«Реал» кетма-кет уч марта ЕЧЛни ютишга қодир экани айтилди
Feb. 12, 2018, 2:23 p.m. 10089

«Реал» ҳимоячиси Рафаэль Варан жамоасининг ЕЧЛда ютиш имкониятлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

1/8 финалда мадридликлар «ПСЖ» вакилларига қарши майдонга тушади.

«Чемпионлар лигасини кетма-кет икки марта қўлга киритиш қийин, аммо жуда ажойиб бўлганди, чунки шу кунга қадар бу ишни ҳеч бир жамоа уддалай олмаганди. Ўйлашимча, ҳалигача биз бу натижанинг қийматини тўлиқ англаб етганимиз йўқ. Балки тез орада бу жуда ажойиб ва чиндан ҳам буюк натижа бўлганини тўлиқ тушуниб етармиз.

Бу мавсумда ҳам бизда яна бир янги рекордни ўрнатиш имконияти бор ва бу катта мотивация беради. ЕЧЛда кетма-кет уч марта ғалаба қозониш бу ақлбовар қилмас ва фантастик натижа. Бизда жуда яхши жамоа бор ва бу ишни уддалай олишимиз мумкин. «Реал» учун бу турнирга нисбатан алоҳида ёндошув бор, бу биз учун жуда катта мақсад.

Бу жуда қийин бўлишини яхши биламиз, аммо бунга тайёрмиз ва етарли даражада тажрибага эгамиз», — дея Вараннинг сўзларини келтиради Marca.