Колумбия клуби йилнинг энг шов-шувли либосини тақдим қилди
Feb. 7, 2018, 6:06 p.m. 6908

Колумбиянинг «Форталеса Сипикара» клуби янги либослари ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди.

Гап шундаки, либослар анъанавий тарздаги ҳомийлик рекламаси ва клуб эмблемаси билан эмас, балки ижтимоий тармоқларга хос бўлган смайликлар ва турли эможилар билан безатилган. Жамоа 16 февраль куни «Льянерос»га қарши ўйинда шу либосларда майдонга тушишни режалаштирмоқда.

Колумбия чемпионатининг 2-дивизионида иштирок этувчи клуб раҳбарияти янги либос ҳақида ижобий фикрга эга.

«Дунёнинг энг яхши либоси! Эможилардан тайёрланган. Бу янги минг йиллик авлодига, янги фанатларга бағишланган. Аҳмоқлар ва тўполончилар учун эмас.

Биз турли ёшдаги болакайлар билан маслаҳатлашдик. Клуб мактабида 2 минг нафар бола таҳсил олади. Биз улар фахрланиши мумкин бўлган либосни тайёрладик» - деб янги либосга таъриф бермоқда раҳбарият.

Аммо, «Форталеса» жорий этган янгилик барчага бирдек ёқмаган. Масалан, инглиз матбуотида клуб раҳбариятининг бу қарори ҳазил-мутойибаларга сабаб бўлди.

Daily Mail эса уни 1995/96 мавсумдаги «Манчестер Юнайтед»нинг «кўринмас» либосига қиёслади. Бу либос футболчиларга умумуан ёқмаган, бош мураббий Алекс Фергюсон эса «Саутҳемптон»га (0:3) қарши ўйиндаги мағлубиятда айнан уни айблаган эди - «Бу либосни кийган футболчилар майдонда бир-бирини кўрмай қолди».

Колумбия клубининг инқилобий либоси аҳмоқона ва беўхшов тўпламлар билан бир қатордан жой олган, деб таъкидлайди нашр. Ҳаммасидан ҳам, дарвозабоннинг бинафшаранг либоси ошириб туширган.