ФИФАдан Мисрнинг ЖЧ-2018 базаси сифатида Чеченистонни танлаганини бекор қилишни талаб қилишмоқда
Feb. 10, 2018, 7:40 a.m. 4231

ФИФА Миср терма жамоасининг 2018 йилги жаҳон чемпионати вақтида Чеченистондан база сифатида фойдаланиш учун топширган заявкасини тасдиқлаган. Шундан сўнг нуфузли ташкилотга бир неча қўнғироқлар бўлган ва ҳудуд раҳбари Рамзон Қодировнинг инсон ҳуқуқларини бузаётгани ҳақидаги айбловлар ёғдирилган, деб ёзади AP News.

«ФИФАнинг Чеченистон пойтахти Грозний шаҳридан ЖЧ-2018 базаларидан бири сифатида фойдаланиши шокка туширади ва эътирозлар келтириб чиқаради. ФИФА ўз қарорини қайта кўриб чиқиб, ЖЧ-2018 чоғида Миср терма жамоасининг жойлашиши учун Грозний ўрнини бошқа базага алмаштириши керак», — деган Human Rights Watch ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё линияси бўйича директори ўринбосари Жейн Бюкенен.

Бюкенен хонимнинг айтишича, Чеченистон раҳбари Қодиров «ҳудуддан худди отамерос мулки сифатида фойдаланади ва инсон ҳуқуқларини жазоланишларсиз поймол этиб келмоқда». «ФИФАнинг бундай қарори Қодировнинг ниҳоятда зулмкор режимини қонуний деб топилишига кўмак беради. ФИФА Қодиров билан ҳисоблашаётгани бемазагарчиликдан ўзга нарса эмс», — деган у.

Футболдаги турли камситишларга қарши курашувчи «Футбол Европада ирқчиликка қарши» ташкилоти (Fare network) ҳам ФИФАнинг Чеченистонни ЖЧ-2018 базаларидан бири сифатида танлаганини хато деб ҳисоблайди.

«Айни пайтда Миср футбол федерациясининг Грозний шаҳрида жойлашуви муайян инсон ҳуқуқлари бузилишларини келтириб чиқаришига ишонишимиз учун асос йўқ. Яқин ойлар ичида ФИФА инсон ҳуқуқлари соҳасида маълум бир чораларни қўллайди ва Грознийнинг ЖЧ-2018 базаси сифатида танланиши томон айтилаётган баҳолашларни ўзгартиришга ҳаракат қилади. ФИФА камситишларнинг ҳар қандай кўринишини қоралашига шак-шубҳа бўлмаслиги керак», — дея баёнот берган ФИФА.

Миср терма жамоаси ЖЧ-2018 давомида Грознийга жойлашиши ҳақида декабрь ойининг охирларида маълум бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2018 қуръаси натижаларига кўра, Миср жаҳон чемпионати мезбони — Россия, шунингдек, Уругвай ва Саудия Арабистони билан «А» гуруҳидан ўрин олган.