Андрей Канчельскис «Манчестер Юнайтед» ва «Торино» клубларини Тошкентга олиб келмоқчи
Jan. 31, 2018, 9:14 p.m. 5552

«Манчестер Юнайтед» сафидаги ўйинлари билан дунёга танилган россиялик футболчи Андрей Канчельскис бир неча кун олдин Тошкентга ташриф буюрди.

У авиаҳалокатда ҳаётдан кўз юмган футболчиларнинг оиласига ёрдам берувчи хайрия жамғармаси аъзоси ҳисобланади.

«Бизда авиаҳалокатда ҳаёт билан видолашган футболчилар оилаларига кўмак берувчи лойиҳа бор. Унинг вакили сифатида бу ерга келдим. 
Жаҳон футболи авиаҳалокатдан жабр кўрган ўндан ортиқ клубларни хотирлаб келади. Ишимизни Тошкентдан бошлашни хоҳлаймиз. 1979 йилги фожиада «Пахтакор»нинг 17 нафар аъзоси ҳалок бўлганини биламиз. Бу борада Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан музокара ўтказдик.

Бир вақтнинг ўзида «Манчестер Юнайтед» ва «Торино» клублари билан суҳбатга киришганмиз. Футбол учрашувлари ташкил этишни режалаштиряпмиз. Ўйиндан келиб тушган маблағ марҳумларнинг оилаларига ёрдам учун берилади. ФИФА элчиси сифатида бундай ўйинларга кўпроқ машҳур футболчиларни жалб қилишга интиламан» - деди Канчельскис.