«Насаф» бугун Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокни бошлайди
Feb. 13, 2018, 11:26 a.m. 6374

Бугун, 13 февраль куни Осиё чемпионлар лигасининг 1-турида «Насаф» Эроннинг «Персеполис» жамоасига қарши майдонга тушади. 

Ўйин Теҳрон шаҳридаги «Озодий» стадионида соат 18:45да бошланади.

Кеча жамоа «Озодий»да ўйинолди машғулотини ҳам ўтказди. Унда барча футболчилар иштирок этишди. 

Ўйиндан олдинги матбуот анжуманида бош мураббий Рўзиқул Бердиев қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Биз кучли рақиб билан ўйнаймиз ва яхши ўйинимизни намойиш қилиб, муҳим бўлган ижобий натижа учун курашамиз. Олдимизда гуруҳ босқичига чиқиш вазифаси турган эди, биз плей-оффда кучли рақиб билан баҳс олиб бордик ва мақсадимизга эришдик. Энди биз гуруҳ босқичида иштирок этаяпмиз, унда кучли жамоалар йиғилган. 

Жамомизда кўплаб ёш футболчилар тўп тепишади. Уларда иштиёқ жуда кучли ва эртага бўладиган ўйин улар учун синов вазифасини ҳам ўтаб беради. Биз рақибни яхшилаб ўргандик ва футболчиларимизга керакли кўрсатмаларни бердик.

Бизни дуранг қониқтирадими? Футболчиларимиз ҳужумкор ўйинни яхши ўзлаштиришган, юқорида таъкидлаганимдек, ижобий натижа учун майдонга тушамиз.

«Насаф» ҳимоявий ўйинни ёқтирмайдиган жамоа ҳисобланади. Агар ҳужум қилмасанг, гол ҳам ура олмайсан ва керакли натижага ҳам эриша олмайсан. Албатта ҳимоя ҳам керак, аммо биз эртага 90 дақиқа ҳимояда ўйнамоқчи эмасмиз».

ОЧЛ-2018. «С» гуруҳи, 1-тур
Персеполис (Эрон) – Насаф (Ўзбекистон)

13.02.2017. Теҳрон ш. «Озодий» стадиони. 18:45
Бош ҳакам: Ким Донг Жин (Ж.Корея)
Ёрдамчи ҳакамлар: Сунг Бонкюн (Ж.Корея), Квак Суюнгсун (Ж.Корея)
Захира ҳаками: Дмитрий Машенцев (Қирғизистон)
Назоратчи: Муҳаммад Басил Алҳажжар (Сурия)
Учрашув комиссари: Сивакумар (Сингапур)