Uzbek Tigers Кубага жўнаб кетди
Feb. 5, 2018, 11:21 a.m. 2932

10 февраль куни WSB мусобақасидаги учинчи иштирокини бошлайдиган Uzbek Tigers бокс жамоаси Кубага йўл олди. Ўзбекистон бокс федерацияси маълумот беришича, ўзбекистонлик боксчилар бугун — 5 февраль тонгида Москва орқали Кубага учишган.

Cuba Domadores жамоасига қарши жанглар учун ёшартирилган жамоага Тўлқин Қиличев ва Равшан Хўжаев бошчилик қилмоқда.

Uzbek Tigers таркиби бу мавсумда анча ёшарган. Аввалги мавсумларда, Рио Олимпиадасида, кейин эса Осиё ва жаҳон чемпионатларида ўзини кўрсатган номлар, Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Мурод Аҳмадалиев ва Рустам Тўлаганов каби спортчилар профессионал боксга ўтишган. Улар сафига Элнур Абдураимов ҳам қўшилиши кутилмоқда.

Кубага йўл олган таркиб аъзолари орасида битта Баҳодир Жалолов номи бокс мухлисларига таниш. Худойназар Файзов ва Шунқор Абдурасулов India Open’да совриндор бўлишган.

Uzbek Tigers
-52 кг: Худойназар Файзов
-60 кг: Шунқор Абдурасулов
-69 кг: Маҳмуд Ғоипов
-81 кг: Мадиёр Саидраҳимов
+91 кг: Баҳодир Жалолов

Cuba Domadores клубига қарши жанг 10 февраль куни бўлиб ўтади. Uzbek Tigers ҳозиргача мазкур жамоа билан кетма-кет икки мавсум тўқнаш келган, икки сафар ҳам умумий ҳисобда мағлуб бўлган.

Кубаликларга қарши жавоб жанглари Термизда февраль ойи охирида бўлиб ўтади. Уй учрашувларига қуйидаги таркиб танланган:

Uzbek Tigers
-49 кг: Ҳасанбой Дўстматов
-56 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-64 кг: Иқбол Холдоров
-75 кг: Исроил Мадримов
-91 кг: Санжар Турсунов

Жасур Латипов ва Бектемир Мелиқўзиев жароҳат туфайли бу жангларда қатнаша олмайди.