Франция футбол федерацияси вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюришади
Feb. 13, 2018, 8:50 p.m. 1240

Шу йилнинг 23 январь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Парижда Франция футбол федерацияси мутассаддилари билан учрашиб, юртимизда футболни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришганди.

Жумладан, Франция футбол федерацияси президенти маҳкамаси бошлиғи Кенни Жан Мари учрашув давомида, болалар футболи бўйича франциялик мутахассисларни Ўзбекистонга олиб келиш, юртимиз ёш футболчиларини Франция жамоаларига жалб қилиш, Суперлигада иштирок этадиган жамоаларнинг савиясини ошириш, уларнинг иш фаолиятини Европа андозалари асосида йўлга қўйиш мақсадида, клублар бош директорлари ва академиялар раҳбарларини Парижга малака ошириш ва тажриба ўрганишга юбориш масалалари муҳокама қилинганди.

Шу келишувга асосан, 14 март куни Франция футбол федерацияси вакиллари Кенни Жан Мари ва Людовик Дебрю юртимизга ташриф буюришади. Улар Суперлига клубларининг маркетинг бўйича мутахассислари иштирокидаги семинарларида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, клубларимизнинг маркетинг бўйича фаолиятини самарали йўлга қўйишга ёрдам беришади. Шунингдек, болалар футболи мураббийлари ва селекционерлар иши билан яқиндан танишиб, уларга амалий маслаҳатлар беришади.