олган ҳолда, аксарият дақиқаларни тўпсиз ўтказишга тайёр эканини очиқ айтди ва бугун ҳимоявий вариантга урғу беришини яшириб ўтирмади. Шу ўринда Контенинг айнан испан футболига қарши муваффақият қозониши мумкин бўлган услуби бор эканини айтиш керак. Эсингизда бўлса, Евро-2016 да Контенинг Италияси Испанияга қарши ўйинда жуда ақлли ўйин намойиш қилиб, ғалаба қозонганди. Ҳаммаси «Челси» футболчиларининг мураббий кўрсатмаларини қай даражада бажара олишига боғлиқ.

«Барселона» эса, одатий сафар ўйинлари сингари, минимум рискни қабул қилган ҳолда, тўпни назорат қилишга интилиши, аммо бор куч билан олдинга ташланмаслигини кутса бўлади. Жамоа бемалол голли дурангга рози бўлиши мумкин ва барча масалани шу бугун ҳал қилишга қаттиқ чиранмайди. «Камп Ноу»да имконият кўпроқ бўлишини ва ички чемпионатда муаммолар камлигини эътиборга олсак, испанлар стратегияни икки ўйин учун режалаштиришлари мумкин.

Катта эҳтимол билан, ўйинда жуда кам гол урилади ва ё 1:1 ҳисобидаги дуранг ёки жамоалардан бирининг минимал ғалабаси билан тугаши мумкин. Агар қизил карточка, кутилмаган хатолар ва пенальтилар рўй бермаса, албатта. 

Европадаги барча машҳур букмекерлик корхоналари «Барселона»ни бу ўйинда фаворит эканини қайд этаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. 

Қаҳрамон Асланов тайёрлади