Англияда хотини пулларига футбол клубини сотиб олмоқчи бўлган мухлис қамалди
Feb. 14, 2018, 5:50 p.m. 2170

Англиянинг «Портсмут» клуби фанати ўз севимли жамоасини сотиб олиш учун, 5 млн фунтни ўмарганликда айбдор деб топилди ва 5 йилга қамалди.

«Кўклар» Премьер-Лигада иштирок этаётганида, мухлис 5 миллион фунт маблағни хотинининг банкдаги ҳисоб-рақамидан билдирмасдан олган ва уни ҳуқуқий фирмага ўтказиб берган. Бу пуллар орқали у инқирозга юз тутган жамоани харид қилишни режалаштирган.

Аммо аёл банкдаги пулларидан фоиз олмаётгани сабабли, уларнинг йўқолганини сезиб қолган ва полицияга мурожаат қилган. 

Натижада, қаллоблик тезда фош бўлган. Воқеа тафсилотларини ўрганиб чиққан суд мухлисни ва унга кўмаклашган банк менежерини 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Инқироздан чиқолмаган «Портсмут» эса Премьер-Лигани тарк этди. Айни пайтда жамоа Англия учинчи дивизионида иштирок этмоқда.