«Интер» «Реал»дан кўпроқ пул ундириб олиш йўлини топди
Feb. 14, 2018, 4:39 p.m. 5003

«Интер» жамоа ҳужумчиси Мауро Икардини сақлаб қолиш ёки унинг нархини ўзи истаган кўринишда белгилаб олишни истамоқда. Бу ҳақда Football Italia нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, «Нерадзурри» шу мақсадда июнь ойидан кучга кирадиган 90 миллион евролик товон пулини бекор қилиш учун янги шартнома имзолаш ҳаракатига тушиб қолган.

Бунинг учун «Интер» Икардининг маошини кескин ошириши керак бўлади. Клуб бунинг учун футболчи йиллик маошини 4,7 миллион евродан 6,5 миллион еврога оширишга тайёрлигини билдирмоқда. Бундан ташқари шартномада футболчи ва клубнинг иштирокига боғлиқ бўлган бир неча бонуслар ҳам қўшилган.

Икарди турмуш ўртоғи ва агенти саналган Ванда эса шу билан бир қаторда товон пулининг сақланиб қолиши, аммо уни 150-200 миллион евро атрофида оширилишини истамоқда. Шунингдек уларнинг талаби 7 миллион евро йиллик маош бўлиб турибди.

Агар «Интер» товон пулини бутунлай йўқотишни истаса, Икардининг маошини 8 миллион еврога ошириши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аргентиналик футболчига «Реал» жиддий қизиқиш билдирмоқда. Жамоа унинг нархи ёзда 90 млн еврога тушишини кутиб ҳозиргача трансферни амалга оширмай турибди. «Интер» эса уни ҳеч бўлмаса имкон қадар каттароқ пул эвазига сотишни кўзлаган.