Қонга беланган Роналду, «оловланган» «Реал» ва ундан қолишмаган «Барселона». Ла Лигада тур ўйинлари
Jan. 23, 2018, 6:25 p.m. 5761

«Трибуна» Испания чемпионатининг 20-туридаги асосий воқеаларга тўхталиб ўтади.

Суарес юзталикни урди

«Барселона»нинг уругвайлик ҳужумчиси Луис Суарес ўз фаолиятида иккинчи марта Испания чемпионатининг қаторасига етти ўйинида гол урди (бундан аввал у бундай серияни 2015/16 йилги мавсумда қайд этганди). Ла лиганинг кейинги 50 йиллик тарихида унгача бундай натижани фақат икки футболчи қайд этган: Ференц Пушкаш (1959/60 ва 1960/61) ҳамда Криштиану Роналду (2011/12 ва 2014/15). Жорий мавсумда доимий равишда гол уриш борасида энг яхши яна бир кўрсаткич яна бир уругвайлик ҳужумчи Эдинсон Каванига тегишли бўлиб турибди. У ҳам Франция чемпионатида охирги 7 ўйинда майдонни голсиз тарк этмади. Суарес «Бетис» дарвозасига иккита гол уриш орқали «Барселона» сафида Ла Лига ўйинларида урилган голлари сонини 100тага етказди. У бу борада кўк-анорранглилар тарихида бу нуқтадан ўтган бешинчи футболчи бўлди.

Суаресдан ташқари, «бодринглар» жамоасини Месси (икки марта) ва Ракитич ҳам ранжитди. Аргентиналик ва уругвайлик ҳужумчилар бу мавсумда ақл бовар қилмас самарадорлик кўрсатишмоқда – улаб биргаликда Испания чемпионатида тўпурарлар рўйхатини бошқаришмоқда, икки футболчи жами 34 гол урган (15та Луисда, 19та Леода). Испанияда фақат 3 жамоа ушбу жуфтликнинг голларидан кўпроқ гол урган – «Валенсия» (41), «Реал» (39) ва «Сельта» (35).

Роналдунинг қонли дубли

«Реал» «Сантяго Бернабеу»да «Депортиво»ни яксон этди. Начо, Бэйл, яна Бэйл, Модрич... Нимадир етишмаётганди, бундай ўйинда «Реал»нинг асосий ҳужумчиси таблода ўз номини қолдирмасдан чиқиб кетиши мумкин эмасдек эди. Охирги ҳафталарда «Реал»нинг асосий ньюсмейкерига айланган, Перес билан маоши масаласида келиша олмаётган Роналду бу ўйинда ўз талабларини оқлаши керак эди. У жорий мавсумда Испания чемпионатида жуда кам гол ураётганди. Мавсум ярмидан ўтиб унинг ҳисобида бу ўйингача атиги 4 гол мавжуд эди. Галисияликларга қарши ўйинда у дубль қайд этишга муваффақ бўлди. Иккинчи голни уриш вақтида рақиб ҳимоячисининг оёғи унинг бошига тегди, унинг қоши ёрилди ва юзи қонга беланди.

Шифокор ҳаморҳлигида майдондан чиқиб кета туриб Роналду ундан смартфонини сўради ва юзига қараб афсус билан бош чайқади. 

Черишев «Вильярреал»ни Чемпионлар лигаси зонасига қайтарди

«Вильярреал» ва «Леванте» ўртасидаги Валенсия дербисида мезбонлар футболчиси Денис Черишев 2016 йилнинг мартидан буён илк марта гол урди. Ўтган турда «Реал» дарвозасига урилган ғалаба голига ҳаммуаллифлик қилган россиялик футболчи бу сафар ўз голи билан ғалабани таъминлади (2:1). Эндиликда «сариқ субмариналар» жамоаси турнир жадвалида бешинчи ўринга жойлашди. Тўртинчи ўриндаги «Реал» билан орадаги фарқ 1 очкони ташкил қилмоқда.

«Валенсия» Канар оролларида мағлуб этилди

Турнир жадвалининг энг ўртамиёна жамоаси бўлмиш «Лас-Пальмас» ўтган йилнинг декабрида Пако Хемесни бош мураббийлик лавозимига тайинлаганди. Ушбу собиқ безори футболчи фаолиятининг охирги қисмида «Райо Вальекано»да 4 йил тўп сурган, кейин унинг ҳаётида «Гранада»даги бир йил кечди, яна бир йил эса Мексикада ўтди. Мана энди у ўз энергияси билан футболчиларни ва мухлисларни ўзига жалб эта бошлади. Ўтган турда унинг жамоаси сафарда «Жирона»га йирик ҳисобда мағлуб бўлганди, аммо бу сафар муҳим ғалабага эришилди. «Валенсия» билан Канар ороллари жамоаси бу мавсумда 3 ўйин ўтказишга улгурган, Примера стартида сафарда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлинган, Испания Кубоги доирасида «Валенсия» майдонида 0:4, уйда 1:1 ҳисоблари қайд этилганди. Чемпионат доирасида иккинчи учрашув эса ғалаба билан тугади. Бу Хемес жамоага келганидан кейинги илк ғалаба бўлди. Ўйин ўта асабий руҳда кечди ва «кўршапалаклар» жамоаси ўйинни 9 киши бўлиб якунлади, ҳакам Габриел ва Везуга ўйинни тўлиқ ўтказишга рухсат бермади. Бу валенсияликлар жамоасининг чемпионат доирасида охирги 7 учрашувдаги тўртинчи мағлубияти бўлди. Лекин жамоа ҳамон учинчи ўринда кетмоқда, шу билан бирга «Барселона» билан орадаги фарқ 14тага етган.

«Севилья» Ла Лигада 1000-ғалабага эришди

Сафарда «Эспаньол»ни 3:0 ҳисобидаги мағлубиятга учратган севильяликлар Ла Лига тарихидаги юбилей - 1000-ғалабасини нишонлашди. «Севилья» энди бу натижага эришган Испаниянинг олтинчи жамоасидир. Бу рўйхатда «Реал» (1657), «Барселона» (1598), «Атлетико» (1253), «Атлетик» (1215) ва «Валенсия» (1199) жамоалари бор. Бу ғалаба жамоанинг янги бош мураббийи Винченцо Монтелла бошқарувидаги илк ғалаба ҳам бўлди. Айни вақтда севильяликлар турнир жадвалида 32 очко билан олтинчи ўринда жойлашган.

20-тур ўйинлари
«Хетафе» – «Атлетик» – 2:2 (1:1).
Голлар: Иньяки Уильямс, 13 (0:1). Хорхе Молина, 21 – пенальти (1:1). Рауль Гарсия, 48 – пенальти (1:2). Анхель, 74 (2:2).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Хорхе Молина (Хетафе), 51 (дарвозабон).
«Эспаньол» – «Севилья» – 0:3 (0:2).
Голлар: Васкес, 15 (0:1). Сарабия, 34 (0:2). Муриэль, 90 (0:3).
«Атлетико» – «Жирона» – 1:1 (1:0).
Голлар: Гризманн, 34 (1:0). Порту, 73 (1:1).
«Вильярреал» – «Леванте» – 2:1 (1:0).
Голлар: Тригерос, 26 – пенальти (1:0). Черишев, 50 (2:0). Рохер, 90+4 – пенальти (2:1).
«Лас-Пальмас» – «Валенсия» – 2:1 (1:1).
Голлар: Мина, 5 (0:1). Вьера, 20 (1:1). Кальери, 53 – пенальти (2:1).
Четлатишлар: Габриэл Паулиста (Валенсия), 52. Везу (Валенсия), 87.
«Алавес» – «Леганес» – 2:2 (0:0).
Голлар: Эл-Ҳаддодий, 46 (1:0). Педраса, 52 (2:0). Габриэл, 75 – пенальти (2:1). Сальдуа, 90 (2:2).
Четлатиш: Эли (Алавес), 87.
«Реал» – «Депортиво» – 7:1 (2:1).
Голлар: Адриан, 23 (0:1). Начо, 32 (1:1). Бэйл, 42 (2:1). Бэйл, 58 (3:1). Модрич, 68 (4:1). Криштиану Роналду, 78 (5:1). Криштиану Роналду, 84 (6:1). Начо, 88 (7:1).
«Реал Сосьедад» – «Сельта» – 1:2 (1:1).
Голлар: Виллиан Жозе, 10 (1:0). Аспас, 20 – пенальти (1:1). М.Гомес, 75 (1:2).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Виллиан Жозе (Реал Сосьедад), 25 (дарвоза устуни).
«Бетис» – «Барселона» – 0:5 (0:0).
Голлар: Ракитич, 59 (0:1). Месси, 64 (0:2). Луис Суарес, 69 (0:3). Месси, 80 (0:4). Луис Суарес, 89 (0:5).
Эйбар – Малага 1:1 (0:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 16 Эн-Несири, 1:1 – 76 Кике.
Четлатиш: Кузманович (90).

Турнир тўпурарлари

Турнир жадвали