Ўзбек футболи тизимида қурбон бўлаётган «Динамо». Самарқандга футбол керак эмасми?
Feb. 8, 2018, 1:57 p.m. 6698

Ўзбекистонда янги футбол мавсуми олдидан барча клублар янгича кўринишдаги футбол мавсумига хуш кайфиятда тайёргарликка зўр бераётган, мухлислар эса футбол байрамини ўзгача интиқлик билан кутаётган бир пайтда, Самарқанд футболининг бугунги ҳолати минглаб самарқандлик мухлисларнинг дилини хира қилмоқда. Хусусан, вилоятнинг бош ва ягона профессионал футбол клуби «Динамо»нинг айни дамдаги ҳолати шу даражага етиб келдики, жамоа эътибор ва янги ислоҳотларга муҳтож.

БУГУНГИ ҲОЛАТ
Баҳорда старт оладиган янги футбол мавсумига мамлакатимизнинг барча клублари ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хорижда ёки юртимизда тайёргарлик ишларини пухта олиб бораётган бир вақтда «Динамо» сўнгги 10 йилликдаги энг оғир дамларни бошдан кечирмоқда.

Жамоанинг футболчилари олдида август ойидан буён қарздорлик ҳолати мавжуд эканлиги ва ҳалигача ҳисоб-китоб қилинмаётгани боис таркибни бир қатор футболчилар тарк этмоқда. Шунга қарамай, мураббийлар жамоа билан машғулотларни оғир шароитларда ўтказишда давом этишмоқда. Самарқанднинг бош клуби ўтган мавсумда Олий Лига клублари орасида йиллик бюджет сметасига кўра ҳам энг камтар клублардан бири бўлсада, нега жамоа олдида катта қарздорлик ҳолати юзага келди? Ахир, 2017 йилги футбол мавсуми олдидан халқ депутатлари вилоят кенгаши навбатдан ташқари сессиясида клубнинг йиллик сметаси вилоят ҳокими томонидан тасдиқдан ўтган бўлса, нима учун август ойидан буён ойлик-маошлар футболчиларга етиб бормаяпти?

Суюкли жамоаларига эътибор, керак бўлса клубни янгидан ислоҳ қилиш борасида самарқандлик фахрий ва жонкуяр мухлислар икки ойдан буён Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва бир қатор тегишли ташкилотларга расмий хат билан мурожаат қилишган бўлишсада, тайинли жавоб берилмаяпти. Вақт ўтиши билан эса Самарқанд футболи, хусусан «Динамо»нинг аҳволи тўшакка михланган бемор сингари тобора оғирлашмоқда. Мухлислар эса нажот кемасини қайси томондан кутишни билмай ҳалак.

БОЙ(ГА) БЕРИЛАЁТГАН ИҚТИДОРЛАР…
Энг афсусланарлиси, мана неча йилдирки «Динамо» ўз иқтидорларини айнан молиявий имкониятлари сабаб таркибида ушлаб қололмай, футболчилар моддий имконияти яхши бўлган бошқа жамоаларнинг таклифини қабул қилишга мажбур бўлишмоқда. Биргина айни ҳолатни гапирадиган бўлсак, Самарқанд футболи тарбияланувчиси бўлган Искандар Холмирзаев молиявий яхши таклиф бўлгани учун Самарқанднинг бош жамоасини тарк этиб, юртимизнинг кичик туманларидан бири, аммо молиявий бақувват саналмиш Муборакнинг «Машъал» клубига ўтди. Шунингдек, жамоа айнан шу муаммо сабабли ўз тарбияланувчиси бўлмиш бугунги етакчилари Амиржон Сафаров ва Жасур Азимовни ўз таркибида сақлай олмаяпти. Ойлик маошини ололмаётган айни навқирон ёшдаги футболчилар Суперлигага қайтарилган Фарғонанинг «Нефтчи» клуби сафига бориб қўшилишди. Хўш, самарқандлик 24-25 ёшли футболчилар Самарқандни ташлаб, нега келажагини Фарғонада кўрмоқда? Футболда Самарқанднинг Фарғонадан нимаси кам?

ТАҚСИМОТ ТАҚҚОСИ
Келинг, шу ўринда бир таққосласак: 
1960 ва 1962 йилда ташкил топган «Динамо» ва «Нефтчи» 50 йилдан ортиқ вақт давомида майдонда принципиал рақиб сифатида ҳалол курашиб келаётган бўлсада, эътибор борасида кўҳна шаҳар водий клубидан анча ортда. Майдондаку, ўтган 2017 йилги мавсумда «Динамо» «Нефтчи»ни икки учрашувда ҳам - Самарқандда 1:0, Фарғонада 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Аммо «майдон ташқарисида»ги эътиборсизлик натижасида Самарқанд футболи раҳбарияти Фарғона футболи раҳбариятига мағлуб бўлганлигини 12-ўриндаги «Динамо» эмас, 15-ўриндаги «Нефтчи» Суперлигада олиб қолингани билан исботланди, дейиш муболаға эмас. Йиллик бюджети жиҳатдан «Динамо» ўзидан бир баробар устун бўлган «Нефтчи»ни ҳалол курашда мағлуб этиб ҳам Суперлигадан жой ололмаяптими, демак, азизлар, айб футболчида эмас, «Динамо» ўзбек футболи тизими қурбони бўлаётганида.

Нега? Тушунтираман:
Сабаби, ЎФА (ЎФФ) «Динамо»ни эмас, «Нефтчи»ни Суперлигада олиб қолишида Фарғонадаги «Истиқлол» стадионининг Самарқанддаги «Динамо» стадионидан устунлигини кўра олди. Бунга қандай эришилди? Жавоб оддий - 2011 йил 19 январда қабул қилинган «2011-2013 йилларда республикада футболни ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга кўра, Самарқанд вилоят ҳокимияти ва ЎФФнинг маблағлари эвазига 2011 йилда Самарқандда умумий харажати 7 миллиард сўм маблағ эвазига «Динамо» стадиони реконструкция қилиниб, стадионда томошабин сиғими 16 мингдан 13 000га қисқартилди. Шу даражада маблағ «тежалдики», ҳозиргача ўйин пайти ўйингоҳдаги электрон таблода ҳисобни кўра олиш амри маҳол, кечқурун эса ўйин ўтказиб бўлмайди – ёритгичлар 1200 люкс талабида эмас. Аслида эса стадионда 600 миллион сўм эвазига катта экран қўйилиши, ёритгичлар эса талаб даражасига етказилиши лозим эди. Ўйингоҳ топширилишида эса «мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилиди иш тутилган. На бир назоратчи текширган, на бир футболга масъул раҳбар назорат қилган.

Айнан ўша қарорга кўра, Фарғона вилояти ҳокимияти ва ЎФФ маблағлари эвазига 2015 йилда Фарғонада 73 миллиард сўм эвазига сиғими 20 минг томошабингача кенгайтирилган янги «Истиқлол» стадиони, 21 миллиард сўм эвазига эса футбол мактаби қад ростладики, вилоят раҳбарларининг футболга қизиқиши бугунга келиб «Нефтчи» ва фарғоналик мухлисларнинг ютуғига айланиб қолди. Фарқни кўраяпсизми? 

Таққослаш учун яна бир маълумот: биргина сўнгги 2017 йилни олсак, Ўзбекистон чемпионатида Фарғона вилоятидан жами 5та клуб, Олий Лигада – «Нефтчи» ва «Қўқон-1912», Биринчи лигада эса «Цементчи», «Истиқлол» ва «Ёзёвон» клублари иштирок этган. Вилоятнинг бешта клубидаги молиявий ҳолат шу даража таъминланганки, «Нефтчи» якунда 15-ўринни олган бўлсада йил бошидаги йиғинларни Туркияда, ҳаттоки қуйи лига чемпиони «Цементчи» клуби ҳам Туркияда йиғин ташкил этган, «Истиқлол» эса яхши таркиб йиғиб Олий Лигага чиқишига бир бахя қолганди.

Бу борада Самарқанд вилояти шарафини 2017 йилда биргина «Динамо» ҳимоя қилган ва Туркия нари турсин, мавсум олдидан Тошкентда ҳам зўрға йиғин ташкил этган. Вилоятда футбол ривожига панжа ортидан қаралаётганига нима сабаб? Ахир, Самарқандда молиявий бақувват ташкилотлар айтайлик, Фарғонадан кам эмаску? Ёки минглаб мухлисларга эга клубни ҳокимият қарамоғидан олиб, замонавий шаклда бошқариш, ўз-ўзини таъминлаш йўлига ўтказиб бериш вақти етмадимикан?
 
«ҲОКИМ ФУТБОЛГА ҚИЗИҚАРМИКАН…»
Энди эътибор беринг, айнан вилоят ҳокимининг футболга қизиқиши даражаси боис мамлакатимизда энг кўп – 3,7 миллион аҳолига эга вилоятнинг ягона жамоаси «Динамо» инқирозли ҳолатда, аҳоли сони жиҳатидан Самарқанддан кейинги ўриндаги (3,6 млн.) Фарғонада эса футбол раҳбарларининг қизиқиш доираси кучлилиги боис, ҳудуд шарафини 5та клуб ҳимоя қилишда давом этмоқда. Парадокс эса шундаки, 2017 йил якунларига кўра Фарғонада «Нефтчи»нинг ҳар бир ўйинига ўртача 2423 томошабин, Самарқандда эса «Динамо»нинг ҳар ўйинига ўртача 7642 томошабин келган.

Савол туғилади, Ўзбекистоннинг барча клубларини давлат молиялаштирар экан, нега бу борада адолатли тақсимот ва назорат ҳалигача йўқ? Қачонгача катта вилоятларнинг бутун футболи, минглаб мухлисларнинг хоҳиш-истаги биргина вилоят ҳокимининг футболга қизиқиш ёки қизиқмаслиги доирасида қолаверади? Умуман, вилоят ҳокимларининг автоматик тарзда Вилоят Футбол Федерациялари президентига айланишлари футболимиз тизимидаги энг катта хато эмасми? Ҳар ҳолда қизиқса яхши, аммо қизиқмаса бутун вилоят футболи бошқарувини «миллионлар ўйини»га алоқадор бўлмаган раҳбарга топшириб қўйиш қанчалик тўғри? Ҳар ҳолда ҳокимларнинг футболдан бошқа ташвишлари шусиз ҳам етарли. Футбол мухлиси эса ҳар бир ҳудудда ҳоким ўзгарган пайт ташвишга тушади: «Ишқилиб, ҳоким футболга қизиқармикан?» деб…

«ДИНАМО» НЕГА СУПЕРЛИГАДА ҚОЛДИРИЛМАДИ?
Келинг, кези келганда мухлисларни ўйлантираётган ушбу саволга жавоб изласак. Ҳеч шубҳасизки, ЎФФнинг янги талаблари ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқиши учун хизмат қилсада, Самарқанд клубининг Суперлигадан тушириб юборилиши самарқандлик мухлисларни карахт аҳволга солиб қўйди. ЎФФнинг бир ой олдинги президенти Умид Аҳмаджонов Жиззах ва Фарғонадаги ҳолат билан танишгач, «Динамо»дан кейинги 13-14-ўринда бўлган «Сўғдиёна» ва «Нефтчи» клублари яна спорт принципларига зид равишда Суперлигага қайтарилди. Аслида бу борада ЎФФ раҳбари шахсан ўзи Самарқанддаги ҳолат билан ҳам танишиб, мамлакат футболи ривожига масъул шахс сифатида вилоят футболининг ҳолати билан қизиқиши ва айнан қайси устун жиҳатлари эвазига Жиззах ва Фарғона клублари элитага қайтарилганлигини расман эълон қилиши мақсадга мувофиқ эмасмиди? Ким Суперлигада қолиши Регламентга биноан майдондаги кураш билан эмас, кабинетда ҳал бўлиши қайси адолат мезонларига тўғри келади?

ФУТБОЛ АВВАЛО КИМ УЧУН?
Футболимиз раҳбарлари ҳар бир йиғилиш ёки анжуманларда «Футбол аввало мухлис учун» дейишдан чарчашмасада, амалда бунинг аксини кўраётгандекмиз. Жумладан, ўтган 2017 йилда Самарқанддаги «Динамо»нинг ҳар бир учрашувига стадионда йил давомида ўртача 7642 нафар томошабин ташриф буюрган. Хусусан, 2017 йилги мавсумда «Динамо» стадионида жами 114 630 томошабин «Динамо» ижросидаги уй учрашувини бевосита томоша қилган. «Динамо» жамоаси 12-ўринда бўлсада, мухлис йиғиш борасида самарқандлик ишқибозлар Ўзбекистонда доимо кучли учталикда бўлишган. Бу йил ҳам Бухоро ва Намангандаги стадиондан кейин энг кўп мухлис айнан Самарқанддаги ўйинларга ташриф буюрган.

Таққослаш учун, Тошкентнинг молиявий анча бақувват саналмиш 3 клуби – «Пахтакор» (ўртача 4207 томошабин), «Локомотив» (ўртача 1400 томошабин), «Бунёдкор» (ўртача 867 томошабин) ва «Обод» (ўртача 672 томошабин) жамоаларининг 1 йиллик умумий томошабинлари сони – 107 190 томошабин эканлигини инобатга олсак, бу биргина «Динамо»нинг йиллик 114 630 кўрсаткичидан кам. Рақамлар алдамайди, жаноблар. Пойтахтда 1000 мухлисни стадионга қайтарамиз деймиз-у, аслида шошилинч қарорлар билан вилоятларда минглаб мухлисларни катта футболдан айираяпмиз.

«ФУТБОЛГА ЭНДИ ЎЗИМ ҚАРАЙМАН»
Самарқанд футболидаги қоронғу зимистонликни шамдек ёруғликда умид учқунлари ҳадя этаётган воқелик бу, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Осиё Чемпионатидан чемпионлик билан қайтган ёшлар терма жамоамиз ҳақида илиқ фикрлар билдириб, «Футбол коррупциясиз, адолат билан қандай натижага эришиш мумкинлигини кўрсатди, энди футболга ўзим қарайман», дея таъкидлаганлари бўлди.

Қолаверса, ЎФА янги раҳбари Очилбой Раматовнинг футболни фақат пойтахтда эмас, мамлакат бўйлаб ривожлантириш лозимлиги ҳақида қайғуриб, бу борада яқин вақт ичида ишлар бошлашини маълум қилгани қувонарли.

Самарқанд футболи, хусусан, вилоятнинг ягона клуби «Динамо»даги аҳволни ўрганиш ва ўнглаш борасида вилоят ҳокими Туробжон Жўраевдан танқидий ва таҳлилий ёндашув билан бирга, минглаб мухлисларга эга жамоага эътиборни ошириш борасида амалий ишлар кутилаяпти. Ҳар ҳолда ҳаттоки мамлакатимизнинг биринчи етакчиси футболга жиддий эътибор бераётган бир пайтда, вилоят раҳбарлари халқнинг кайфиятини белгиловчи, мамлакатни танитадиган, ёш авлодни баркамоликка бошлайдиган улкан ишга елкадош бўлишса қандай чиройли. Умидимиз, қисқа вақт ичида Туробжон Икромович раҳбарлигида вилоят иқтисодий-ижтимоий ҳаётида сезиларли ютуқларга эришилгани каби, футболда ҳам жиддий туртки кузатилади. Умуман, йил бошида клуб бюджети эълон қилингач, молиявий шаффофлик ҳам таъминланса, футболни фақат 2-3 киши эмас, жамият назорат қилиши таъминланар, коррупцияга йўл қўйилмасди.

Мавсум бошланишига бир ойдан кам вақт қолган бир пайтда вилоят футболи ривожи билан чамбарчас боғлиқ бўлган «Динамо»нинг энди Суперлига эмас, ҳаттоки Про-Лигада ҳам тақдири сўроқ остида қолаётгани инқирозли ҳолатдир. Бу йил 58 ёшни қарши оладиган «Динамо»нинг аҳволи тобора оғирлашиб бораётгани, футболчи ва мухлисларнинг ғамгин ҳолатига шунчаки жим қараб тура олмай, Самарқанд футболининг бугунги кунига кўзгу тутдим. Ойнадаги акс ҳар қанча оғир ботмасин, кўзгуни тутган камина учун ҳақиқат аччиқ бўлсада, унинг қадр-қиймати қиммат ва қадрлироқдир.

Усмон ИБОДОВ