Дербилар ҳафтаси. Уик-энднинг энг муҳим ўйинлари
Feb. 10, 2018, 1:37 p.m. 7637

Жорий ҳафта якуни дербиларга ва бошқа бир қатор муҳим ўйинларга бой бўлиши кутилмоқда. Шимолий Лондон, Истанбул ва Валенсия дербилари ўз номидан ташқари турнир жадвалидаги аҳамияти сабаб ҳам муҳим саналади. Tribuna.Uz ҳафтанинг энг асосий ўйинлари анонси билан таништириб ўтади.

ТОТТЕНҲЭМ - АРСЕНАЛ (10 февраль, 17:30)


Ўтган мавсумда Премьер Лига тарихида илк бор «Тоттенҳэм» «Арсенал»дан юқорироқ ўринда мавсумни якунлади. Умуман сўнгги йилларда Шимолий Лондондаги устунлик кўпроқ Почеттино жамоасига оғиб бораётгани сир эмас, ҳатто қаторасига уч йил «Арсенал» азалий рақиби устидан ғалаба қозонмай келаётганди. Фақатгина мана шу мавсумда, биринчи даврадаги ўйинда «Арсенал» 2:0 ҳисобида ютди ва ютганда ҳам, жуда чиройли ва катта устунлик билан бу ишни амалга оширди. Ҳозир эса, Венгер шогирдларида рақибига турнир жадвалида яқинлашиб олиш ва кучли тўртлик учун курашни янада юқори босимга ошириш имконияти турибди.

Ҳозирда «Тоттенҳэм» 49 очко жамғарган ва 4-ўриндаги «Челси»дан атиги бир очко ортда бормоқда. «Арсенал» эса, 45 очко билан олтинчи ўринни эгаллаб турибди. 

Ўйинга ҳар икки жамоа икки хил ҳолатда етиб келишмоқда. «Арсенал» трансфер даричасини жуда актив ўтказди ва ўз сафига Мхитарян, Обамеянг каби юлдузларни қўшиб олди, Ўзил билан янги шартнома имзолади – бу ижобий ўзгаришлар жамоа ўйинида кўтаринкилик олиб келгани шубҳасиз. Буни «Эвертон» дарвозасида ўттиз дақиқада киритилган тўрт гол ҳам исботлаб турибди. Яъни юлдузлари кетишни истаётган, қаторасига омадсиз ўйинлар гирдобида қолган кайфиятсиз жамоадан гўёки янги мавсумга кириб келаётган «Арсенал»га айланиб олишди.

«Тоттенҳэм»да хорғинлик кўзга ташланиши эҳтимоли бор. Жамоа сўнгги икки турни «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль»га қарши ўтказди. «МЮ» га қарши ўйин нисбатан осон кечгандек туюлса-да, кучли рақибга тайёргарлик ва бундай ўйинларда сўнгги дақиқаларгача диққат билан ўйнаш ҳам футболчиларни чарчатади. Бунинг устига «Ньюпорт» дард устига чипқон бўлди: уч кун олдин  «Тоттенҳэм» бу жамоа билан Англия кубогида такрорий ўйинда майдонга тушишга мажбур бўлди. Ўйинда асосий таркиб тўп сурмаган бўлса-да, Орье, Сонг, Алли, Эриксен, Ваньяма каби футболчилар майдонга тушганини таъкидлаш керак. Шунингдек, жамоани чоршанба куни Европа Чемпионлар Лигасида Туринга сафар кутиб турибди. Бундай вазиятда бутун фикр хаёлни биргина мана шу дербига қаратиш ҳам Почеттинога осон бўлмайди.

Яхши хабарлардан, Тоби Алдервейрелд уч ойдан кўп давом этган тикланиш жараёнида сўнг, юқорида тилга олинган кубок ўйинида майдонга қайтганини айтиш лозим. У ва январда «ПСЖ»дан сотиб олинган Лукас Моура ҳам бугунги ўйинда майдонга тушиши мумкин. «Арсенал» таркибида эса, Данни Уэлбекдан ташқари, Петр Чех ҳам бу ўйинни ўтказиб юбориши кутилмоқда. 

НАПОЛИ - ЛАЦИО (10 февралдан 11 февралга ўтар кечаси, 00:45)


Кучли бешликда ҳозирда чемпионлик интригаси мавжуд бўлиб турган ягона чемпионат А Серия бўлиб турибди. «Ювентус» ва «Наполи» ўртасидаги сиртқи кураш қайсидир маънода пенальтилар сериясини эслатиб юбормоқда. Кўпинча, ўз ўйинини эртароқ ўтказаётган «Ювентус» ғалаба қозониб, пешқадамга айланиб олмоқда, натижада «Наполи»да ўз ўйинини ютишдан бошқа илож қолмаяпти. Мавсум бошида каттароқ фарқ билан пешқадамлик қилган неаполликлар учун бу жуда катта босим бўлаётганини пайқаш қийин эмас. Қизиғи, «Наполи» кўрсатаётган бу натижалар билан қолган ҳар қандай лигада камида 10 очколик фарқ билан пешқадамлик қилаётган бўларди – чунки натижалар бўйича Сарри жамоаси фақат «Барселона» ва «Манчестер Сити»дан ортда боряпти холос. Лекин, нимаям қилардик, «Ювентус» бошқа лигаларда йўқ...

Кеча «Ювентус» сафарда «Фиорентина» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва 62 очко билан яна биринчи ўринга кўтарилиб олди. «Наполи» эса энди, анча кучли бўлган «Лацио» қаршилигини енгишга мажбур.

«Лацио» учинчи ўринда боряпти, пешқадамлардан анча узоқда, лекин «Рома» ва «Интер» билан Чемпионлар Лигаси йўлланмалари учун кураш олиб боради. Римликлар қаторасига 9 ўйинни мағлубиятсиз ўтказишди, аммо сўнгги турларда «Милан» ва «Женоа»га имкониятни бой берганликларини таъкидлаш лозим.

Статистикага қарасак, қизиғи, «Олимпико»да ўтган сўнгги 7 ўйинда «Лацио» ғалаба қозона олмаган ва ҳатто охирги икки ўйинда «Наполи» йирик ҳисобда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. Аммо Неаполдаги ўйинларда «Лацио» муваффақиятлироқ тўп суради: охирги тўрт ўйиннинг иккитаси ғалаба қозониб, бир дуранг қайд эта олган.   

ИСТАНБУЛ - ФЕНЕРБАҲЧЕ (11 февраль, 21:00)


2009/10 йилги мавсумда «Бурсаспор» жуда драматик тарзда мамлакат чемпионига айланганди. Бу чемпионликнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, сўнгги 32 йилда Истанбул «бўрилари» - «Галатасарой», «Бешиктош» ва «Фенербаҳче» чемпион бўла олмаган ягона мавсум бўлиб турибди.

Бундай ҳолат бу йил ҳам такрорланиши мумкин. «Истанбул» ҳам айнан шу номли шаҳар вакили бўлса-да, анъанавий учлик сафида эмас. «Истанбул» 1990 йилда ташкил топган ва асосан қўйи лигаларга тўп сурган. 2013 йилга келиб, жамоа қароргоҳи жойлашган Бошоқшеҳир райони жамоа бошқарувини ўз қўлига олади ва ўз олдига энг юқори ўринлар учун курашишни қўяди. Номи ҳам «Истанбул Бошоқшеҳир»га айланган клуб Суперлигага чиққан илк мавсумидан ўша мақсадга мувофиқ натижалар қайд этди ва кетма-кет икки йил кучли тўртликдан жой олди. Ўтган мавсумда эса, клуб иккинчи ўринни олишга муваффақ бўлди.

Жамоа таркибида ҳозирда мухлисларга таниш бўлган Гаэл Клиши, Эммануэл Адебайор, Эмре Белезўғлу, Гўкхан Инлер, Вулқон Бобожон каби футболчилар тўп сурмоқда. Бунинг устига, турк футболи юлдузи Арда Турон ҳам бу жамоа билан 2.5 йиллик ижара шартномаси асосида тўп сурадиган бўлди. 

Хуллас, мана шу клуб ҳозирда Турк Суперлигасида 43 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Меҳмонлар эса, 38 очко тўплашган ва учинчи ўринда боришмоқда. 2-ўриндаги «Галатасарой» ҳисобида 41 очко мавжуд. Демак бу ўйиндаги ғалаба мезбонларнинг чемпионлик пойгасидаги яна бир жуда муҳим одимларидан бири бўлиши мумкин. Жамоалар ўртасида кечган биринчи даврадаги ўйинда «Истанбул» сафарда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди.  

САУТҲЕМПТОН - ЛИВЕРПУЛЬ (11 февраль, 21:30)


Ламберт, Лаллана, Клайн, Лоурен, Мане, Виржийл ван Дейк...  Ҳар йили «Ливерпуль» «Саутҳемптон»нинг энг яхши ўйинчиларини қўлга киритади. Лекин барибир, бу жамоа ливерпулликлар учун энг ноқулай рақиблардан бири бўлиб қолаверади. 

Эсингизда бўлса, икки йил олдин Лига Кубогида «Ливерпуль» сафарда рақиби устидан 6:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу йирик ғалаба жамоага қимматга тушди, шундан сўнг кетма-кет 6 ўйинда «Саутҳемптон» кучли рақибига умуман мағлубиятга учрамади. Ўтган йилги Лига кубоги ярим финалини ҳам эслайсиз: ўшанда «Саутҳемптон» ҳар икки ўйинда ҳам «Ливерпуль»ни енгиб, финалга чиққанди. Ниҳоят, ушбу мавсумда Клопп жамоаси анъанага барҳам берди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

«Саутҳемптон» ҳозирда турнир жадвалининг иккинчи ярмида ва лигада қолиш учун курашаётган бўлса-да, жамоа кўрсатадиган ўйин сифати ва услуби етакчи жамоалар учнун жуда ноқулай. Жамоа кўп омадсиз ўйинларини кучсизроқ рақибларга қарши ўйинларда ўтказган. Бу стадионда на «Тоттенҳэм», на «Арсенал» ғалаба қозона олди. «МЮ» ҳатто «Олд Траффорд»да бирорта гол ура олмади. «Манчестер Сити» фақат сўнгги сонияларда ғалаба голини урганини ҳам эсласангиз керак. Хуллас, «Саутҳемптон» тўпни жуда хотиржам назорат қила оладиган ва ақлли футбол кўрсатадиган жамоалардан биридир ва «Ливерпуль»га осон бўлмайди.

ВАЛЕНСИЯ - ЛЕВАНТЕ (11 февралдан 12 февралга ўтар кечаси,00:45) 


«Валенсия» ҳозирча кучли учликда бормоқда, «Леванте» эса, 20 очко билан 17-ўринни банд этиб турибди. «Валенсия» майдонида ўтган сўнгги 3 ўйинда мезбонлар йирик ҳисобда ғалаба қозонишган ва бу ўйинларда «Леванте» бирорта ҳам гол ура олмаган. Лекин барибир, бу ўйинга эътибор берса арзийди. Сабаби, биринчидан, дерби. 
Иккинчидан, «Валенсия»нинг турнир жадвалидаги ўрни сўнгги йиллар учун жуда яхши ҳисобланса-да, айнан бугунги кунларда жамоа у қадар яхши аҳволда эмас. Жамоа қаторасига 6 ўйинда имкониятни бой берди. Тўғри, бу ўйинларнинг иккитаси кубокда «Барселона» билан, шунингдек, рақиблар «Атлетико» ва «Реал» бўлганини эътироф этиш керак, аммо масалан, биринчи даврада бу рақибларга қарши бирор ўйинда ҳам мағлубиятга учралмаганди. Хуллас, «Барселона»нинг энг яқин таъқибчиси мақомидаги жамоа ҳозир кучли тўртликдаги ўрнини ҳам бой бериш арафасида. 4-ўриндаги «Реал» билан орадаги фарқ бор йўғи 1 очко бўлса, «Вильярреал» уч очколик фарқни йўқотса, «Валенсия» бешинчи ўринга тушиб кетиши мумкин.

«Леванте» қўйи лигага тушиб кетмаслик учун курашаётган 5-6 жамоадан биридир. Айни пайтда уларга ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур, осонликча мағлуб бўлишни истамасликлари табиий. Буни жамоа ўтган турда «Реал»га қарши ўйинда намойиш қилди – икки марта ҳисобда орқада борганига қарамасдан, очко олишга муваффақ бўлди. 

Биринчи даврадаги Валенсия дербисида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилганди. 

Бошқа ўйинлар

10 февраль: СПАЛ - МИЛАН (19:00), Тулуза - ПСЖ (21:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ - Лестер (22:30), БАВАРИЯ - Шальке 04 (22:30), РЕАЛ М - Реал Сосьедад (10 февралдан 11 февралга ўтар кечаси, 00:45)
11 февраль: ИНТЕР - Болонья (19:00), Ньюкасл - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (19:15), БАРСЕЛОНА - Хетафе (20:15)
12 февралдан 13 февралга ўтар кечаси: ЧЕЛСИ- Вест Бромвич (01:00)


Қаҳрамон Асланов тайёрлади.