«Сантьяго Бернабеу»да титанлар жанги - «Реал» «ПСЖ»ни қабул қилади
Feb. 14, 2018, 11:45 a.m. 11500

Шубҳасиз, Чемпионлар Лигаси нимчоракфиналидаги энг қизиқарли ўйинлар - «Реал» ва «ПСЖ» қарама-қаршлигидир. 

Иккала жамоа финалда дуч келса, ҳеч ким ҳайрон қолмасди, аммо қуръа уларни 1/8 финалда юзлаштирди.

Парижликлар учун бу ўйин жуда муҳимдир. Клуб раҳбарияти бир неча йиллардан буён нуфузли мусобақа ғолиби бўлишни орзу қилмоқда. Ёзда таркиб ҳам шунга яраша кучайтирилди. Неймар ва Мбаппе трансферлари айнан Чемпионлар Лигасидаги ғалабани кўзлаб, амалга оширилди.

«Реал» - ғолиблик руҳиятига эга жамоадир. Ички чемпионатдаги муаммоларга қарамай, жамоа Чемпионлар Лигасида зафар қучиш учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб қолмоқда. Аммо, қаторасига учинчи марта мусобақада ғолиб чиқиш осон бўлмайди.

Қарама-қаршиликнинг қизиқарли фактлари:

Жамоалар ўзаро 6 марта тўқнаш келганлар, ҳар иккаласида иккитадан ғалаба бор. Агар фақат плей-оффни назарда тутсак, «ПСЖ» икки ўйин натижасига кўра, ҳар доим ғалаба қозонган.

«Реал» еврокубокларнинг ўз майдонида ўтказилган сўнгги 17та ўйинида мағлубиятга учрамаган.

«Реал» сўнгги марта Франция клубига 8 йил олдин ютқазган (Чемпионлар Лигаси нимчоракфиналида «Лион»га). 

Мадридда французлар фақат бир марта ғалаба қозонганлар («ПСЖ» Кубок эгалари кубоги 1993/94 чоракфиналида).

Мураббийларнинг фикрлари:

«ПСЖ» бош мураббийи Унаи Эмери фикрига кўра, унинг шогирдлари мадридликлардан чўчимайди ва ғалаба қозонишга тайёрлар.

«Бу ўйин ўз кучимизни намойиш қилиш учун ажойиб имконият. Нималарга қодир эканимизни кўрсатимиш шарт.
Бизга турнир рекордчиси - 11 марта ғолиб чиққан жамоа дуч келади. Биз рақибни ҳурмат қиламиз, аммо уни мағлуб этишга қодирмиз ва бунга тайёрмиз.

Мен жамоамга тўлиқ ишонаман. Бизга оғир бўлиши шубҳасиз, аммо босим уюштирган ҳолда, ўз кучимизни кўрсата оламиз.

«Реал» энг кучли таркибини туширишига ишонаман. Ўз навбатида биз ҳам. Бу ўйин ҳар иккала жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мен кучлиларга қарши ўйнаш ва уларни енгиш учун бу ерда ишлаяпман. Бундай курашлардан завқ оламан» - деди Эмери.

«Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан ҳар иккала жамоанинг имконияти тенг деб ҳисобламоқда.

«Биз ўйинга тайёрмиз. Мен Марселда туғилиб ўсганман ва «ПСЖ» биз учун ҳар доим ашаддий рақиб ҳисобланган. Ўйлайманки, бу жуда чиройли ўйин бўлади.

Роналду ва Неймар — зўр футболчилар. Бу уларнинг қарама-қаршилиги эмас, балки «Реал» - «ПСЖ» тўқнашуви бўлади. Неймарга шахсий қўриқчи тайинлаш? Бу саволни жавобсиз қолдираман.

Имкониятлар тенг. Биз мана шундай баҳсларда иштирок этиш учун ишлаяпмиз в яшаяпмиз. Мухлислар биздан чиройли ўйин кутмоқдалар» - деди Зидан.

Тахминий таркиблар:

«Реал»: Навас, Начо, Варан, Рамос, Марсело, Кроос, Каземиро, Модрич, Бэйл, Бензема, Роналду.

«ПСЖ»: Ареола, Алвес, Маркиньос, Силва, Курзава, Вератти, Селсо, Рабио, Мбаппе, Кавани, Неймар.

Чемпионлар Лигаси, 1/8 финал, дастлабки ўйин 
15 февраль
«Реал» - «ПСЖ» 
Стадион:
"Сантьяго Бернабеу"
Ўйиннинг бошланиши: 00:45
Бош ҳакам: Жанлука Рокки