«Наполи» «Лацио»ни тор-мор этиб, яна пешқадамликни қўлга олди
Feb. 11, 2018, 9:35 a.m. 2291

“Наполи” Италия А сериясининг 24-турида “Лацио” устидан ғалаба қозонди. Неаполдаги “Сан-Паоло” стадионида ўтган учрашув 4:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди.

Учрашувнинг 3-дақиқасида Стефан де Врей Рим жамоасини олдинга олиб чиқди. 1-бўлим охирида Хосе Кальехон ҳисобни тенглаштирди, 2-бўлимда эса неаполитанликлар рақиб жамоа футболчиларини ўйинни 3-марта майдон марказидан бошлашга мажбур қилдилар: бир тўпни Уоллес ўз дарвозасига йўллади, яна биттадан голларни Мариу Руй ва Дрис Мертенс ўз ҳисобларига ёзиб қўйдилар.

“Наполи” ушбу ғалаба эвазига очколари сонини 63 тага етказиб, мусобақа жадвалининг 1-ўрнига кўтарилиб олди. “Лацио” 46 очко билан 3-ўринни эгалламоқда.

Италия, А серия, 24-тур
Наполи – Лацио – 4 : 1
Голлар:
0:1, де Врей (3); 1:1, Кальехон (43); 2:1, Уоллес (54, автогол); 3:1, Руй (56); 4:1,  Мертенс (73)