Иван Нагаев легионерга айланди
Feb. 11, 2018, 9:14 p.m. 7697

Ўтган мавсумни «Бухоро» клуби таркибида ўтказган Иван Нагаев фаолиятини Қозоғистон Премьер-лигаси иштирокчиси - Чимкентнинг «Ордабаси» клубида давом эттиради. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар берилган.

Айни вақтда 29 ёшда бўлган Иван Нагаев ўтган мавсум Олий лигада 29 ўйинда майдонга тушиб, 9 гол урган.

Нагаев фаолиятини 2007 йили Қаршининг «Насаф» клубида бошлаган, кейин «Металлург», «Навбаҳор», «Бунёдкор», «Динамо», «Локомотив» ва «Бухоро» клублари сафида тўп сурган. У бу жамоалардаги иштироки давомида Олий лига ўйинларида 143 марта майдонга чиқиб, 50 голга муаллифлик қилган.

Унинг фаолиятидаги энг муваффиятли клуби «Локомотив» бўлиб, у «темирйўлчилар» сафида 2013-2016 йилларда 53 ўйинда 24 гол урганди. У бу жамоа билан 2013 ва 2014 йилларда кумуш медаль соҳиби, Ўзбекистон Кубоги эгаси (2014) бўлган.

Нагаев 2015 йили ярим мавсум Кувайтнинг «Ал Қодисия» клубига ижарага берилган ва араб жамоаси учун 6 ўйинда 2 гол урганди.

2010-2011 йилларда Нагаев Ўзбекистон ёшлар жамоаси аъзоси бўлган, 2012 йилда миллий терма жамоа сафида ўйнай бошлаган, аммо 2013 йили Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятини якунлаган.