Обамеянгнинг дебюти, 5 кунда 2 бор ютқазган «Челси». АПЛда ҳеч кимни зериктирмаган тур
Feb. 6, 2018, 5:55 p.m. 5286

«Трибуна» Англия чемпионатининг 26-туридаги асосий воқеаларни эслаб ўтади.

Конте истеъфо ёқасида

Англиянинг амалдаги чемпиони қаторасига икки ўйинда турнир жадвалидаги ўртамиёналарга 3та тўп фарқи билан ютқазмоқда. Ўтган ҳафтанинг чоршанба куни «Челси» «Борнмут» томонидан мағлуб этилганди (3:0), душанба куни эса «Уотфорд» Лондонда Куртуа дарвозасига 4та гол урди (1:4). Иккинчи ўйинда Конте шогирдларининг йирик мағлубиятини оқловчи сабаб ҳам бор: 30-дақиқадаёқ Бакайоко майдондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Аммо 4та гол ҳаддан ташқари кўп. «Уотфорд»нинг биринчи голи пенальтидан урилди, Дини голни мезбон жамоа мухлисларига ўрта бармоқларини кўрсатган ҳолда нишонлади. Энди у бу қилиғи учун Англия футбол ассоциацияси олдида жавоб беришига тўғри келади.

Конте эса Роман Абрамович олдида жавоб бериши керак. «Челси» ўйиннинг 82-дақиқасида ҳисобни қисқартирган, Азарнинг голи жамоани қутқариб қолаётгандек эди, аммо сўнгги дақиқаларда жамоа 3та гол ўтказиб юборди. Энди, Конте айни вақтда букмекерлик идораларида истеъфосига фаол равишда ставкалар қабул қилинаётган мураббийга айланди. Аммо у ўйиндан кейинги матбуот анжуманида бош чайқаб, ўзининг истеъфоси ҳақидаги саволга жавоб қайтарди: «Босим? Қанақа босим? Нима дегани у босим? Мен ўз жойимдаман ва ҳеч нарса ўзгаргани йўқ».

Клопп ва унинг жазоланиш хавфи

«Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» ўйини тур безаги бўлди. Айниқса, ўйиннинг финиш қисми. 15 дақиқа ичида дарвозалар олдидаги 4 сюжет. Бундай ўйинлар можаросиз кечмаслиги тайин эди. «Ливерпуль»да ўйин ҳаками Жонатан Моссга пенальтилар бўйича қатор саволлар туғилди. Ван Дейк микст-зонада жаҳлга минди: «Биринчидан, биринчи пенальти билан боғлиқ вазиятда Кейн офсайдда эди. Ламела билан боғлиқ вазиятда эса у симуляция ишлатди. Мен фолдан қочгандим. У атайлаб менга сирғалиб шўнғиганини ҳамма кўрди. Биринчи вазиятда Кейн ҳам симуляция ишлатганди».

Клопп эса матбуот анжмуни вақтида ғазабга минди: «Мен жуда ғазабнокман. Аммо мен ҳеч нарсани ўзгартира олмайман. Нимаям қила олардим. Матбуот учун сарлавҳалар топиб берайинми? Нималар ўйлаётганимни тилимга чиқарсам, футбол тарихидаги энг катта жарималарни тўлашимга тўғри келади». Клоппни жазоламанг, унинг «Ливерпуль»и мавсумни безамоқда.

Бу воқеалар фонида бир жиҳатни унутмаслик керак, бу ўйинда Кейн премьер лигадан юзинчи голини урди.

Обамеянг ва Мхитарян. «Арсенал»да ҳам «Боруссия»даги каби

Дортмундда ҳам, Лондонда ҳам Обамеянг-Мхитарян жуфтлиги жуда яхши ўйнади. Шанба куни «Эвертон»га қарши ўйинда габонлик ва арманистонлик бу футболчилар «Арсенал» сафида биргаликда майдонга чиқишди ва янгиланган жамоанинг «ирислар» устидан йирик ғалабасини таъминлаб беришди. Ўйин қаҳрамони ҳет-трикка эришган Рэмси бўлди, аммо Мхитарян ҳам 3та голга пас берди. Таққослаш учун унинг ўрнига «Манчестер Юнайтед»га кетган Алексис Санчес жорий мавсумда 17 ўйинда 3та голли пас муалли муаллифи бўлганди.

Обамеянг учун бу ўйин «Арсенал»даги дебют эди ва у биринчи ўйинданоқ гол уришни бошлаб юборди.

Бундан ташқари бошқа голларда ҳам қатнашди.

Стерлинг хато қилди - «Сити» қоқилди

Бу мавсумда «Бёрнли» ва ушбу камтар жамоа устози Шон Дайч барчанинг тилига тушмоқда. Улар бу турда «Манчестер Сити»дан очко олишди. Бунинг учун Стерлингга ҳам раҳмат айтиш керак, ҳисоб «шаҳарликлар» жамоаси фойдасига 1:0 бўлиб турганида у жуда яқин масофадан туриб бўш қолган дарвозага гол ура олмади ва рақибга дурангга эришиш учун имконият қолдирди.

«Бёрнли» бундан фойдаланди: ўйин охирида ҳимоячи Гудмундссон Эдерсон дарвозасини ишғол этди. «Шундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Кейинги сафар албатта у гол уради», деди ўйиндан кейин Пеп Гвардиола. «Сити» рақиб билан очколарни бўлииб олди, аммо 26 турдаёқ 69 очко тўплаб бўлган жамоа пешқадамликни давом эттирмоқда. Қайд этиш керакки, Манчестернинг бошқа бир жамоаси «Манчестер Юнайтед» ўтган мавсумда 38 тур давомида 69 очко жамғарганди.

Алексис ўйинда энг яхшиси. Энди «МЮ»да

«Тоттенҳэм»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин «Манчестер Юнайтед» «Ҳаддерсфилд»дан ўч олди ва дебютантни «хавфли зона»га юборди. Ўйинда Алексис Санчес янги жамоаси учун биринчи голини урди. У нафақат гол уриши билан, балки, ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлгани билан таассурот қолдирди. Чилилик футболчи ўйинни ростан ҳам аъло даражада ўтказди ва мавсумнинг ноодатий рекордини ўрнатди: «Ҳаддерсфилд» футболчилари уни тўхтатиб қолиш учун 7 марта фол ишлатишига тўғри келди. Дарвоқе, «Олд Траффорд»да мухлислар уни ажойиб кутиб олишди, ўйин давомида трибунада Санчес ўзининг севимли кучукчалари Атом ва Ҳамбер билан бирга тушган сурат баннери осиғлиқ турди.

Англия чемпионатида 26-тур ўйинлари

«Лестер» - «Суонси» - 1:1 (1:0).
Голлар: Варди, 17 (1:0). Фернандес, 53 (1:1).
«Манчестер Юнайтед» - «Ҳаддерсфилд» - 2:0 (0:0).
Голлар: Лукаку, 55 (1:0). Санчес, 68 (2:0).
«Вест Бромвич Альбион» - «Саутҳемптон» - 2:3 (1:2).
Голлар: Хегази, 4 (1:0). Лемина, 40 (1:1). Стивенс, 43 (1:2). Уорд-Проуз, 55 (1:3). Рондон, 72 (2:3).
«Арсенал» - «Эвертон» - 5:1 (4:0).
Голлар: Рэмси, 6 (1:0). Косьельни, 14 (2:0). Рэмси, 19 (3:0). Обамеянг, 37 (4:0). Калверт-Льюин, 64 (4:1). Рэмси, 74 (5:1).
«Бёрнли» – «Манчестер Сити» 1:1 (0:1)
Голлар: Гудмундссон (82) – Данило (22).
«Брайтон» – «Вест Ҳэм» - 3:1 (1:1, 2:0)
Голлар: 1:0 – 8 Мюррей, 1:1 – 30 Эрнандес, 2:1 – 59 Искьердо, 3:1 – 75 Гросс. 
«Борнмут» – «Сток Сити» - 2:1 (0:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 5 Шакири, 1:1 – 70 Кинг, 2:1 – 79 Муссе.
«Кристал Пэлас» - «Ньюкасл Юнайтед» - 1:1 (0:1).
Голлар: Диаме, 22 (0:1). Миливоевич, 55 - пенальти (1:1).
«Ливерпуль» - «Тоттенҳэм» - 2:2 (1:0).
Голлар: Салоҳ, 3 (1:0). Ваньяма, 80 (1:1). Салоҳ, 90+1 (2:1). Кейн, 90+5 - пенальти (2:2). Аниқ бажарилмаган пенальти: Кейн, 87 (дарвозабон)
«Уотфорд» - «Челси» - 4:1 (1:0).
Голлар: Дини, 42 - пенальти (1:0). Азар, 82 (1:1). Янмат, 84 (2:1). Деулофеу, 88 (3:1). Перейра, 90+1 (4:1).

Мавсум тўпурарлари

Турнир жадвали