«Булғор қалампири». Стоичков 52 ёшда
Feb. 8, 2018, 3:45 p.m. 2513

Дўстлари Христога нисбатан «тўп билан туғилган» иборасини ишлатишарди. Европа футболининг ўртамиёналаридан бўлган Болгариядан дунё миқёсидаги футбол юлдузининг чиқиши ҳақиқатдан ҳам оламшумул воқеа эди. Миллат қаҳрамони, ўз вақтида дунёнинг ва Европанинг энг зўр футболчиси, «Олтин бутса» соҳиби Христо Стоичков футбол тарихида ўзига хос из қолдирган.

У бу даражага ўзининг меҳнати ва футболга бўлган телбаларча муҳаббати билан эришди. У доимо ўз олдига катта мақсадлар қўярди ва бунга эришарди. Пловдив шаҳрида, оддий оилада туғилган Христо, маҳаллий «Мерица» клубида дарвозабон бўлган отасига эргашиб юриб, мамлакатнинг энг кучли клуби ЦСКА (София) да ўйнашни орзу қилади ва бу орзу амалга ошади. Болалик пайтиданоқ стадионга ошно тутинган Христонинг қобилияти ўн ёшидаёқ юзага чиқади ва у футбол ўйнашни бошлайди.

Унинг ЦСКАда ўйнаш истаги амалга ошди ва биринчи мавсумдаёқ мамлакат кубогини қўлга киритди. Аммо, «Левски» билан ўтган ўша кубок финали жанжал билан якунланади ва ҳатто Христонинг футболчилик фаолиятига нуқта қўйилишига сал қолганди. Жуда кўп тўхталишлар ва жанжаллар остида ўтган ўйин оқибатида бутун умрга футболдан четлаштирилган беш футболчи орасида Христо ҳам бор эди. Йил ўтиб, дисквалификацияни олиб ташлашади ва оқибатда Болгария футболи ўз тарихидаги энг ёрқин юлдузига эга бўлиш имконияти сақланиб қолинади. Кейинги уч мавсум кетма-кет чемпион бўлган ЦСКА таркибида Стоичков 80 та гол муаллифига айланди.

1988/89 Европа кубок эгалари кубоги ярим финалида Христо жамоаси билан болаликдаги севимли жамоаси «Барселона»га қарши майдонга тушди. Умумий ҳисобда испанлар ғалаба қозонишган бўлишса-да, уларнинг дарвозасига киритилган уччала тўпни ҳам Христо киритганди ва Криуффнинг назарига тушди. Яна бир йил ўтиб, «Барселона» либосини кийган қаҳрамонимиз у ерда ҳам мухлислар эркатойига айланди.

- Футбол оддий ўйин. Майдонда югуриш ва тинмай ҳаракатланиш энг муҳим жиҳатдир. Футболчи ҳар ўйинда майдоннинг ҳар бир бўлагида тўп учун курашиши шарт

Унинг футболга бўлган қараши мана шундай эди. Христо ўйинининг асосий жиҳатлари чап оёқда мукаммал ўйнаш, ажойиб зарба, жамоадошларини қулай вазиятларга чиқариш ва албатта, жарима зарбаларини моҳирона ижроси эди. У доимо майдонда меҳнат қиларди ва ўз жамоасининг етакчиси бўларди. Унинг устунлиги шунда эдики, у ўзининг ўйини билан атрофидаги футболчиларни ҳам юлдузга айлантирарди. Айниқса АҚШда ўтган ЖЧ-94 да, Болгария терма жамоаси ва етакчиси Стоичковнинг ўйинлари барчанинг ёдида қолган.

 

Саралаш баҳсларида Франция терма жамоасини доғда қолдиришган бўлишса-да, болгарларга кўпчилик ишонқирамай қарашганди. Лекин,  жамоа таркибидаги ягона юлдуз Христо Стоичковга камида Болгария аҳли ишонарди. Айниқса, немислар билан ўтган чорак финал баҳси болгар футболи тарихининг энг юқори токчаларидан жой олган. 

Ўша ўйингача болгарлар унчалик ўзларини кўрсатиша олишмаганди. Дастлабки баҳсда Нигерия терма жамоасидан мағлубиятга учралгач, кейинги ўйинда гуруҳ аутсайдери Греция терма жамоаси тиз чўктирилади (3:0). Гуруҳдаги сўнгги турда эса Марадонасиз қолган Аргентина устидан ҳам ғалаба қозонилади ва кейинги босқичга йўл олинади. Пенальтилар сериясида Мексика доғда қолдирилгач, чорак финал жаҳон чемпиони Германия билан ўтиши аниқ бўлади.

Ўйинни немислар хотиржам бошлашди ва пеналтидан киритилган гол эвазига ҳисобда олдинда боришди. Болгарлар бу мағлубиятга рози эдилар ва улар учун чорак финалнинг ўзи ҳам катта натижа эди. Лекин, доим ғалаба қозонишни одат қилган битта футболчи бунга рози бўлмайди ва шерикларини олдинга бошлайди. Иккинчи тайм ўрталарида бу ўз самарасини берди ва Лечков боши билан зарба бериб ҳисобни тенглаштирди. Ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганда эса Христонинг ўзи жарима зарбасини голга айлантирди ва Болгария терма жамоасини  тарихдаги энг баланд чўққига олиб чиқди.  Ярим финалда уларга ўзининг Бажжоси билан Италия рўпара бўлади ва финал эшиклари беркилади.

Шундай бўлса-да, ўша чемпионат Стоичков фаолиятида ёрқин из қолдирди ва у 6 тўп киритиб Саленко билан биргаликда ЖЧ тўпурари бўлди, ЖЧ рамзий жамоаси таркибидан жой олди ва йил охирида Европанинг энг яхши ўйинчиси унвони ҳақли равишда унга берилди.

Унинг Каталониядаги фаолияти ҳам ёрқин кечди ва мухлисларнинг энг ёқимтой ўйинчисига айланди. Уни фақат ўйини учун севишмасди. Афсуски, у майдонда қандай бўлса ҳаётда ҳам ўшандай қайсар эди. Унинг оғир характери жуда кўп жанжалли воқеаларга сабаб бўлганди.  У ҳеч қачон мураббийни ёки жамоадошларини танқид қилишдан қўрқмасди. Бу хусусиятлар эса телба фанатларга ёқиб тушарди.

- Нима? «Реал» дейсизми? Бу сўздан кўнглим айнияпти.

Шу тариқа тўпориларча фикр юритадиган футболчи фанатларга ёқмайди, дейсизми?

- Агар эртага бирорта Мадридга атом бомбасини ташлаб юборганда, мен албатта, ўшанинг қўлини сиқиб қўярдим.

Бу каби чиқишлар ҳар доим мухлислар томонидан қарсаклар билан қарши олинарди. Маҳаллий матбуотда эса катта жанжаллар келтириб чиқарарди.

Микаэл Лаудруп «Барселона»ни тарк этиб, «Реал»дан жой олганда каталониялик аксарият футболчилар бунга изоҳ беришни исташмаганди. Христо эса:
- Ким ўзи Лаудруп? Мен Лаудрупни танимайман. Мен сотқинлар билан гаплашмайман ва уларнинг бетига тупураман. Мен ундан нафратланаман, - деганди.

У Лаудрупнинг йўлини тутган Луиш Фигу ҳақида ҳам гапирмасдан жим тура олмаганди. «Барса» мухлислари Фигунинг бошига чўчқани ташлаб юборганлари ҳақида у:
- Агар ўзинг чўчқа бўлсанг ва сенинг бошингга чўчқани ташлашса бундан хафа бўлмаслик керак, - деб изоҳ берганди.

Унинг бу оғир характери фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. ЖЧ-98 да у терма жамоа мураббийи Иванов ва бошқа бир юлдуз Красимир Балаков билан жанжаллашиб қолади. Бунинг натижасида терма жамоа шармандали натижа қайд этади. Икки йил олдин Европа чемпионатида ўзаро дуранг ўйнаган Испания терма жамоасидан олтита тўп қабул қилиб олинади. Чемпионатдан кейин ҳам Христонинг иши юришмайди ва Криуфф билан уришиб қолади. Вақтинча «Парма»да ўйнаб келган футболчи Криуфф «Барса»дан кетгач орқага қайтади ва энди Луи ван Гаал билан жанжаллашиб қолади...

У жуда кўп совринларни қўлга киритди. Фаолиятини АҚШда якунлади. У штатларда ҳам баъзи футболчиларга ўхшаб енгил шуғулланиш ёки пул топиш учун бормади. Бундай характер унга ёд эди. АҚШ жамоаларида ҳам у доимо жамоадошларини олдинга бошлади ва бор меҳнатини ўша жамоаларга бағишлади.

Футбол оламидаги ажойиб намуналар ҳақида ёзилаётган саҳифага шу жанжалкаш футболчини ёзаётганлигимиздан ҳайрон бўлманг. Бундан ўзимиз ҳам ҳайронмиз аслида. Унинг бу қатъияти ва қайсарлиги кўп ҳолларда унинг ютуқларига ва жамоаларида етакчилик қилишига, фаолияти давомида уч юздан ортиқ тўп киритишига сабаб бўлганди. У футболчи бўлиш бўлмасликдан кўра осон бўлган Бразилияда туғилмаганди, футболда катта чўққиларга эришиш учун катта шароитларга эга бўлган Италия ёки Германиядан ҳам узоқда вояга етди. Болгариядек давлатдан мана шундай натижага эришиш ва бутун дунёни ўзига қаратиш ва оқибатда ХХ асрнинг энг кучли эллик футболчиси рўйхатидан жой олиш учун у мана шундай бўлиши керак эди. 

Унинг туғма ғолиблик хусусияти ва қатъияти ҳақида қўйидаги ҳикояни келтираман ва мақолани тугатаман.

ЖЧ-94 арафасида, турнирни ёритувчи телеканаллардан бири ТВ-шоу уюштиради. Кўрсатувга Бразилия терма жамоаси етакчиси Ромарио, италиялик юлдуз Роберто Бажжо, Голландиянинг умидли футболчиси Денис Беркамп ва Христони таклиф қилишади (қарангки, айнан шу футболчилар ўша ЖЧ қаҳрамонлари бўлишган) ва ҳар бир юлдузга терма жамоалар имкониятлари ҳақида саволлар сўралади.

Ромарио ўз терма жамоасининг кучли таркиб ҳосил қилгани ва чемпионликка асосий даъвогар эканлиги ҳақида тўлқинланиб гапиради, Беркамп ҳам бўлажак ЖЧдан кўп нарса кутаётганлигини яширмайди. Роберто Бажжо терма жамосининг имкон қадар тайёргарлик кўрганини ва рақибларниг ҳам ўта кучли эканлигини эхтиёткорлик билан эътироф этади. Шунда сўз қаҳрамонимизга берилади. Христо кутилмаганда, юлдузларни бир муддатга туришларини ва стол атрофида бир марта айланишларини илтимос қилади. Ҳайрон бўлган футболчилар эркатой шерикларининг айтганини қилишади. Шунда Христо Стоичков телеэкранга қарата:

-Кўрдингларми? Майдонда ҳам фақат менинг айтганим бўлади, - деб, барчанинг олқишига сазовор бўлганди.    
   
Қаҳрамон Асланов