«Энфилд»даги драма. «Реал» энди Салоҳни оладими?
Feb. 5, 2018, 2:50 p.m. 12658

Англия чемпионатининг 26-турида «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» ўзаро дуранг ўйнади (2:2). «Трибуна» тезкорлик ва драматиклиги жиҳатидан мавсумнинг энг яхши ўйинларидан бирига айланган бу баҳс ҳақида тўхталади.

«Ливерпуль» ва Юрген Клоппнинг катта клублардаги ўйинлари – алоҳида ва романтик тарих. «Суонси» ёки «Борнмут» мерсисайдликлар жамоасининг мудофаасини чилпарчин қилиши мумкин, «Манчестер Сити» ёки «Арсенал» эса бу жамоанинг прессинги остида чилпарчин бўлади. Шу туфайли «АПЛ Робин Гуди»нинг «Тоттенҳэм»га қарши ўйини катта иштиёқ билан кутилганди. Бу ўйин ишончларни оқлади.

Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун рақобат

Бу ўйин Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун даъвогарлик қилаётган икки клуб қарама-қаршилиги сифатида ҳам аҳамиятли эди. Бу ўйиндан олдин «Ливерпуль» «Ҳаддерсфилд» майдонидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди, «Тоттенҳэм» эса «Уэмбли»да «МЮ»ни ожиз қолдирди (2:0). Бу жамоаларнинг кучли тўртлик учун рақиблари учрашув дуранг натижа билан тугашига хайрихоҳ эди, лекин охирги 3 ҳафтада 6 очко йўқотган «Ливерпуль»ни ҳам бешинчи ўринда қолаётган «Тоттенҳэм»ни ҳам дуранг ҳисоб қониқтирмасди.

«Тоттенҳэм»да кучли олтилик жамоаларига қарши ўйинлардаги статистика жуда ёмон. Шу туфайли ҳам Маурисио Почеттино жамоаси сезиларли даражада кучайган бўлсада, чемпионликка эриша олмаяпти. Ўтган мавсумларда 5, 3 ва 2-ўринлар эгалланди. Бу мавсумда ҳам биринчи ўрин бўлмаслиги кундек равшан.

«Ливерпуль» бу мавсумда ҳам барқарор ўйин кўрсата олмаяпти, бу Юрген Клоппнинг ўйин услуби оқибатлари. Жамоа катта ўйинларда катта куч сарфлаб қўяди ва толиққан футболчилар кучсиз жамоаларга енгилиб беради. «Ливерпуль» ҳам, «Тоттенҳэм» ҳам Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичини ажойиб ўтказди, умуман, инглиз жамоаларининг барча 5 жамоаси гуруҳдан чиқди, плей-оффда «Ливерпуль»га осон рақиб тушган, Клопп шогирдларидан «Порту» қаршилигини синдириш талаб этилади, «Тоттенҳэм» эса ЕЧЛда кейинги мавсумларда фаворит ҳисобланадиган «Ювентус»га қаршилик қилиши керак.

Бомбардирлар дуэли

Бу ўйин арафасида икки жамоанинг асосий ҳужумчилари Муҳаммад Салоҳ ва Ҳарри Кейнга эътибор қаратилди. Бу ўйингача Кейн ҳисобида 21та, Салоҳ ҳисобида 19та гол бор ва бу икки футболчи Англия чемпионати тўпурарлари рўйхатини бошқариб турганди. Биринчи даврада, Лондонда кечган баҳсда мезбонлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган, Кей 2та, Салоҳ битта гол урганди. Энди Салоҳ ўз жамоаси майдонида кечадиган ўйинда муносиб жавоб қайтариши керак эди ва шундай ҳам бўлди. Барча бу икки ҳужумчини солиштираётганда Клопп эътиборни чалғитмоқчи бўлди: «Англияда тўп сураётган ҳужумлардан иккисини, Кейн ва Фирминьони бир-бирига ўхшатаман. Кейн кўпроқ «тўққизлик» ҳужумчи ва «ўнлик» сифатида ҳам ўйнай олади, Фирминьо кўпроқ «ўнлик» ҳужумчи ва «тўққиз»лик вазифасини ҳам яхши бажаради».

Хатолар паради

Юрген Клопп ўйиндан олдин мавсумдаги имкониятлар тўғрисида сўзлаганди: «Чемпионлик - орзу. Айниқса, «Ливерпуль» ҳақида гапирадиган бўлсак. Модомики, бу мавсумда биринчи бўлолмас эканмиз, унда иккинчи бўлишимиз керак. Умуман, мавсумни кучли тўртликда якунлаш - яхши натижа бўлади». Мерсисайдликлар бу ўйинни учинчи ўринда бошлашди, «Тоттенҳэм» бешинчи ўринда. «Шпорлар» январни аъло даражада ўтказаётганди, бу жамоа 2018 йилда ҳали бирон марта мағлуб бўлмаганди.

Аммо биринчи бўлим бошида «Тоттенҳэм» шундай ўйнадики, бу жамоа бу йилда ҳали битта ўйинни ютганига ҳам ишониш қийин эди. Тўп фақат лондонликлар жарима майдони атрофида бўлди. «МЮ» билан ўйиндан фарқли равишда, «Тоттенҳэм» бу ўйинда 3 марказий ҳимоячи билан ҳаракатланди. Аммо Санчес ва Дэвис кутилган ўйинни намойиш қила олишмади, ёши ўтиб қолган Вертонген ҳам Дайернинг хатоларини тузата олмади.

«Манчестер Юнайтед» мухлислари бу ўйинда Салоҳнинг тезкор голидан кейин «Тоттенҳэм»дан ёзғира бошлашди. Улар «Тоттенҳэм»ни «МЮ»га қарши ўйинда бор куч билан ҳаракат қилгани ҳолда, «Ливерпуль»га қарши ўйинда қўлларни кўтарганликда айблашди. 

«Уэмбли»даги ғалабадан 4 кун ўтиб, «Энфилд»да «шпорлар» ҳимояда қўпол хатоларга йўл қўйишди. Дайер тўпни Манедан олиб қўйишда яхши ҳаракатлана олмади ва уни Салоҳнинг оёқлари остига ташлаб қўйди, бошқа марказий ҳимоячилар бу вазиятда ҳаракатсиз қолишди. Мавсумнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турган Салоҳ эса ван Гаалнинг таъбири билан айтганда «жуда арзон гол» урди - 1:0.

Лекин бу гол Салоҳнинг ўзи учун аҳамиятлидир. Биринчидан, у Англия чемпионатида 20талик довонни забт этган тўртинчи африкалик футболчига айланди, бундай натижа шу вақтгача фақат Яя Туре, Дидье Дрогба ва Адебайор томонидан қайд этилган. Иккинчидан, ушбу мисрлик футболчи «Ливерпуль»да 25 ўйиндаёқ 20 гол уришга улгурди. Ҳатто Фернандо Торрес ҳам бу қадар тезкорлик кўрсата олмаганди, у жамоада фақат 27 ўйинда 20 гол урган. Шунингдек, 20таликни Робби Фаулер 37 ўйинда, Майкл Оуэн эса 39 ўйинда босиб ўтганди. Ҳолбуки, Салоҳ тоза ҳужумчи эмас.

Почеттино «Ливерпуль»нинг «Севилья» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйинларини кузатган, албатта (Клопп шогирдлари испанларга қарши ўйинда 2 тўп фарқини бой беришганди, «Сити» билан ўйинда эса 4:0 ҳисобидаги устунлик 4:3 кўринишига келганди). Шундан келиб чиқиб, лондонликлар ван Дейк ва Ловренга тинчлик бермай, уларни асабийлаштиришга ҳаракат қила бошлашди. Меҳмонлар марказда Жан ва Хендерсон қаршилигини синдириб ҳужумга ўтишдан кўра, қанотлардан ҳужум уюштиришни афзал кўришди.

«Шпорлар» иккинчи бўлимда «Ливерпуль» дарвозасини кетма-кет нишонга ола бошлади, гол яқин эди. Ҳали олдинда ярим соат вақт бор эди.

Фантастик якун

Ҳужумлар сони кўпайгани сари Ловрен кўпроқ хато қила бошлади. Буни кўриб турган Клопп Мане ва Хендерсон ўрнига Чемберлен ва Вейналдумни майдонга ташлаб, рақибни майдон марказидаёқ тўхтатиб қолишга уринди. Аммо шу вақтда Почеттино ҳам риск қилди ва 4 ҳимоячидан иборат схемани ўзгартирди. Ишончни оқламаган ҳимоячи Санчес кетиб, ҳужумкор Ламела майдонга тушди. Меҳмонларнинг ва-банки ишончни оқлади. Қанотларда Кейн ва Сон тинмай ҳужум уюштирди, ўйин якунига 15 дақиқа қолганида Клопп ҳимояни янада кучайтириш мақсадида Милнер ўрнига яна бир марказий ҳимоячи Матипни туширди. Лекин «Ливерпуль» бу мавсумда ҳали 3 ҳимоячи билан ўйнаб кўрмаганди. Натижада, шу заҳоти гол ўтказилди. 80-дақиқада бир дақиқа олдин майдонга тушган Ваньяма рақиб жарима майдонидан чиқиб келган тўпни куч билан ортига қайтарди - 1:1. Фантастик зарба!

Бу мантиқан тўғри манзара эди. «Ливерпуль» биринчи бўлимда, кучга тўла вақтида зўр ўйнайди. «Тоттенҳэм» эса иккинчи бўлимда. Жавоб голидан кейин воқеалар ривожи тезлашиб кетди, «Ливерпуль» яна ҳимояларда хатоларга йўл қўя бошлади, марказдан кесиб узатилган пас офсайдда турган Кейнга ҳимоячи оёғидан етиб келди ва ҳужумчи рақиб дарвозабони ўз оёқларига ташланиши билан йиқилиб берди - Жонатан Мосс 11 метрли нуқтани кўрсатди. Зарбани Кейннинг ўзи амалга оширди, аммо жуда ёмон амалга оширди. Марказга куч билан тепилган тўпни ҳеч бир томонга сакрамаган ва жойида қолишни маъқул кўрган Кариус қайтариб юборди.

Яна Салоҳ! У ўзини Мессидек тутмоқда

Барчаси дурангга қараб кетаётганди, аммо Салоҳ рози бўлмади. Айни вақтда дунёнинг энг кучли ҳужумчиларидан бири бўлиб турган мисрлик футболчи рақиб жарима майдонида Мессини эслатган ҳолда 4 ҳимоячини бирин-кетин ортда қолдирди. Льорис Салоҳ қаршисида 4 ҳимоячи камлик қилишини англаб, олдинга чиқди, аммо улгурмади, тўпга биринчи бўлиб Салоҳ етиб келди ва дарвозани ишғол этди. У ўз атрофидагилар орасида ўзга сайёраликдек кўринмоқда. Клопп эса майдон четида уча бошлади. Мерсисайдликлар келгуси ёзда яна бир футболчисини Испанияга 150 миллионга сотиши мумкин.

Аммо Салоҳнинг голлари «Ливерпуль»га ғалаба келтирмади. Қўшимча дақиқаларнинг бешинчисининг охирги сонияларида Мосс ван Дейк «Ливерпуль» жарима майдонида Ламелани йиқитди деб топди. Ҳолбуки, голландиялик ҳимоячи оёқларини олиб қочишга ҳаракат қилгани яққол кўриниб турганди. Ҳозирча премьер-лигада видеоарбитрлар жорий этилмади, шу туфайли бундай пенальтилар белгиланаверади.

Кейн бу сафар хато қилмади - 2:2. Бу Кейннинг премьер-лига ўйинларида юбилей - юзинчи голи бўлди. Клопп шокка тушди, ўйиндан кейин у ҳакамлар олдиг келиб кулимсираганча ўз эътирозларини билдирди. Унинг фикрича, бу вазиятда кўр одам ҳам тўғрироқ қарор чиқарарди.

Турнир жадвалида ўзгариш бўлмади, «кучли тўртлик» учун бошқа рақиблар хурсанд бўлиши мумкин. «Ливерпуль» «МЮ»га яқинлаша олмади, «Тоттенҳэм» Челси»ни қувиб ўтолмади. Умуман олганда, ўйин қизиқарли, шиддатли, хатолар ва ҳужумларга бой кечди.

Бу ўйиндан кейин қуйидагича риторик саволлар туғилади:
«Тоттенҳэм» — чемпионлик учун юлдузлар етишмаёган жамоами ёки тажриба етишмайдими?

«Ливерпуль»нинг ҳимоясини лаънат урганми?

АПЛда қачон видеотакрорлар қўлланади?

Англияда Салоҳни ким тўхтата олади?