Энди бокс «пуф сассиқ»ми?: Янги раҳбариятга «Uzbek Tigers» малол келмоқда
Feb. 16, 2018, 7:49 p.m. 15070

Бокс бўйича Бутунжаҳон бокс сериясида (WSB) Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келаётган «Uzbek Tigers» жамоаси фаолиятини тўхтатиши мумкин.

KUN.UZ манбаси маълум қилишича, янги тузилган Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида 15 февраль куни ўтказилган йиғилишда жамоанинг халқаро мусобақалардаги иштироки фойда келтирмаётган ҳолда ортиқча харажат бўлаётгани айтилиб, унинг фаолияти қайта кўриб чиқилиши бўйича таклиф берилган. 

Ўзбекистон спортига келган янги раҳбарият бу мусобақанинг келажагига шубҳа билан қараган ва жамоанинг фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, «Uzbek Tigers» бу мавсумда «Америка» гуруҳида Куба, Колумбия ва Венесуэла жамоалари боксчиларига қарши жанг ўтказишлари лозим эди. 9 февраль куни Кубада бўлиб ўтган биринчи баҳсда иккинчи таркиб билан қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси «Cuba Domadores»га 0:5 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда бокс Ўзбекистонда жуда оммалашди ва футболдан кейин иккинчи рақамли спорт турига айланганди. 2016 йилда Рио-де-Жанейрода қўлга киритилган натижалардан кейин (жамоа 3та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза билан биринчи ўринни эгаллаганди) эса бу спорт турининг обрўси ҳаттоки футболга ҳам соя солаётгани эътироф этилди. Сўнгги йилларда бу спорт турида қўлга киритилган натижалар бокснинг Ўзбекистонда биринчи рақамли спорт турига айланаётганини исботлагандек эди.

2017 йилда энди ўзбекистонлик бокчилар 3та йирик мусобақа — WSB, Осиё Чемпионати ҳамда Жаҳон Чемпионатида иштирок этди.

Uzbek Tigers жамоаси WSB турнирида бундан аввал икки мавсум иштирок этган, жамоа илк уринишадаёқ ярим финалга қадар етиб бориб, кубаликлардан енгилганди. Кейинги мавсумда эса Куба вакиллари чорак финалдаёқ дуч келди. Куба Самарқандда 3:2 ҳисобида таслим қилинди. Сафар жанглари эса омадсиз кечди - 0:5.

Кейинроқ Тошкент мезбонлик қилган Осиё Чемпионатида ўзбекистонлик боксчилар ҳеч кимга имконият қолдирмади. 10та вазн тоифасидан 9та олтин медални қўлга киритиш тарихда ҳеч кимга насиб қилмаганди. Ўзбекистон бокс термаси бу борада рекорд ўрнатди.

Ниҳоят Германиянинг Ҳамбург шаҳридаги жаҳон чемпионати. Дунёнинг энг кучли боксчилари келган турнирда Ўзбекистон яна бир марта ўзини кўрсатди. Делегация бу турнирда Кубадан кейин иккинчи бўлди (1та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза). Қитъадаги энг асосий рақиб Қозоғистон ортда қолдирилди.

Бу натижалардан кейин Ўзбекистон бокс федерацияси Осиёда тенгсиз деб тан олинди. Осиё Чемпионатида ҳам, Жаҳон Чемпионатида ҳам олтин медални қўлга киритган Шаҳрам Ғиёсов эса йил боксчиси бўлди.