Эксклюзив интервью: Темур Кападзе кейинчалик ҳам терма жамоада ишини давом эттиради (видео)
Feb. 15, 2018, 8:02 p.m. 7797

Темур Кападзе Ўзбекистон терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди. «Локомотив» мураббийлар штабида ишлаб келаётган мутахассис KUN.UZ мухбирига янги лавозимдаги илк интервьюсини берди.

— Тўғриси бу ўзим учун ҳам кутилмаган янгилик бўлди. Бугун ЎФАга чақиришиб, менга мана шундай масъулиятли лавозимга тайинлаш ниятида эканликларини айтишиб, таклиф беришди. Олдинда турган учта ўртоқлик учрашувда жамоани бошқариб туришимни сўрашди. Миллий терма жамоада узоқ йиллар ўйнаганим учун, уларни яхши билишимни ҳисобга олишганлигини айтишди. 

Улар хориждан мураббий келишини, кейинчалик унга ёрдамчи мураббий бўлиб қолишимни айтишди. Янги келадиган мураббийга жамоани ичидан биладиган мутахассис ёрдамчи бўлиши кераклигини айтишди.

Албатта бундан жуда хурсанд бўлдим ва қўлимдан келган барча ишни қилишимни айтдим. Мана шундай ишонч билдиришгани учун ЎФА президенти Очилбой Раматовга ва 1-вице-президент Умид Аҳмаджоновга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тўғрисини айтсам ҳозир ўзимда ҳаяжон ҳам бор. Чунки бу кутилмаган таклиф бўлди. Яқиндагина футболчилик фаолиятимни тугатиб, энди мураббийликни бошлаганимда мана шундай масъулиятли ишни бизга топширишди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай лавозимга таклиф қилишса, ўзингда қандайдир ҳаяжонларни ҳис қиларкансан. Лекин орқага йўл йўқ, худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлиши учун ҳаракат қиламиз. Ҳозир мураббийлар штабини шакллантириб олишим керак.

Менга Ўзбекистон терма жамоасини бўлажак Осиё чемпионати ва Қатарда бўладиган ЖЧ-2022 йўлида ҳозирдан тайёргарликни бошлаши ва ўртоқлик ўйинларига ҳам шу мусобақага тайёргарлик сифатида асосан ёшларга эътибор қаратишимни сўрашди. Ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Чунки бу лавозимга тайинланганимни энди эшитдим. Буёғига режа тузиб олиб иш бошлаймиз. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: Ўзбекистон терма жамоаси учун қўлимдан келганича, керак бўлса, юрагимдан барча ишни қилишга тайёрман. Чунки бу бутун бошли миллат жамоаси. Ўзбекистон футболи обрўсини кўтариш ва мухлисларни хурсанд қилиш учун боримни бериб ишлайман. Нафақат мен, балки барча масъуллар бу йўлда меҳнат қилишади деб ўйлайман. Олдимизга фақат юқори мақсадлар қўйилган. Ҳар бир мусобақада фақат энг юқори ўринларни эгаллашимиз керак. бунинг учун бор кучим билан ишлашга ҳаракат қиламан. Ўзбек футболи учун жонимни жабборга бериб меҳнат қилишга тайёрман.

— Янги лавозимга киришиш ва мураббийлар штабини шакллантириш учун маълум вақт олдингизми?
— Албатта, менга терма жамоада бирга ишлайдиган мураббийлар штабини шакллантириб олиш учун бир-икки вақт беришди. Ҳозирда бу борада ўйлашни бошладим. Ҳозирча ўзим ўйлаб қўйган бир-иккита номзодлар бор. Улар билан гаплашиб олишим керак. Чунки уларнинг бу таклифга жавоби қандай бўлишини билмайман. Мураббий сифатида тажрибам кам, чунки энди иш бошладим бу йўлда. Шу боис ёрдамчи мураббий сифатида тажрибалироқ мутахассисни танлашни кўзлаб турибди. Шундан сўнг терма жамоа учун номзод бўлган футболчилардан иборат кенгайтирилган таркибни қўлимизга оламиз ва шундан сўнг бўлажак ўйинга тайёргарлик кўрамиз.

— Бу саволни беришга эртадир, лекин барибир ҳозирдан ўйлаб кўриш керак бўлган масала. Ўзбекистон терма жамоаси ва U-23 терма жамоаси икки кун оралиғида (25 март куни U-23, 27 март куни миллий терма жамоа ўйнайди — Tribuna.Uz изоҳи) ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Буёғига истайсизми, йўқми миллий терма жамоа ўзагини шу футболчилар ташкил қилиши керак. Икки кунда бир йўла икки учрашувда иштирок этиб бўлмайди. Бунда қандай йўл тутмоқчисиз?
— Албатта бу масалани U-23 терма жамоаси мураббийлари билан биргаликда гаплашиб оламиз. Миллий терма жамоага қайси футболчи керак, ёшлар жамоасига кимлар керак. Шунга қараб кимдир миллий терма жамоада, кимдир U-23 сафида ўйнаши мумкин. Миллий терма жамоа сафида ўйнаши мумкин бўлган футболчилар кўп. Бу ортиқча муаммо бўлмайди деб ўйлайман.

Сўзим сўнгида менга мана шундай кутилмаган ва масъулиятли лавозимни ишониб топширган ЎФА президенти Очилбой Жуманиязович Раматов ва Умид Аҳмаджоновга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Уларнинг юзини ерга қаратмасликка ҳаракат қиламан ва ўзбек футболи учун қўлимдан келганча хизмат қиламан.

Интервьюнинг тўлиқ кўринишини видео талқинида томоша қилишингиз мумкин.


Азамат Муродов суҳбатлашди.