Ўзига «карьера тўқиган» футболчи профессионал клуб билан шартнома имзолашга муваффақ бўлди
Feb. 3, 2018, 9:34 p.m. 4628

Литванинг “Паневежис” футбол клуби ҳужумчи Баркли Мигелем Панзо билан у тақдим қилган маълумотларни текшириб кўрмай, 1 февралда шартнома тузгани маълум қилинди. Бу ҳақда Football Daily нашрининг твиттердаги саҳифасида маълум қилинди. 

Футболчи билан шартнома тузилгани ва у ҳақдаги маълумотлар клуб веб-сайтида келтирилган.

Нашрнинг маълумотларига кўра, футболчи шартнома имзоланишида Википедиядан олинган маълумотларни тақдим қилган. Матбуот баёнотда ҳужумчи 2010 йилдан 2012 йилгача “Куинз Парк Рейнжерс” ўйинчиси бўлгани ва унинг сафида 36 та ўйинда 45 та гол ургани таъкидланган. Шунингдек, футболчи Ангола терма жамоаси учун учта ўйин ўтказгани айтилган. 

Ҳақиқатда эса Панзо ҳеч қачон “КПР” футболчиси бўлмаган. Боз устига, у терма жамоа сафида ҳам ўйнамаган. У аслида Англия чемпионатининг 8-дивизионида иштирок этувчи “Уолтон” клуби сафида бор-йўғи учта ўйин ўтказган.

3 февралда “Паневежис” веб-сайтида тузатиш қилиб, ўйинчи билан унинг майдондаги хатти-ҳаракатларини кўргач шартнома тузганини маълум қилган.