Карлуш Кейруш Ўзбекистонга келмаслиги мумкин
Feb. 9, 2018, 6:46 p.m. 22037

Эрон миллий терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш терма жамоа билан шартномасини узайтириши мумкин. Бу ҳақда терма жамоалар департаменти раҳбари Маҳдий Хоротий гапириб ўтган. 

Хоротийнинг айтишича, Эрон футболи раҳбарияти бош мураббий Карлуш Кейруш билан янги шартнома имзолаш учун тайёргарлик бошлаб юборган.

«Футбол федерациямиз раҳбари ва терма жамоа бош мураббийининг муносабатлари жуда яхши. Янги шартнома имзолаш учун вазият қулай, томонлар унга хайрихоҳлик билдирмоқда», - деб Хоротий сўзларини келтирмоқда Эрон футбол федерацияси сайти. 

«Биз бош мураббий билан шартномани узайтирмоқчимиз, Федерация раҳбари шу ҳақда топшириқ берди. Ҳар хил миш-мишларга қарамай, Федерация раҳбари ва миллий терма жамоа устози ўзаро ҳамкорликни узайтириш ва терма жамоани янада кучайтириш режаларига эга. Мухлисларнинг талаби ҳам шу. Бундан ташқари, ЖЧ-2018 мусобақасида ҳам муваффақиятли иштирок этмоқчимиз» - деб қўшимча қилди Хоротий.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Карлуш Кейруш Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши ҳақида хабарлар тарқалганди. Унга кўра, португалиялик мутахассис ЖЧ-2018 мусобақасидан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувини қўлга олиши лозим эди.